Чақимчи
(Ал-адаб Ал-муфрад китоби)

Чақимчилик араб тилида «намийма» дейилиб, луратда бир нарсани зоҳир қилишни билдиради. Уламолар чақимчиликни қуйидагича таърифлаганлар:
Имом Нававий: «Чақимчилик бузғунчилик йўли билан одамларнинг гапини бир-бирига етказишдир», деган. Чақимчи бошқанинг гапини бошқага бузғунчилик ниятида етказади.

Чақимчилик Қуръони Каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида қораланган ёмон хислатлардан биридир. Биз келаси сатрларда бу ёмон сифат ҳақида келган баъзи ҳадисларни ўрганамиз.
322. Ҳаммамдан ривоят қилинади: «Ҳузайфа билан бирга эдик. Унга: «Бир одам Усмонга гап ташиб юради», - дейилди.
Шунда Ҳузайфа: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганларини эшитганман», -деди».

Шарҳ: Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу энг улур саҳобалардан ҳисобланадилар, у кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп сирларини, жумладан, ўша пайтдаги мунофиқларни номма-ном айтиб берганлар, фитналар ҳақида хабар берганлар. Бу зот кўп сирларни билардилар, бироқ ҳеч кимга айтмаганлар.

Албатта, чақимчилик ниҳоятда ёмон иш. Чақимчилик фақатгина бир кишини бошқасига ёмон кўрсатиб, шундан бирор манфаат олиш билан чегараланиб қолмайди. Чақимчилик қилинганда бир одамга иккинчи одам ҳақида ёмон хабар келади.

Натижада, иккинчи одам ҳам биринчи одам ҳақида ёмон сўзлайди, шу тарийқа бундай адоват бутун жамиятга тарқалиб, жамиятнинг ҳамма аъзоси бир-бирини чақадиган, бир-бирига ғазаб қиладиган ва бир-бирининг орқасидан ёмон гапирадиган бўлиб қолади. Орада дўстлик, биродарлик, ўзаро ҳамкорлик, яхшилик қилиш, жамият манфаати учун иш қилиш тамоман йўқолади.

Ҳамма бир-бирининг орқасидан пойлаш, чақимчилик билан бир-бирини доғда қолдириш, чақимчилик қилиб мукофот олиш, ўзининг мавқеини яхшилаш томонга ўтиб кетади. Жамиятнинг манфаатини ўйлаш, бировларга яхшилик қилиш умуман унутилади.

Шунинг учун, бу ишнинг гунохи кабийралардан экани ва чақимчилик қилган одам жаннатга кирмаслиги дийнимизда қатъий белгиланиб қўйилган. Мана шунинг ўзи, бу нарса оғзаки гап бўлса ҳам, чақимчиликнинг нақадар хатарли эканини кўрсатади.

Аллох субҳана ҳувватаоло барчаларимизни улкан гунохи кабира бўлган чақимчилик балосидан сақласин. Чақимчилик ила бутун жамиатга тарқаб кетадиган ихтилоф ва инсонлар орасини ислохотини бузишга хизмат қиладиган. Халқлар орасида дўстлик, биродарлик, ўзаро ҳамкорлик, яхшилик қилиш, жамият манфаати учун зиён келтирадиган ёмон иллатлардан асрасин.


(Одоблар хазинаси китобидан)
Мархамат тумани бош имом-хатиби: М. Шарофуддинов
Саййид Авлод Наслий