Салом беришга тарғиб қилувчи ҳадиси шарифлар

«Ас-салом» Аллоҳ таъолонинг гўзал исмларидан биридир. Ассалому алайкум сўзининг маъноси «Сизга тинчлик, саломатлик, офият тилайман» дегани бўлади. «Ва алайкум ассалом» деб жавоб қайтариш эса «Сизга ҳам тинчлик саломатлик бўлсин» деганидир. Салом бериш суннат амал, унга жавоб қайтаришлик эса вожиб бўлади.

Мана шу биргина салом сўзида жуда кўп ҳикматлар бўлиб, у кишиларни эзгуликка, меҳр-оқибатга, эзгу ниятга, ҳақиқий инсонийликка чақиради.
Салом бериш ҳам, унга алик олиш ҳам жаннатдаги ҳикматли сўзлардан бўлиб, унинг аввалини Одам алайҳиссалом жаннатда тилларидан биринчи бўлиб фаришталарга «Ассалому алайкум» деб салом берганлар. Фаришталар ҳам уларнинг саломларига алик олганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулулоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ: لَمَّا خَلَقَ اللَّهُ آدَمَ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ: اِذْهَب فَسَلِّمْ عَلَى أُولئكَ النَّفَرِ الْجُلُوسِ مِنَ الْمَلَائِكَةِ فَاسْتَمِعْ مَا يُحَيُّونَكَ فَإِنَّهَا تَحِيَّتُكَ وَ تَحِيّةُ ذُرِّيَتُكَ فَقَالَ : السَّلَامُ عَلَيْكُمْ، فَقَالُوا: السّلَامُ عَلَيْكُمْ وَ رَحْمَةُ اللَّهِ، فَزَادُوهُ وَ رَحْمَةُ اللَّهِ
«Аллоҳ таъоло Одам алайҳиссаломни ўз суратларида (яъни унга Ўзида бор бўлган «тирик, билувчи, ақл-идрокли, эшитувчи, кўрувчи, сўзловчи» сифатларини ато этиб) яратди, унга: «Анабу ўтирган фаришталар олдига боргинда, уларга салом бергин. Сўнгра уларни сенга айтадиган алигини яхшилаб эшитиб ол. Чунки бу сенга ва сенинг зурриётларингга йўлланган салом бўлиб қолади» — деди. Одам Алайҳиссалом бориб: «Ассалому алайкум», — дедилар. Фаришталар: «Ассалому алайка ва рахматуллоҳ (Сенга ҳам салом ва Аллоҳнинг рахмати бўлсин)», — деб алик олишди. Сўнг жаннатга кирадиган барча инсонларга ҳам Аллоҳнинг рахмати бўлсин», — деб қўшиб қўйишди» (И. Бухорий, И. Муслим ривояти).
Саломлашиш туфайли инсонлар орасида ўзаро ҳурмат, самимият ва бир-бирига нисбатан меҳр-муҳаббат пайдо бўлади. Саломлашиш билан инсонларнинг ҳаққига яхшилик, тинчлик-хотиржамлик тилаб дуо қилинади ва бу дуо, ишааллоҳ, қабул бўлади. Бизнинг юртимиз Ўзбекистондаги тинчлик барқарорликнинг асосий сабабларидан бири ҳам манашу, катта-ю кичик, аёл-у эркак, ёш-у қарияларнинг тиллари салом бериб чарчамайди.
Аллоҳ таъоло Қуръони Каримда:
وَإِذَا حُيِّيتُمْ بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّوا بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا ...(٨٦)
«Қачон сизларга салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб қилиб алик олинг ёки ўша саломнинг ўзини қайтаринглар», — деган (Нисо сураси 86).
Бир киши сизга «Ассалому алайкум» деса, сиз унга «Ва алайкум ассалому ва рахматуллоҳ» деб алик оласиз. Агар у киши сизга «Ассалому алайкум ва рахматуллоҳ» деса, сиз унга «Ва алайкум ассалому ва рахматуллоҳу ва барокатуҳу» деб алик оласиз. Агар салом берувчи саломни тўла бериб, «Ассалому алайкум ва рахматуллоҳу ва барокатуҳу» деса, алик олувчи ҳам мукаммал жавоб қайтаради ва улуғ савобга эга бўлади. Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:      
عن عِمْرَان بن الحصين رضي الله عنهما ، قَالَ : جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النبي - صلى الله عليه وسلم - فَقَالَ : السَّلاَمُ عَلَيْكُمْ ، فَرَدَّ عَلَيْهِ ثُمَّ جَلَسَ ، فَقَالَ النبيُّ - صلى الله عليه وسلم - : « عَشْرٌ » ثُمَّ جَاءَ آخَرُ ، فَقَالَ : السَّلاَمُ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَةُ اللهِ ، فَرَدَّ عَلَيْهِ فَجَلَسَ ، فَقَالَ : « عِشْرُونَ » ثُمَّ جَاءَ آخَرُ ، فَقَالَ : السَّلاَمُ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَةُ الله وَبَركَاتُهُ ، فَرَدَّ عَلَيْهِ فَجَلَسَ ، فَقَالَ : « ثَلاثُونَ » . (.رواه أَبُو داود والترمذي)
«Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, «Ассалому алайкум», — деди. Унга жавоб қайтариб ўтирдиларда, «Ўнта савоб», — дедилар. Бироздан кейин бошқа бир киши келди ва «Ассалому алайкум ва рахматуллоҳ», — деди. Унга ҳам жавоб қайтариб, «Йигирмата савоб», — дедилар. Сўнгра бошқа бир киши келиб, «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу», — деди. Унга ҳам жавоб қайтариб, «Ўттизта савоб», — дедилар» (Абу Довуд, И. Термизий ривояти).
Яъни бир инсонга оддий ассаламу алайкум деб тинчлик ҳотиржамлик тилаб Аллоҳдан ўнтадан ўттизтагача ажр – савоб олиши мумкин экан.
Салом бериш Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмалари (суннат), унга алик олиш эса Аллоҳ таъолонинг буйруғи вожиб ҳисобланади. Доно халқимиз: «Сўзнинг боши — калом, одобнинг боши — салом», деган. Абдуллоҳ ибн Аббос: «Ҳар бир нарсанинг ниҳояси бор, саломнинг ниҳояси баракотдир», деганлар. Яъни кишиларга салом бериб, тинчлик тилаш билан, рахмат ва баракот эшиклари очилади.
وَ عَنْ أَبِيْ عُمَارَةَ الْبَرَاءِ بِنِ عَازِبٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُمَا قَالَ: أَمَرَنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ بِسَبْعٍ: بِعِيَادِةِ الْمَرِيْضِ وَ اِتِّبَاعِ الْجَنَائِزِ وَ تَشْمِيْتِ الْعَاطِسِ وَ نَصْرِ الضَّعِيْفِ وَ عَوْنُ الْمَظْلُومِ وَ إفْشَاءُ السَّلَامِ وَ إِبْرَارِ الْمُقْسِمِ. (مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)
Абу Умора Барро ибн Озибдан ривоят қилади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни еттита муҳим амалга амр қилдилар:
1)    Бемор ётган инсонларни бориб кўомоқликга. (Бу иш жуда савобли улуғ иш бўлиб, набий алайҳиссалом ҳеч вақт тарк этмаган одатлари ҳисобланади. Саҳобалари бетоб бўлиб кўринмай қолишса дарҳол уйларига кўргани борар эдилар)
2)    Вафот этган мўъминаларни жанозаларига бормоқликга. (Бу амал ҳатто фарзи кифоя саналади. Маййитни тобутни қирқ қадам кўтариш қирқта гуноҳига каффорот бўлади).
3)    Акса урган муъминга жавоб қайтармоқликга. (Акса урган одамга яхшилик тилаб дуо қилиб, Лиярҳамакаллоҳу ва яшфика яъни сизга Аллоҳ раҳм этсин ва сизга шифо берсин – деб жавоб қайтариб қўйишлик).
4)    Кучсиз кишига ёрдам бермоқликга. (қийналган ночор инсонларга ёрдам қўлини чўзишлик, ҳимояга олиб ҳомийлик қилиб, Аллоҳга яқин бўлишга).
5)    Мазлумга кўмак бермоқликга. (Зулм кўрган кишини тарафини олиб, уни ҳимоя қилиб дуосини олмоқлик. Зулм кўрган, ноҳақ жабр чекган мазлумни дуоси шак – шубҳасиз ижобат бўлади).
6)    Саломни кенг фош қилишликга. (таниш – нотаниш инсонларга салом бериб кўп ажр йиғиш).
7)    Қасамга вафо қилмоқга. (Ичган қасамига содиқ турмоқлик, уни уддасидан чиқишга астойидил ҳаракат қилмоқлик. Уддасидан чиқа олмаган қасамга каффорат тўланади, каффорат вожиб бўлади).
Шу еттита амалга амр этдилар, бу аммаллар кундалик мўмин мусилмонларни ижтимоий одоблари бўлади.
Ҳозирги кунда айрим инсонлар рўбарў келаётган одамга салом беришга ёки берилган саломга алик олишга эринишади, ваҳоланки бу амал мусулмонман деган кишини биродари устидан бўлган ҳақларни бири бўлади, салом бериб ҳаққини адо этмаса – ўзи ҳақдор бўлиб қолади.
عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ ٌ قَالَ: حَقُّ المُسْلِمِ عَلَى المُسْلِمِ خَمْسٌ قِيْلَ وَ مَا هِيَ قَالَ: إذَا لَقِيْتَهُ فَسَلِّمْ عَلَيْهِ وَ إذَا دَعَاكَ فَأَجِبْهُ وَ إِذَا اِسْتَنْصَحَكَ فَانْصَحْ لَهُ وَ إِذَا عَطِسَ فَحَمِدَ اللَّهَ فَشَمِّتْهُ وَ إِذَا مَرِضَ فَعُدْهُ وَ إِذَا مَاتَ فَصْحَبْهُ. (رَوَاهُ الْبُخَارِيْ)
Абу Хурайрадан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир” – дедилар. “Улар қайсилар?” – деб (саҳобалар) сўрадилар.
“Қачон бировни учратсанг, унга салом бер; даъват қилса (чақирса), ижобат қил (боргин); панд – насиҳат сўраса, панду насиҳат қил; агар акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтса, ташмит айтиб қўй; бемор бўлиб қолса, уни кўргани бор; вафот қилса, жанозасида қатнашгин”, - дедилар. (И. Буҳорий)
Ҳадиси шарифдан кўриниб турибтики, саломлашиш жаноза ўқиш каби ёки бетоб одамни зиёрат қилиш каби буюк ибодатлар қаторида экан, ҳатто бу бешта амалларни ичида энг биринчи навбатда турар экан.
Саҳобаи киромлар саломни кўпроқ айтиш учун бозорларга боришар экан. Абдуллоҳ ибн Умардан: «Нега бозорга кўп борасиз, ахир ҳеч нарса харид қилмасангиз», деб сўрашса, У зот: «Биз бу ерга кўпроқ кишига салом бериб ажр-савоб йиғишга келамиз, деб жавоб бердилар». Яъни улар савоб қидириб кўчаларга, бозорларга ва одамлар гавжум жойларга чиқишар экан.
Амир Темур бобомиз: «Бир калима ширин сўз — Ассоламу алайкум қилични қинига киритади», деганлар.
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар:
ثَلَاثٌ مَنْ جَمَعَهُنَّ فَقَدْ جَمَعَ الْإِيمَانَ: الْإِنْصَافُ مِنْ نَفْسِكَ، وَبَذْلُ السَّلَامِ لِلْعَالَمِ، وَالْإِنْفَاقُ مِنْ الْإِقْتَارِ.(رَوَاهُ الْبُخَارِي)
«Уч нарса борки, ким уларни жамласа, батаҳқиқ иймонни жамлабди: Ўзингиздан (ўзингизга қарши) адолат, инсоф этмоқлик, Олам (мусулмонларга) салом бермоқлик ва торлик-қийинчиликда ҳам инфоқ-эҳсон этмоқлик». (И. Бухорий ривояти)
Яъни салом мусулмон кишининг ҳаётида ниҳоятда муҳим сўз бўлиб, инсоннинг буюк иймонини комил қилади. Инсонлар, қўни қўшнилар ва қариндошлар билан самимий муносабатда бўлиб юришлик буюк иймонга ҳам таъсир қилиб, иймонни тўлдиради.


Закариё ҲАФИЗУЛЛАЕВ
“Камолиддин Ориф ал Бухорий”
жомe масжиди имом хатиби