Юртимизда яна бир масжид бунёд этилмоқда

 

Барчамизга маълумки, Наманган вилоятида жойлашган собиқ Машраб номли боғ ўрнида замонавий «Афсоналар водийси» парки қурилмоқда. 

Энг қувонарлиси, мазкур парк ичида 15 минг ўринли масжид бунёд этиляпти. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Фахриддин Давруковнинг куни кеча бўлиб ўтган матбуот анжуманида берган маълумотига таяниб, azon.uz сайти хабар берди.

Туркиялик тажрибали архитекторлар томонидан яратилган лойиҳа асосида қад ростлаётган масжидда каттагина кутубхона, анжуманлар зали ва узоқ жойдан келган меҳмонлар учун алоҳида шароитлар яратилиши назарда тутилган.

Замонавий дизайн ва миллий услуб уйғунлигида бунёд этилаётган муҳташам масжидда мўмин мусулмонлар учун барча шарт-шароитлар яратилади. Салобатли бино нафақат шаҳар кўркига кўрк, балки қадим исломий бунёдкорликнинг бугунги кундаги тамсили ҳисобланади, десак муболаға бўлмайди.

Манба: Azon.uz