Ҳомиддин кори  жоме масжиди

 

Маълумот: “Ҳомиддин қори” жоме масжиди Наманган вилояти Наманган шаҳрида жойлашган. Жоме масжид қурилиши  XVIII асрнинг охирига тўғри келади. Тарихда  унинг барпо этилган манзили Ахси юртига олиб борувчи Ахси кўчасининг боғдор гузари маҳалла даҳасидир. Масжид қурилиши даставвал маҳалланинг бой ва саховатли кишилари томонидан хашар йўли билан бошланади. Бунда асосан Муҳаммадрозиқбойнинг моддий ёрдами билан масжид биносини охирига етказилган.

Масжид биноси битгандан сўнг унга раҳбар бўлиб маҳалланинг илмли, фозил, ҳофизи Қуръон, ахлоқ одобда комил бўлган Абдумўмин домла фаолият бошлайди. Ушбу бино бир пайтнинг ўзида масжид ҳамда Қуръон ёд эттирадиган қорихона вазифасини бажарган.

Абдумўмин домла масжидда фаолият кўрсатган даврда эл-юртга соҳиби маърифат сифатида танилади. У киши ўзларининг билим маърифатлари билан масжид аҳлига кўп зиё тарқатади. Масжид раҳбариятининг билим салоҳияти сабабидан қатор етук олимлар, аҳли Қуръонлар вужудга келади. Улардан энг сўнгилари бўлган Абдуқаҳҳор қори 2010 йилда вафот этди. У киши масжид борасида ўзларининг хотираларида шундай дер эдилар. Масжид бино бўлган даврида биноларининг чиройи ва илм-фанга, одоб-ахлоққа маскан бўлганини тарифлаб, айниқса, ҳозирги кунда аввалгидан ҳам чиройли бўлганини, мустақилликнинг шарофати сабабидан эканини фахрланиб гапирар эди.

Ана шундай зиёли, етук шогирдлардан бири бўлмиш Ҳомиддин қори исмли Қуръонга моҳир киши Абдумўмин домла вафотидан сўнг, узоқ йил имом-хатиб вазифасини давом эттиради.

Масжид биноси шўролар даврида аввал бошланғич мактаб, сўнг ёш техниклар мактаби сифатида фойдаланиб келинган.

Аллоҳни инояти ўлароқ мамлакатимиз узра буюк неъмат – муқаддас истиқлолимиз шарофатидан миллий қадриятларимиз, диний эркинликларимиз, тарихий обидаларимиз қайтадан тикланди. Ана шу нашиданинг далили сифатида бугун ҳар бир ўзбекистонлик учун Ватан, Истиқлол ва миллий-диний қадриятлар сўзлари чинданда онадай азиз, отадай улуғворлик касб этмоқда. Истиқлол – миллий, диний, маърифий қадриятларимизни қайтариб берган бебаҳо маъво дея олишга эришдик.

Яна фахр билан айтишимиз мумкинки Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади...” деган ибора мустаҳкамлаб қўйилди. Қолаверса “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши – ота-онаси жанозасида хозир бўла олмаган, беш вақт намозни яширинча адо этган, рўза  ибодатини ошкора эта олмаган, ҳаж ибодатига қодир бўла олмаган фоқароларимиз бугунги кунда истиқлол шарофати ўлароқ диний ва миллий қадриятларга эга бўлдилар.

Махсус ҳужжатга эга малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Республикамизнинг бир нечта вилоятларида ислом ўрта махсус билим юртлари ташкил этилди. Собиқ иттифоқ даврида Наманган вилоятида атиги саноқли махсус ҳужжатга эга диний кадр бўлган бўлса, ҳозирги кунда оқилона олиб борилаётган бағрикенлик ва диний қадриятларга бўлган муносабат ўлароқ бошқа ислом билим юртлари қатори Наманган шаҳридаги “Мулла Қирғиз” номидаги билим юрти вилоятимиздаги мавжуд диний ташкилотларга малакали мутахассислар етказиб бермоқда.

Ана шу малакали мутахассислар бўлмиш имом-хатиблар вилоятимиз жоме масжидларида самарали хизмат этмоқда. Хусусан биз айтиб ўтган “Ҳомиддин қори” жоме масжидида ҳам ҳозирда ана шундай имом-хатиблар фаолият олиб бормоқдалар.

“Ҳомиддин қори” жоме масжиди борасида сўз юритадиган бўлсак, истиқлолимиз баракоти билан ўз тарихий мақомини қайта тиклади. Унинг ибодатхона ва маъмурий бинолари халқ хашари билан қайта қурилиш ишлари олиб борилди.

Масжидга ажратилган умумий ер майдонини айтиб ўтадиган бўлсак, у ҳозирги кунда 2029 м2 ни ташкил қилади. Бу ер майдонида ибодат қилиш учун қилинган замонавий бинолар эса  804,09 м2 ҳажмни ташкил этади.  Хусусан намозхонларга қулай ва осон бўлиши учун масжидда айвон, намоз ўқиш учун қўшимча ва маъмурий бинолар, шинам ва шарқона услубда барпо этилган шийпонлар мавжуд. Намозхонлар талаб ва истагидан келиб чиқиб, ахборот воситаларидан тўла фойдаланиш мақсадида бир неча газета, журналлар ва диний мазмундаги адабиётлардан иборат бўлган кутубхона фаолият олиб бормоқда.

Яна шуни таъкидлаш мумкинки намозхонларга таҳорат ва бошқа тозалик эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида замонавий услубда қурилган таҳоратхона мавжуд. Бир сўз билан айтадиган бўлсак, ўз қавми ва бошқаларга диний ибодатларни адо этиши учун барча қулайликларга эга бўлган ибодатхона хизмат кўрсатмоқда дейишимиз мумкин.

АБДУЛҲАЙ ТУРСУНОВ, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг, Наманган вилоятидаги вакили

Масжид имом-хатиби: Пайзуллаев Шарифхон
Масжид манзили:
Масжидга олиб борадиган транспортлар:

Автобус:
Маршрут: