Илм – умр чироғи
Динимиз инсонларни илм олишга, маърифатли бўлишга тарғиб қилади. Пайғамбаримизга соллаллоҳу алайҳи васаллам нозил қилинган илк оятларда ҳам илм олишга, ўқишга ундаш маъноси бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам эмас, илмни мерос қилиб қолдиришган”.
Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Илм мол-дунёдан яхшироқдур Чунки илминг сени асрайди, мол-дунёни сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса, камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна кўпаяверади”.
Хакимлар: “Илм ўрганинг, чунки у фақирликда давлат, бойликда зийнатдир”, дейишган.
Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, дунёвий фанларнинг ўрнига паст назар билан қарашади. Аслида илм у диний бўлсин ёки дунёвий бўлсин барчаси Аллоҳ таолонинг мулкидир. Аллоҳ таоло бандаларига динимиз арконларини қандай фарз қилган бўлса, ҳалолдан касб қилиб, ризқ топишни ҳам ана шундай фарз қилган. Илмни ақли расо одамлар диний ва дунёвий деб ажратишмайди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Илм Чин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб эгалланглар. Зеро, илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деганлар. (Ибн Адий ва Байҳақий ривояти).
Бир ўйлаб кўрайлик олдинги даврда ёки ҳозирги даврда Хитойда дин илми, шариат илми бўлганми? Албатта йўқ! Агар бизлар фақат диний илмларни эгалламоқчи бўлсак ҳеч қайерга боришликнинг ҳам ҳожати йўқ. Барча шароитлар, илмий меърослар ўзимизда бор. Ёки саодат даврида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари илм булоғи бўла туриб, шариатлар илмининг энг олий устозлари бўла туриб сахобаларини фақат диний илм олишлари учун Хитойгача боришга тарғиб қилганларми? Юқоридаги ҳадиси шарифдаги илмдан мақсад айнан ҳалол касб-ҳунарларга доир бўлган дунёвий илмларни назарда тутганлар.
Аллоҳ таоло илмга берилган зиёли кишиларнинг мартабаларини юксак даражага кўтарилажагини баён қилиб: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур...” деган (Мужодала сураси, 11-оят)
Ушбу оятда баён қилинган ваъдалар нақадар ҳақ эканини бугунги кунда бутун дунё тан олиб турибди. Шундай экан юртимиздан етишиб чиққан қанчадан-қанча алломалар, улуғ аждодларимиз қолдирган илмий маданий меъросларига бугунги кунда биз ёшлар муносиб ворис бўлишимиз, улар ёққан илм чироғини кўз қорачиғимиздек асраб, қиёмат кунига қадар баланд кўтармоғимиз зарур.
Шу маънода, юртнинг эртаси бўлмиш ёшларнинг илм олиш касб ва ҳунар эгаси бўлишлари биринчи навбатда ўзлариниг, қолаверса ота-оналариниг ҳам орзуси. Бу орзуга етишиш учун талаба ва ўқувчилардан сабот ва матонат талаб қилинади. Илм олиш йўлида чекилган заҳмат туфайли инсондан содир бўладиган баъзи жузъий саҳв ва хатолар кечирилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам илм толибининг гуноҳларини мағфират қилишини сўрашади” деб марҳамат қилганлар.
Халқимизда бир мақол бор: “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин ёки олим бўлма одам бўл!”. Шунга кўра, илму фан ютуқларини қўлга киритиб бориш билан бирга, инсонийлик, меҳру оқибат ва ахлоқий баркамолликка ҳам интилишимиз керак бўлади.
Жалақудуқ тумани “Ёрқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби: С. Юнусов