Масжидус-салом (маҳаллий) жоме масжиди

Масжидус-салом (маҳаллий) жоме масжиди

Маълумот:
Масжид имом-хатиби:
Камолов Музаффар
Масжид манзили:
Масжидга олиб борадиган транспортлар:

Автобус:
Маршрут:

 

“Масжидус-салом” масжиди тарихи

Ота-боболаримиз азал-азалдан эзгу ишлар қилишга, кўприклар, бинолар, мактаблар, масжиду мадрасалар қуришга катта аҳамият қаратиб келганлар. Бугунги кунда ҳам бундай хайрли анъаналаримизнинг узвий давомини кўришимиз мумкин. Хусусан, ҳукуматимиз томонидан барча соҳалар қатори миллий-диний қадриятларимизга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани, кўплаб муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар ва масжидлар қайта таъмирланиб, эҳтиёж бўлган жойларда янгилари бунёд этилаётгани юқоридаги фикримизнинг ёрқин исботидир.

Шундай хайрли ишларнинг бири сифатида “Салом” масжидини ҳам келтиришимиз мумкин. Бу масжиднинг эски номи унитилиб кетган бўлиб, собиқ Шўролар ҳукумати даврида ниҳоятда аянчли аҳволга ташлаб қўйилган эди. Даҳрийлик йиллари, яъни 1926 йил масжид намозхонлардан тортиб олиниб, шу йили Ш.К.М. ("Школа Коммунистической Молодёжи" яъни "Ёш Коммунистлар мактаби") деган мактабга айлантирилди. Бу муассаса 3-4 йил ишлаб турган ва ундан сўнг бир неча вақт турли мақсадларда фойдаланилган.

XX асрнинг 30-йилларида Волга бўйидаги очарчиликдан қочиб келган бир неча рус оилалари масжид биносига жойлаштирилган ва улар 1940 йил бу ерда чойхона ташкил этилгунга қадар яшаб келганлар. Бу ерда 1941 йилдан чойхона билан бирга, шиша идишлар ишлаб чиқарувчи артель ташкил қилинган. Бу артель 1946 йили тугатилиб, шу йили масжид биноси Тошкент Маданият ва Оқартув техникуми ихтиёрига берилган. Масжид биноси 1966 йили зилзила асоратидан қаттиқ шикастланди, шундан сўнг бу ердаги ташкилот кўчиб кетди ва масжид мутлақо қаровсиз қолди.

1971 йилдан масжид давлат тарих музейи омборхонасига айлантирилди. Қарийб 20 йил мобайнида бирор маротаба жиддий таъмирланмади. Ўтган асрнинг охирларида халқимиз ўз қадр қиймати ва маданиятини кўтариш даврида, 1990 йили маҳалла аҳилларидан бўлган бир қанча отахонлар, зиёлилар ва ёшлар ташаббуси билан давлат идораларига мурожаат этилиб, қаровсиз қолган масжид биноси намозхонларга беришни талаб қилиб чиқдилар. 1990 йили ёзда ушбу масжид ховлисида маҳалланинг бўлиб ўтган мажлиси қарори билан масжидни тиклаш ва таъмирлаш тўғрисида иш режалари тузилиб, бир қанча тадбирлар белгилаб олинди. Илк бор масжидни капитал таъмирлаш ишлари маҳалла оқсоқол отахонлари фотиҳалари билан 1990 йил 5 сентябрда бошлаб юборилди. Бу ишлар барчаси ҳашар йўли билан ташкил этилди. Шу йили масжид биносини асосий деворлари қайтадан тикланди, томи янгидан беркитилди. Масжид биносининг ички безаклари ганч, ўймакор нақшлар билан безатилди, чироқ-ёритгичлар ўрнатилиб, замон талабига жавоб берадиган ҳолдаги иситгич қурилмалари билан таъминланди.

Масжидни таъмирлаш вақтида асосий хонақоҳнинг ўнг тарафидаги шифт яқинида эски ўзбек ёзуви билан битилган китоба-лавҳа чиқиб унда масжидни қурган усталар Мирзааҳмад ва Қурбонали исмлари билан сана 1239 хижрий йил битилган эди. Бу сана милодий йил ҳисобига кўра, 1824 йилга тўғри келади.

Масжиднинг асосий биносига кейинроқ айвон қурилган бўлиб, унинг қурилиш тарихи ва санаси ҳам аниқ кўрсатилган. Бу сана 1313 ҳижрий йил, яъни 1895 милодий йилдир. Ушбу айвон пештоқларига эса, нақшинкор безаклар билан бирга Қуръон оятлари ҳам битилган эди. Бу битиклар таъмирлаш вақтида сақланиб қолинмаган.

Бундан ташқари, масжиднинг баланд пештоқли дарвозахонаси ўймакорлик билан безатилган икки табақалик, мис халқалик ёғоч дарвозалар ҳам бўлган. Мана шу дарвозалардан сал нарида унча баланд бўлмаган (тахминан 8-9м) азон айтиладиган олти деразалик мезанаси ҳам бўлган.

Халқ орасида бу масжид XX аср бошларида шу ерда имомлик вазифасини адо этган Саиджалолхон домла масжидлари деб ҳам, юритилар эди. Аниқ санаси 1824 йилда маҳаллий меъморчилик усулида қурилган. Бу мезана дарвозахона билан бирга 1920 йилда бузиб олиб кетилган.

Manba: www.muslim.uz
Музаффар КАМОЛОВ,
Тошкентдаги “Салом” жоме масжиди имом-хатиби