Бу дунё – синов майдони
Ҳар бир инсон, ҳар бир мусулмон Аллоҳ таолога комил ихлосли бўлса, қилган ҳар бир амалга, ҳар бир ишга садоқат билан, холис ният билан ёндашса, Аллоҳ таоло унга ҳар қандай вазиятда худди шундай нусрат билан ёрдам бериб қўяди. Мен бу сўзларнинг исботини кўпинча ҳажга борган кекса, касалманд қарияларда кўраман. Бу ерда зўрға юрадиган, касалманд, мункиллаб қолган мўйсафид отахонлар, кекса онахонлар ҳажга бориш учун навбат кутишади.
Шифокорлар баъзан уларнинг ҳолатини кўриб, рухсат беришга иккиланса-да, бу нуроний зотларнинг кўзида умидни, иймонни, ихлосни кўриб, ёшлари саксондан, тўқсондан ошган ҳожиларимизга ижозат беришади.
Кейин уларнинг ўзларидан сўрасангиз, «Зам-замни ичиб, дуо қилган эдим, Аллоҳ куч-қувват берди, тавофни аравачада эмас, ўзим қилдим, саъйда ҳам ўзим югуриб бориб келдим», дейишади. Йигирма кунлик ҳаж сафари асносида, жазирама иссиқда тоғу тошда ялангоёқ юриб, фарзларни адо этадилар, касаллари ҳам эсдан чиқиб кетади. Чунки улар бу муқаддас заминда, дуолар мустажоб бўладиган муборак масканда ихлос билан Аллоҳдан сўраб, «Парвардигорим, бир умр кутиб яшади, шунча машаққат билан келдим, энди шу ерга келганда Байтингни юриб тавоф қила олмайманми?» деб сўрашади. Мана шу Аллоҳ таолонинг чинакам нусратидир. Меҳрибон Роббимиз Ўзининг даъватига лаббай деб югуриб келган, белида қуввати қолмаган, кўзининг нури сўниб бораётган, жисмида мадори қолмаган бу бандаларининг кўзини яшнатади, белига, оёғига куч қувват беради. Қарабсизки, отахон, онахонларимиз бардам бўлиб, тетик бўлиб, қалблари, бутун вужудлари иймонга тўлиб, ибодатларни елиб-югуриб адо этадилар.
Бу дунё – синов майдони. Бу ҳаёт – иймон ва солиҳ амал имтиҳони. Шундай экан, ҳар бир инсон бошига бирор мусибат, мушкулот тушса, ноумид бўлмасин, Роббига чинакам ихлос билан, азму қарор билан, риёсиз ёлворсин, тавба-тазарруъ қилсин, иншааллоҳ, Парвардигоримиздан албатта ёрдам келади. Аллоҳ таоло ҳеч бир бандасини, айниқса, мазлум бандасини ташлаб қўймайди. Ҳар бир инсоннинг ниятига қараб сўраганини бераверади.
Шундай экан, азиз биродарлар, Аллоҳ таолодан аввало чинакам иймон сўрайлик, сўнгра ниятимизни холис қилайлик. Шундай қилсак, ўзимиз учун, оиламиз учун, қўни-қўшни, маҳалламиз учун, эл-юрт, миллат, халқ, Ватан учун қиладиган ҳар бир амалимиз, барча саъй-ҳаракатларимиз ибодатга айланади. Юқорида айтиб ўтилганидек, ниятимизнинг ўзи учун карамли Роббимиз бизга ўша амалнинг мукаммал ажру мукофотини беради. Аммо ўша ниятларни, эзгу мақсадларни рўёбга чиқарсак, халқ учун, жамият учун, бутун инсоният учун манфаатли ишлар қилсак, бу амалларимиз учун ўнтадан етти юз бараваргача, балки ундан ҳам кўп савобу самаротлар ато этади.
Аллоҳ таоло барчамизни холис ният ва солиҳ амалларга муваффақ айласин!
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби