Аллоҳ таолога нисбатан мўминнинг одоблари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Одоб улуғ фазилатларга эришишга сабаб бўладиган асосий восита ҳисобланади. Шу сабабли ҳар бир замон ва маконда инсонлар маълум бир одобларга риоя қилишга муҳтож бўладилар. Ана шу эътиборидан динимизда энг оддий нарсаларга нисбатан бўладиган одобдан тортиб Аллоҳ таолога нисбатан одобгача батафсил баён қилиб қўйилган.

Мазкур одобларни ўрганиб, уларни ўзининг ажралмас сифатига айлантириб олган мўмин банда дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатли ҳаётга эришади.

Ислом таълимотларидаги ушбу одобларнинг энг улуғи — Аллоҳ таолога нисбатан одоб ҳисобланади. Уламолар Аллоҳ таолога нисбатан одобларни ўрганувчига олдин У зотни Ўзи ва Расули танитганидек таниб олиш лозимлигини уқтирадилар.

Шу маънода Аллоҳ таоло ҳақида қуйдагича эътиқод қилинади:

— Аллоҳ таоло осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зотдир;

— Аллоҳ таоло осмонлару ердаги бирор зарра ҳам Унга махфий бўлмаган, барчасини ададлари билан билиб турувчи Зотдир;

— Аллоҳ таоло Ундан олдин бирор нарса бўлмаган, барча нарсалар йўқ бўлиб кетганда ҳам доимо бор бўлиб турувчи Зотдир;

— Аллоҳ таоло бирор нарсадан ожиз қолмайдиган, барча нарсага қодир Зотдир;

— Аллоҳ таоло бандаларга ҳатто улар санаб ҳам чиқа олмайдиган даражада кўплаб неъматларни ато қилиб турувчи Зотдир;

— Аллоҳ таоло бандаларига ҳамду сано айтиб улуғлашларига ва қуллик қилишларига ҳақли бўлган ягона Зотдир.

Булардан бошқа сифатларни ҳам Қуръон ва суннатда баён қилинганидек таниб олиш керак бўлади.

Аҳмад ибн Осим Антокий раҳматуллоҳ алайҳ: «Кимки Аллоҳ таолони кўпроқ таниган бўлса, Ундан кўпроқ қўрқувчи бўлади», — деган.

Абдулқодир Абдур Раҳимнинг
«Бадъул Амолий» шарҳи китобидан

 

Муҳаммадсодиқ домла КАРИМОВ

Марҳамат тумани фаолиятидаги
«Обиджон Ботиров» жоме
масжиди имом-хатиби