Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистондаги масжидлар сони яна биттага кўпайди. Сурхондарё вилоятининг олис Музработ туманида “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди давлат рўйхатидан ўтказилиб, ўз фаолиятини бошлади.
180 мингга яқин аҳолига эга Музработ туманида шу кунга қадар 1 дона масжид фаолият юритган ва у туман марказидан салкам 20 километр узоқликда жойлашган. Аҳолининг мурожаатлари инобатга олиниб, маҳаллий ҳокимлик томонидан масжид қурилиши учун “Янги ҳаёт” маҳалласи ҳудудидан ер ажратилди.
Ўтган икки ярим йилдан зиёд вақт давомида, халқ ҳашари йўли билан бу жойда замон талабларига жавоб берадиган, намозхонлар учун қулай шароитларга эга, 1500 кишилик сиғимли жоме масжид бунёд этилди. Масжидга кўплаб қориларнинг, хусусан, Сурхондарё ва Қашқадарё воҳасидаги минглаб толиби илмларнинг устози бўлган воҳалик олим, марҳум Дўстмуҳаммад охун домланинг номи қўйилди.
Шу билан Ўзбекистондаги масжидлар сони 2068 тага, Сурхондарё вилоятида эса 113 тага етди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 июнь, душанба кунидан бошлаб, “яшил” ҳудудларда масжидлар ўз фаолиятини карантин талабларига амал қилган ҳолда бошлайди. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги тақдим этган рўйхатга кўра, Музработ тумани ҳам “ЯШИЛ” ҳудуд тоифасига киради.
Демак, 8 июндан бошлаб “Дўстмуҳаммад бобо” масжидида ҳам санитар талаблар асосида илк намозлар адо этилади.
Фото: ЎМИ матбуот хизмати
Manba: kun.uz