Аллоҳ учун энг маҳбуб жой ва энг ёмон кўрилган жой ҳақида
«Масжид» сўзи луғатда сажда қилиш ўрни дегани бўлиб, сажда қилинадиган жой, бир одамнинг сажда қилиш ўрни деган маънони англатади.
«Ким Аллоҳ йўлида масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда унинг мислини қуради» деган ҳадиси шарифда ҳам масжид деганда бир одам сажда қила оладиган жой тушунилади. Демак, минглаб одамлар сажда қила оладиган масжидни қурган одамнинг ажру мукофотини шундан ҳам билиб олсак бўлаверади.
Истилоҳда эса масжид деб, имом Заркаший айтганларидек, беш маҳал намозни жамоат билан ўқиш учун мўлжалланган жойга айтилади. Айни пайтда, уйидан чиқа олмайдиган одамнинг ўз уйида намоз ўқиш учун ажратган жойи ҳам масжид дейилади.
Масжидлар ер юзида Аллоҳга энг севикли бўлган жойлардир. Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда «Аллоҳ учун энг маҳбуб жойлар масжидлардир, энг ёмон кўрилган жой эса бозорлардир», дейилган.
Табиийки, бундан Аллоҳнинг энг суйган жойи масжид экани, бозор эса ёмон жой экан деган хулоса келиб чиқмайди. Бу ҳадиси шарифда бозорнинг масжидга нисбатан мартабаси назарда тутилган. Аслида бозор мўмин-мусулмон одам учун тирикчилик қиладиган, савдо-сотиқ, кундалик эҳтиёжни қоплаш учун керак бўлган жойдир. Агар мусулмон одам бозорда ҳалол савдо-сотиқ қилса, тижоратини ҳалоллик асосида, шариат талабларига мувофиқ бажарса, мусулмон одам учун бозор ҳеч қачон ёмон жой бўлмайди. Мазкур ҳадисда эса умумийлик қоидасига кўра, масжиднинг фазилати, мартабаси нақадар юксаклигини билдириш учун шундай дейилган. Бу юксак мартабанинг асосий сабаби шуки, масжидларда аввало Аллоҳнинг зикри бўлади, ибодат бўлади, намоз, қироат, ваъз-насиҳатлар бўлади. Шунинг учун масжидлар ўз-ўзидан энг яхши сифатларга эга бўлган жойдир. Худди шу умумийлик қоидасига кўра бозорларда кўпинча алдов бўлади, бировнинг ҳаққини уриш бўлади, ҳатто Аллоҳнинг номини айтиб ёлғон гапириш ҳам бўлади. Чунки бозорда яхши одамлар, ҳалол савдогарлар ҳам бўлади, лекин одатда, айниқса, бугунги кунда бозорларимизда хоҳлаймизми-йўқми бу аччиқ ҳақиқатни тан олишга мажбурмиз. Бугун бозорда тўғрилардан кўра эгрилар кўп. Бозорда савдо-сотиқ илмини ўқиб-ўрганмай туриб, билмай туриб бу соҳага аралашганлар кўп, савдонинг, тижоратнинг, иқтисодиётнинг қонун-қоидаларига риоя қилмай, тирикчиликка берилиб, бойликка алданиб, одамларнинг ҳаққини ураётганлар, жамиятга зарар етказаётганлар кўп бўлади. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳга энг маҳбуб жойлар масжидлардир, ёмон кўрилган жойлар бозорлардир», деб марҳамат қилганлар.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби