Оқибат
Бир инсонга Аллоҳ кўп иззату ҳурмат ва бойлик берди. У ўз жигарлари ва яқинларига қўлдан келганича ёрдам берарди. Айниқса, кенжа укасига кўп ёрдам қилди. Чунки ака отанинг "укаларингни ташлаб қўйма", деган пандига қулоқ солиб, укаларига ёрдам берар, қийинчиликлар эвазига кўзлаган мақсадида секин-аста эришаётганди. Аммо кенжа ука акасига ҳасад қилар, зимдан акасининг савдосига кўз олайтириб, дўкон молларини зимдан ўмарарди. Бориб-бориб уканинг сирлари очилди. Ака отасига шикоят қилди. Ота кенжа ўғлига қаттиқ танбеҳ бериб, кўп насиҳатлар қилди. Ука бу иш қайтармасликка ваъда бериб, акадан узр сўради.
Аммо оғасига нисбатан ҳасади тинчлик бермасди. Яна хиёнат йўлига ўтди. Ака-ука ўртасида низо чиқди, ўртада оқибат ўлди. Ука уялмасдан акасига:
- Мен сенга ҳасад қиламан, нима учун сен омадлисан? Нимага Аллоҳ сенга беради-ю, менга эса йўқ?! - деди юзсизларча сенсираб.
- Чунки сенда инсоф йўқ! Сабру қаноат, шукр ва оқибат йўқ. Сенинг қалбингни ҳасад кемиради. Ота-онамизнинг айтганларини қилиб, садоқат билан ишлаганингда қўлимдан келган ҳамма ёрдамни қилмоқчи эдим. Афсуски, сен хиёнат йўлини танладинг, нафсингга қул бўлиб, ўз жигарингга ёмонлик қилишдан ҳам қўрқмадинг! Сен бировнинг мусибатидан шодланма, ўзганинг омадига куйма, ҳар қандай ёмонлик ўзингга қайтиб, хорликка учрасанг, қўлдан берган бахт-омадингни ортга қайтаролмайсан, шуни унутма! - деди ака.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби