Эҳсонми ёҳуд риё? 

Аллоҳга шукрлар бўлсинким, бугунки кунда юртбошимиз томонларидан барча соҳалар қаторида муқаддас динимиз йўлида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунга юртимизда ўтказилаётган қорилар мусобақаси, Бухородаги Мир-Араб олий мадрасасини очилиши, янги масжидлар барпо этилиши, мавжудларини қайта тамирлаш, ҳажга борувчилар квотасини оширилиши ва шунга ўхшаш бир қанча хайрли ишлар бунга яққол мисолдир.

Хоссатан миллий урф-одатларимиздан бўлган турли хил тўй-маросимлар ҳамда диний расм-русмларни ихчам ҳамда исрофгарчиликка йўл қўйилмасдан туриб ўтказилиш борасида ҳам бир қанча яхши таклифлар билан чиқдилар. Бу таклифлари биз дин ходимларини наҳоятда руҳлантирди. Чунки дин ходимлари томонидан барча тўй-маросимлардаги суҳбатларида албатта Аллоҳ берган неъматларни исроф қилмасдан, ўз ўрнида ишлатишлигимиз динимиз кўрсатмаси эканлиги бод-бод эслатиб келинган.

Аслида мусулмон инсон энг аввало халқни эмас Холиқни рози қилиш йўлларини қидириб, шунга яраша ҳаёт кечирмоғлиги даркор. Уни койиш, жаримага тортиш ёки бирор-бир низом, қарор асосида тўғри йўлга солиш шарт эмас. Аммо, лекин, бироқ, баъзида мусулмонман дея ишлари ўзгаларникича бўлганида мажбур бўлинар экан.

Биз яхши биламизки, динимизда мискин, фақир, етим ва ногирон бўлган бир қанча турдаги инсонларга моддий ва маънавий кўмак бериш, шунингдек, никоҳни элон қилиш, ўтганларни эслаб, руҳларини шод этиш мақсадида уларнинг номидан хайри-эҳсонлар қилишга даъват қилинади. Бироқ, бу турдаги барча ишларда исроф қилмасдан, риё ёҳуд ҳўжакўрсинликка йўл қўймасдан туриб, ёлғиз Яратганнинг розилигини исташ мақсадида бўлиши талаб қилинади.

Аччиқ бўлсада ҳақиқат. Бугунги кунда барча тўйлар ва дийний маросимларда исрофгарчилик ва хўжакўрсинликка ўтиб кетилаётганлиги барчамизга сир эмас. Тўғри ҳамма ҳам эмас, лекин аксар юртдошларимиз мен бундан қолмай, ундан ҳам зўр қилай дея асосий мақсадни эсдан чиқариб қўймоқдалар. Аллоҳ таоло мусулмон инсоннинг ҳар бир қилган савобли ишига еттидан етти юзгача ва ундан ҳам ортиқроқ ажрни беришни ваъда қилган. Бироқ бунинг бир неча шартлари бор. Шулардан:

 “Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва кўчада қолганга ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма. Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир”. Исро сураси 26-оят

Демак, биринчи навбатда эҳсон қилишда барча турдаги исрофгарчиликка йўл қўймасликдир. Ушбу шарт ҳақида бироз тўхталадиган бўлсак, юртимизнинг баъзи вилоят ва шаҳарларида шу даражада тўй-маросимлар бўлмоқдаки, унга сарфланган маблағга бемалол уй ёки квартира ҳеч бўлмаганда машина сотиб олишингиз мумкин бўлади. Бундан ҳам ачинарлиси шундаки, ундаги баъзи бир ишлар ва одатлар на динимизда ва на миллийлигимизда йўқ бўлган манфаътсиз, ўзга диндагилар ўйлаб топган бидату хурофотларнинг борлигидир. Мисол учун келин-куёвни ҳамманинг олдида “валис”га тушиши, келинни ортига қарамай дугоналарига гул отиши, тўй кечаси рестаран деворига келин-куёвнинг бир-бирини қучоқлаб ёки бошқа шаклдаги суратларини илиб қўйиши, тўйга келган меҳмонларга келин-куёвни тўйдан олдин қаерга борганликларию нима қилганликларини видио ролик қилиб кўрсатиш каби бир неча ишлар. Ўзингиз айтинг бу ёлғонми ёки бу ишлар динимизда борми? Ахир бу ишларни амалга ошириш учун ҳам моддият керак эмасми? Халқ шу ишларни қиламан деб, тинмай ишлайди, ишида кўпроқ пул топиш учун ўзгаларни алдайди, ҳаққини ейди. Мана бунинг оқибати. Баъзилар пули бўлмаса қарз оладилар, қарз олувчиларнинг баъзиси эса фоизга олади. Ана тўйдан сўнгги ғалвани кўринг. Айтадиганларимиз кўп, лекин шунинг ўзи ҳам чуқур ўйлашлигимизга етарли деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам динимиз исроф қилма, риё қилма, ҳаддингдан ошма дейдида.

Юртбошимизнинг мақсадлари ҳам шу. Битта тўйда бир киши учун 4-5 хил ёки ундан кўпроқ таом бергунча, маҳалладаги камтаъминланган, боқувчисини йўқотган инсонларнинг холидан хабар олиш, уларнинг оғирини енгил қилиш инсонийликнинг энг гўзал намунасидир дея, халқни яхшиликка чорламоқда. Баъзи бузғунчи, тинчлигимиз ва равнақимизни кўролмаётган ёки исрофдан қўрқмайдиган кимсаларнинг фикрича умуман тўй маросимларни қилмасликка даъват қилаётганлари йўқ. Фақатгина ҳаддан ошмасдан, ўртамиёна бўлсин демоқчилар холос. Бу фикрлари айни диёнатдир. Аллоҳ таоло Қуръонда:

Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма. Яна маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин. Исро сураси 29-оят.

Демак ҳар ҳар бир нарсани тавозин ила меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ёки аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушуриб қўйилмайди. Балки ўртача меъёрида адо этилади.

Яртган барчамизни ҳаётда Ўзи буюргани каби яшашимизни осон қилсин, айтганларимизга, ёзганларимизга ва ўқиганларимизга амал қилишимизни насиб қилсин.

 

“Кулол-Қўрғон” жомеъ масжиди имом хатиби Абдурахманов Яхъё