Меҳмоннавозлик ҳамда унга боғлиқ мужассам одоблар хақида
Зиёфат, яъни меҳмоннавозлик ва меҳмон кутиш олийжаноб хулқлардан бўлиб, фозил кишилар бу нарсага қадим-қадимдан бери амал қилиб келадилар. Халқимиз меҳмондўстлиги, меҳмоннавозлиги билан шуҳрат қозонган. Бирор ўзбек хонадони, оиласи йўқки, меҳмонни хурсандчилик билан кутиб олмаган, уйидаги бор неъматларни дастурхонга келтириб тўкмаган бўлса. “Меҳмон – отангдан улуғ”, “Меҳмон келар эшикдан, ризқи кирар тешикдан”, “Меҳмон олдида ҳатто мушугингни пишт дема” каби мақол ва ҳикматлар бежизга айтилмаган.
Меҳмон деб аслида, бошпана, егулик ва ичгулик билан таъминлашингиз учун уйингизга мусофир ҳолда вақтинча нозил бўлувчи кишига айтилади.
Пайғамбарлар отаси Иброҳим Халилуллоҳ кишилик тарихида биринчи бўлиб меҳмоннавозлик асосларини ҳаётга татбиқ қилганлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай дейди:
هَلْ أَتَاكَ حَدِيثُ ضَيْفِ إِبْرَاهِيمَ الْمُكْرَمِينَ إِذْ دَخَلُوا عَلَيْهِ فَقَالُوا سَلَامًا قَالَ سَلَامٌ قَوْمٌ مُنْكَرُونَ فَرَاغَ إِلَى أَهْلِهِ فَجَاءَ بِعِجْلٍ سَمِينٍ فَقَرَّبَهُ إِلَيْهِمْ قَالَ أَلَا تَأْكُلُونَ فَأَوْجَسَ مِنْهُمْ خِيفَةً قَالُوا لَا تَخَفْ وَبَشَّرُوهُ بِغُلَامٍ عَلِيمٍ
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Сизга Иброҳимнинг азиз меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими? Ўшанда улар (Иброҳим) ҳузурига кириб: «Салом!» –дейишганда, у ҳам: «Салом! (Булар) нотаниш қавм-ку!» – деди.
Сўнгра у аста оиласи олдига чиқиб, бир семиз бузоқни (сўйиб, пишириб) келтирди. Уни уларга яқин қилиб, «(Таомдан) емайсизми?» – деди
(Лекин овқатга қўл чўзишмагач) улардан хавфсирай бошлади. (Шунда) улар: «Қўрқмагин! (Биз фаришталар таом емаймиз)», – дедилар ва (Иброҳимга) бир доно ўғил (туғилиши) хушхабарини бердилар”. (Зориёт сураси)
Иброҳим (алайҳиссалом) чиройли меҳмон кутишда, ҳусни зиёфатда зарбул-масал этилганлар. Ривоятларда келишича, у киши уйларига қўққисдан бирор меҳмон келишига интиқ бўлиб яшардилар, ва бирор кун ҳам меҳмонсиз таомланмас эдилар. Агар хонадонларига меҳмон келиши узилиб қолса, бу ҳолатдан маҳзун бўлардилар. Шу сабаб ҳам ул зотни меҳмонларнинг отаси, деб аташарди. Шунингдек, у кишининг уйида тўртта эшик бўлиб, қайси эшикдан бирор меҳмон кириб келаркин, дея қараб ўтирар эдилар.
Меҳмонни икром қилиш боби жуда кенг бўлиб, у кўплаб ишларни ўз ичига олади. Жумладан, меҳмон ташриф буюрганда, уй соҳиби қандай аҳволда бўлишидан қатъи назар, меҳмонни очиқ чеҳра ва шодлик билан кутиб олмоғи керак. Бу вақтда уй эгаси қандайдир бошқа ишларни режалаштириб турган бўлса ҳам уларни кечиктириб, меҳмонга ҳурмат кўрсатиш билан овора бўлиши мақсадга мувофиқ ишдир.
Шунингдек, меҳмонларнинг ҳолатларига қараб ҳам икром қилиш ҳар хил бўлиши мумкин. Зеро, Ойиша онамиздан ривоят қилинган бир ҳадисда: “أنزلوا الناس منازلهم” (анзилун-нааса манаазилаҳум) “одамларни ўз ўринларига туширинг, яъни кишиларни мақом-мартабаларига монанд муомала қилинг”, дея марҳамат қилинган. Бу сўзни асло одамларни бой-камбағалга ажратиш маъносида тушунмаслик лозим. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурига бирон қабиланинг оқсоқоли келса, уни ўзига ярашадиган иззат икром билан кутиб олардилар. Бошқа юртлар катталарига мактуб ёзмоқчи бўлганларида, ўша вақтда ташқи оламда урф бўлганлиги учун мактубга алоҳида муҳр босган ҳолда юборишни маъқул кўрганлар.
Хуллас, меҳмонни икром қилишда ҳам кишиларнинг мавқеъларига ва урф-одатга қараб иш тутиш айни муддаодир. Баъзан уйингизга қавмнинг обрўли кишиларидан, олиму фозиллардан бўлган меҳмонлар ташриф буюриши мумкин. Шундай одамларни ўзига муносиб тарзда кутиб олинади. Бордию, хонадонингизга ота-онангиз ташриф буюришса, уларни ҳам алоҳида эҳтимом билан кутиб олмоқ лозим. Хуллас, ҳар доим ҳам келавермайдиган ноёб меҳмонларни, кунда шунда бўлган жиян ёки укаларингизга кўрсатган икромингиздан ўзгачароқ бир иззат билан кутиб олиш керак бўлади.
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларини меҳмон қилган кишининг ҳаққига мана бундай дуо ҳам қилардилар:
اللهم بارك لهم فيما رزقتهم واغفر لهم وارحمهم
Маъноси: “Эй Аллоҳ, бу хонадон аҳлининг ризқига барака бер, уларнинг гуноҳларини мағфират қил ва уларга раҳм айла!” (Муслим ривояти)
Меҳмоннинг икроми борасида бир ибратли ҳикоят:
Ҳикоя қилишларича, бир пайтлар уч юз асирни амир Мўъмин ибн Зоиднинг олдига келтиришди. Амир асирларнинг барини ўлимга ҳукм қилди. Шу пайт асирлар орасидан бир йигит отилиб чиқди-да, амирга: “Эй амирим, сизни Худога топширдик, айтинг, ўлимимиз олдидан сув беришсин, деди. Амир асирларга сув беришни мулозимларига амр қилди. Шунда ўша йигит яна ўрнидан туриб, амирга қуллуқ қилди ва: “Эй улуғ амир, бугун энди сизнинг меҳмонингиз бўлдик, меҳмонга мурувват ва иззат-икром кўрсатиш эса мезбоннинг бурчи. Сиз бурчингизга содиқ бўлинг”, деди. “рост сўзладинг, йигит”, деди амир ва барча асирларни озод қилиб юборди.
Қамариддин ҳожи Минҳожиддинов
Марҳамат тумани фаолиятидаги
“Ўқчи” жоме масжиди имом-хатиби