Саид Нуриддин Хўжа жоме масжиди


Маълумот:
“Саййид Нуриддинхожа” жоме масжидининг қисқача тарихи

Самарқанд вилоятининг Пайариқ тумани Чўрош ш/х музофотидаги “Муҳаммади” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Саййид Нуриддинхожа” жомеъ масжидининг қисқача тарихи хусусида маълумот ёзадиган бўлсак, бу жомеъ масжид бевосита ва билвосита Ҳазрати “Эшони мударрис”- қутби замон мавлоно Саййид Нуриддинхожа номлари билан боғлиқдир. Бу зоти бобарокат Саййид Аҳмадхожаги Косоний - Махдуми Аъзам Даҳбедий авлодларидин бўлиб, насабда ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад(С.А.В)га етадилар. Чунончи, Саййид Нуриддинхожа ибн Саййид Насриддинхожа ибн Саййид жаноби шоҳ Охунхожа ибн Саййид шоҳ Асомиддинхожа ибн Саййид шоҳ Азизхожа ибн Саййид Аҳмадхожа ибн Саййид Муҳаммад Мусохонхожа Даҳбедий ибн Саййид Муҳаммад Исохожа Даҳбедий. Энди илм аҳлига сир эмаски, қолган аждодлар исми шарифлари мўътабар маноқибларда ва тарих китобларида келтирилган шажараларда аниқ ва равшан битилган. Шу боис бу ўринда етти ота-боболари келтирилиб шунга кифоя қилинди.
Ҳазрати Эшони мударрис мелодий ҳисобда 1861 йил Наманган вилояти Косонсой тумани ҳудудида бобокалонлари таваллуд топган мавзеъда, шариат ва тариқат раҳномаларидан бўлиб илму ирфон уфуриб турган бир зиёлик хонадонда туғилиб улғаядилар. Дастлабки таълимни ўз оталаридан оладилар, сўнгра Бухорога келиб нуфузли илм даргоҳларидан бўлган мадрасаларда таҳсили илм билан машғул бўладилар. 20 йилга мўлжалланган таҳсили илмни 18 йилда тугаллаб хатми илм бўладилар. Бу орада Бухоро амири эътиборига тушиб “Гулободий” мадрасасида бош мударрислик қиладилар. Ҳижрий 1319 йил ражаб ойининг 30-куни, мелодий 1901 йил 29-октябрида 1 йил муддатга ҳаж ибодати сафарига чиқадилар. Бу ҳақда тасдиқловчи Бухоро амирлиги тарафидан берилган ҳаж сафарига оид ҳужжатлар мавжуд бўлиб, унда Россия темир йўллари ва сув йўллари орқали борилганлиги маълум бўлиб ҳануз сақланиб қолгандир. Ҳаж ибодати сафаридан қайтишда суҳбат ва шарти одоби тариқат вожиб бўлганлиги сабаблик байъат қилиш мақсадида йўлма-йўл қатор мамлакатлардаги кўпчилик тариқат ҳодийлари бўлмиш муршидлар билан муколимада бўладилар. Лекин қаноат ҳосил қилмайдилар ва Самарқандга қайтиб келгач ўша даврнинг ягонаси Хуросон ва Мавороуннаҳрда катта нуфузга эга бўлган Ҳазрати қутбул ақтоб Муҳаммад Валихожа Ургутий билан мулоқотда бўлиб ул зотга байъат қилиб халқаларига дохил бўладилар. Бироз муддат тўхтаб шу жойда мударрислик қиладилар ҳамда ботиний илму ҳол сирри синоатларидан воқиф бўлиб нақшбандия сулукини хатм қилиб валоят топадилар. Мақоми мартабалари кундан-кун ортиб овозалари ҳар тарафга ёйилиб олиму фузалолар суҳбатларига оқиб кела бошлайдилар. Шундай қилиб олтин силсилада 31-пиру муршид бўлиб қоладилар.
Шундан сўнг пир амрини пос тутиб дастлаб ҳозирги Оқдарё тумани музофотидаги Аловчи оққўрғон деган мавзеъда қўним топиб толиби илмларга илму ирфон улашиб шариат хизматида қойим турадилар. Пирларига борган соликларни “Биз энди кексайиб қолдик, сизлар энди Эшони мударрисга хизмат қилинглар”, деб қайтариб юборар эканлар. Атрофдаги бекликлардан толиби илмлар солики беклар келиб байъат қила бошлайдилар ва уларнинг тарбияти билан машғул бўладилар. Тез орада “ихвон” пайдо бўлиб кўп сонли муриду мухлислар таклифи билан Чўрош мавзеъсига келиб мелодий 1903 йил муриду мухлислар ва хос муридларидан бўлмиш Худоёр Амин бошчилигидаги эл акобиру оқсоқоллари кўмагида масжид ва мадрасани қуриб битказадилар. Ҳазрат ота-боболаридан мерос қолган катта кутубхонани шарт-шароитлар ҳозирлаб мадрасага вақф қилиб берадилар ва бу ноёб илм хазиналаридан кўплаб толиби илмлар баҳраманд бўлиб ҳар соҳада илм ола бошлайдилар. Шу боисдан узоқ юртлардан ҳам толиби илмлар келиб илм олишган эканлар. Бунга мисол олис юртлардан келган толиби илмлар ичида ушбу даргоҳдан дастлаб хатми илм ва хатми сулук бўлиб кетганларидан Арабистоннинг Шом вилоятидан Домулла Шомий, Афғонистондан қори Муҳаммадий Ҳиротий, Нажмиддин махдум Ўзгандий бу зотлар ҳазратнинг пирлари билан биргаликда пойи пиёда от улов билан Афғонистон орқалик қилган 2-ҳаж ибодатлари сафарида мулоқотда бўлиб кашфу кароматларини кўриб баъзилари сафардан бирга қайтадилар. Баъзилари кейин таҳсили илм мақсадида келадилар: Фарғона водийсидан қори Абдураҳмон Марғилоний назмда тахаллуслари “Моний”, Абдуфаттоҳхон Махдум Намангонийлардир. Яна ушбу даргоҳда хатми илм қилган илм аҳлларидан қори Умар Сангий, қори Исҳоқ Андижоний, қори Исҳоқ Попий, Абдуллоҳ Махдум Бухорий, қозоқ улусларидан Мулла Очил, Мулла Жумадулла Ҳаким ва ҳакозо. Худди шундай илм аҳлларидан 100 лаб номларини келтириш мумкин ва ҳазратнинг ўзлари ҳам шу жойда муқим бўлиб қоладилар. Пирлари вафотларидан сўнг жонишин халифа сифатида Самарқанд губерниясида фатво бериб турадилар. Беқарор вақтларда бу зотнинг хавфсизликларини таъминлаш мақсадида генарал губернатор фармони билан қўриқчи аскарлар ҳам юборилиб турилар экан. Ҳазратнинг саъйи ҳаракатлари билан тобе бекликлар 1916-йилги қўзғолондан қайтариб қолиниб халқнинг осойишталиги сақланиб қирғин баротнинг олди олинади. Масжид ва мадраса 1924-йилга қадар ишлайди қулоқ бўлмасдан ўзлари мадрасани ёпиб молу мулкларини муриду мухлисларга , етим есирларга тақсимлаб ўзлари уй-жойларини ташлаб ҳозирги Ғаллаорол тумани музофотидаги Саврик, Чорбоғ, Маржонбулоқ каби мавзеъларда қўним топиб даҳрийлар фитналаридан Аллоҳнинг паноҳида сақланиб халқнинг тарбиятига машғул бўладилар.
Бу вилоятнинг ҳидоят боиси,
Баҳраманд шоҳу гадо бечораси.
Бекому бечораларни йўқлатиб,
Шафқату лутфу мурувват қилиб.
Нечча мазлумларни айлаб парвариш,
Уйлатиб ҳар қайсини ушбу равиш.
Марҳамат дарёсидин сероб этиб,
Бениҳоят иззу жоҳларни бериб.
Оқибат қилмас вафо фоний жаҳон,
Пасий парда бўлдилар қутби замон.
Сана эрди минг тўққуз юзу қирқ,
Вафоти қиблогоҳимдин бу тарих.
Бу ерда равзаи шоҳи мадаткор,
Муҳаммадий деган қишлоғи номдор.
Баланд бир тепалик мағриб томони,
Мармартош белгилик шайхи замони
Ётибдурлар ки гўё дурри пинҳон,
Бериб файзу футуҳ бул элга чандон.
Деб ёзадилар ҳазратнинг кенжа фарзандлари Ҳазрати орифи биллоҳ Саййид Абдулҳафизхожа тахаллуслари “Ҳафизий” бўлиб лақаблари “Эшони Тўрахон” Чўроший ҳанафий-нақшбандий нурамарқадаҳу.
Мадраса даҳрийлар хуружи вақтида бузилиб қурилиш жихозлари ҳар хил мақсадларга олиб ишлатилган. Масжид эса омборхона, ҳазратнинг уй-жойлари эса мактаб, идора сифатида фойдаланилган. Пишиқ ғиштдан қурилган Масжидгина ночор аҳволда сақланиб қолинган холос. Масжид 1956-62 йиллар оралиғида бир муддат фаолият юритган. Аллоҳга ҳамду сано ва шукурлар бўлсинким, истиқлол насими етиб у қадар обод бўлмасада баъзи арзимас ишлар қилиниб мўъмин мусулмонлар биродарларимиз келиб ибодат қилишлари учун очиб қўйилди. Энди умид шулким, Ҳақ субҳаналлоҳу таоло улуғларимиз кўнгилларига рағбат солиб зора марҳамат назарлари тушса мамлакатимиз бўйлаб ободонлаштирилаётган зиёратгоҳлар қаторида обод қилинса диёримиз бунданда обод бўлиб гуллаб яшнагай иншаоллоҳ.

Саййид Мухаммад Ризохожа ибн Саййид Абдулхафизхожа Чўроший ҳанафий-нақшбандий

Масжид имом-хатиби: Синдоров Хусниддин
Масжид манзили:
Самарқанд вилояти, Пайариқ тумани, Чўрош ш/х, Муҳаммади МФЙ
Масжидга олиб борадиган транспортлар:
Автобус:
Маршрут: