Ҳар бир ибодатда инсон манфаати бор

Динимиздаги ибодатларни бир таҳлил қилиб кўрсак, ҳар бирининг замирида албатта халққа манфаат ётади, қандайдир ёрдам, яхшилик, хайр-барака ётади. Масалан, намозни олиб кўрайлик. Намозхон одам халқнинг ҳурматини қозонади, бу ҳурмат ишонч эвазига келади, намозхон одамдан ёмонлик чиқмаслигини ҳамма яхши билади. Агар у ҳақиқий намозхон бўлса, ҳамма унга ишонади, қарз сўраса, қайтариб беришига ишониб, қарз беради, намозхон одамдан маслаҳат сўралса, тўғри маслаҳат беришини ҳамма билади. Шунинг учун намозхон одам, дину диёнатли одам эл-юрт орасида ҳурмат қозонади. Инсон учун, жамият учун бундан ортиқ маънавий манфаат борми?

Рўзада ҳам, закотда ҳам, ҳажда ҳам худди шундай оламшумул манфаатлар бор. Масалан, қурбонлик ибодатини олиб кўрайлик. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Аллоҳга уларнинг гўшти ҳам, қони ҳам бормайди. Балки У Зотга сизлардан тақво боради» (Ҳаж сураси, 37-оят).

Дарҳақиқат, қурбонликни Аллоҳ учун, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун қиламиз, лекин бу ибодатнинг манфаатини ким кўради? Халқ кўради, одамлар, муҳтожлар кўради. Инсон манфаатига юксак даражада берилган эътиборни қарангки, шариатимизда қурбонликка ярайдиган ҳайвонларга алоҳида талаблар қўйилган, сўйиладиган жониворнинг соғлом, семиз бўлиши шарт қилинган. Шунинг учун динимиздаги ҳар бир ибодатда уни адо қилган одамгагина эмас, жамиятнинг барча аъзоларига манфаатлар етади. Зеро, динимизда ўзингга нимани раво кўрсанг, бошқаларга ҳам шуни раво кўргин деган қоида бор. Аллоҳ таоло «Ўзингиз яхши кўрган нарсангиздан нафақа қилмагунингизча ҳаргиз яхшиликка ета олмайсиз», деб марҳамат қилади.
Инсон ўзига нимани раво кўради? Албатта, неъматларнинг энг яхшисини, энг сарасини, афзалини, манфаатлисини раво кўради. Шундай экан, бировга моддий ёки маънавий яхшилик қилмоқчи бўлсак, ўзимизга ҳам раво кўрган нарсамизни беришимиз керак.

Афсуски, баъзида бу тушунчадан ғофиллигимиз туфайли хайр-садақани энг афзал молдан эмас, балки энг сифатсиз, ўзимизга кераги бўлмай қолганидан берамиз. Йўлда кетаётсак, бир муҳтож одам садақа сўрайди. Пулимизни чиқарамиз-да, энг эскисини, энг майдасини, ғижимланган, йиртилганини беришга ҳаракат қиламиз. Агар бу садақа охиратдаги боқий сармоямизга захира бўлишини ҳис қилганимизда, энг каттасини, энг яхшисини берган бўлар эдик. Бу гумроҳликнинг сабаби динимизнинг асл моҳиятини, ибодатларимиздан кўзланган асл мақсадларни билмасликдир. Садақа – иймоннинг тасдиғидир. Иймон нима ўзи? Иймон – Аллоҳ таолога ишонишимиз, Роббимизнинг биру борлигини тил билан айтиб, дил билан тасдиқлашимиздир. Шунинг учун мусулмон банда ўзига ёки бошқаларга эҳсон қилса, бу ибодатнинг номи садақа дейилади. Ибодат ким учун қилинади? Аллоҳ таоло учун, Аллоҳ йўлида қилинади. Шундай экан, Аллоҳ йўлида қилинган садақа Аллоҳ таолонинг азаматига, улуғлиги, буюклигига муносиб бўлиши лозим. Шунинг учун динимизда қурбонликка озғин, касал мол эмас, балки соғлом, чиройли, семиз жонивор танланади, чунки  «Қурбонликларингни катта қилинглар, чунки уни миниб, улов қилиб, сирот кўпригидан ўтасизлар», дейилган. Қурбонлик мақбул бўлса, сиротдан ўтишда ҳам, бошқа жойда ҳам ёрдам беради. Хулоса шуки, хайр-эҳсонда, нафақада энг яхши нарсани бериш керак экан, чунки Аллоҳ таоло бу ибодатларимизга муҳтож эмас. Бу солиҳ амалларга ўзимиз муҳтожмиз, холос.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби