Ханафийлик мазхаби ҳақида
Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)га дуруду саломлар бўлсинким, бизларни мўмин-мусулмонлар жумласидан қилиб, имон ва ихлос насиб этди ва Ўзининг энг буюк ва суюкли пайғамбарига уммат қилиб қўйди.
Яна шундай бир улуғ неъмат борки, у ҳам бўлса диёримиз мусулмонларига Имом Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) асос солган ҳанафий мазҳабида амал ва ибодат қилишликни муваффақ этди.
Бу зоти шарифнинг исмлари Нўъмон. Оталарининг исми Собит бўлиб, ҳижрий сананинг 80-йили (милодий – 699 йил) Ироқнинг Куфа шаҳрида таваллуд топганлар. 70 йил умр кўриб, 150-ҳижрий (767-милодий) йилида Куфада вафот этганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) фиқҳ илми ҳақида марҳамат этиб шундай деганлар:
"عن معاوية بن أبي سفيان رضي الله عنهما قال: سمعت النبي صلى الله عليه وسلم يقول: "من يريد الله به خيرا يفقهه في الدين" (متفق عليه
Ҳазрати Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши ушбу сўзни Расулуллоҳдан эшитганман, деб айтдилар: “Аллоҳ таоло кимга яхшиликни раво кўрса, уни фақиҳ (дин олими) қилади”. Дарҳақиқат, Имоми Аъзам раҳматиллоҳи алайҳга Аллоҳ таоло чиндан ҳам яхшиликни раво кўрди. Ул зотни дин илмида мумтоз қилди, мазҳабини бошқа мазҳаблардан кўра мукаммал ва мумтоз қилди.
Ривоят қилишларича, Имоми Аъзамнинг отаси Собитни болалик чоғида бобоси Зутий ҳазрат Али (р.а.) ҳузурларига олиб келиб, унинг ҳақига дуо қилишларини сўрайди. Ҳазрат Али (р.а.) Аллоҳ таоло бу боланинг ўзига ва зурриётига баракот берсин, деб дуо қиладилар. Ушбу дуо шарофатидан Собитнинг зурриётидан Имоми Аъзам машҳурлик касб этди ва бу зотнинг мазҳаблари оламга ёйилиб, шогирд ва эргашувчилари сон-саноқсиз бўлди.
Отаси Собит ибн Зутий Куфада ипак ва жун мато тижорати билан шуғулланган. Нўъмон ибн Собит кичик ёшида Қуръони каримни ёдлаган. Етти қоридан бири сифатида танилган Имоми Осимдан қироатни ўрганганлиги ривоят қилинади. Нўъмон ёшлигини тижорат билан ўтказганидан кейин Имом Шаъбий (туғ. 20/641 й.)нинг тавсия ва қўллаб-қувватлашлари туфайли таълим ва таҳсилни давом эттирган. Араб адабиёти, сарф ва наҳв, шеъриятни пухта ўрганган. Шаъбийнинг илмга тарғиб ва ташвиқини Абу Ҳанифа шундай ҳикоя қилади: «Кунларнинг бирида Шаъбийнинг ёнидан ўтиб кетаётсам, у мени олдига чақириб: «Қаёққа боряпсан?», – деди. Мен: «Бозорга», – дедим. У эса: «Буни айтаётганим йўқ, уламолардан кимнинг дарсига боряпсан?» – деди. Мен: «Ҳеч қайсининг», – деб жавоб берганимда Шаъбий: «Илм ва уламолар билан кўришиб туришни канда қилма. Сени ниҳоятда зукко ва илмга ташналигингни кўряпман», – деди. Бу сўзи менга далда берди. Тижоратни тўхтатиб, илм йўлини тутдим.
Имоми Аъзам вояга етган Куфа ва Ироқ турли эътиқодий ва фалсафий фирқаларнинг баҳс-тортишувлари қизғин тус олган минтақа сифатида танилган. Диндор оилада ўсиб улғайган Абу Ҳанифа ҳам бундай эътиқодий мунозара ва тортишувларда иштирок этиб турганлиги эҳтимолдан холи эмас.
Абу Ҳанифа тўғрисида халқимиз ўзларига яраша, керакли маълумотларга эга. Ул зот тўғрисида уламоларимиз кўп ва хўп гапиришган, маноқиблари, фазлу фазоиллари хусусида бир қанча китоб ва рисолалар ёзилган. Шунинг учун мавзу бўйича батафсил тўхтаб ўтирмасдан бошқа мужтаҳид ва фуқаҳоларга насиб этмаган ўнта фазилатларини баён қилишга ҳаракат қиламиз.
" يَكُونُ فيِ أُمَّتيِ رَجُلٌ يُقَالُ لَهُ أَبُو حَنِيفَةَ ، هُوَ سِرَاجُ أُمَّتيِ يَومَ الْقِيَامَةِ " (جامع المسانيد
яъни: “Умматим ичидан Абу Ҳанифа деб аталувчи бир зот чиқади. Ана ўша зот қиёмат куни умматимнинг чироғидир”.
Бу каби Имом Аъзам (рҳ.) ҳақларидаги башоратларни ўз ичида мужассам этган ҳадисларни кўплаб келтириш мумкин.
Мухаммаджон Умаров Шахрихон туманидаги “Яккатут” масжиди имом - хатиби