Жаннатга осонгина кирмоқ йўллари
Пайғамбармиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам: Бир куни саҳобалари билан масжидда ўтириб айтибдиларки. "Эй асҳоблар, беш вақт намозни ҳамиша жамоат билан ўқинглар. Чунки бир намознинг бир такбирини жамоат билан топган мўъминнинг савоби бир тошнинг вазнига баробар тиллони садақа қилганни савобидан зиёдароқ бўлади.
Ҳар кимки ҳар вақт намозни жамоат билан ўқиса, унинг савоби минг дона отни, Аллоҳ таолонинг йўлида садақа қилганнинг савобидан афзалдур. Ва ҳар ким доимо барча намозларини жамоат билан ўқиб юрса, умри мобайнида тарки жамоат қилмай вафот этса ундай кишига ҳаргиз қабр азоби ва қиёматнинг шиддатли даҳшат ваҳимаси бўлмайди.
Ҳар бир мўмин киши масжидни ва жамоатни ўзимга дўст тутса, Аллоҳ таоло бу бандасини ўзига дўст тутади ва умрининг оҳири жон берар чоғида унга Азроил алайҳиссаломни пайғамбарларга юборгани каби мулойимлик билан юборади. Жон бермоқлик азобини ҳаргиз билмайди ва уни қабрида ётар жойини жаннат тарафига икки эшик очиб қўяди.
Бундай мўмин киши тириклик чоғидан то жаннатдаги ўзининг борар манзил маконини кўрмагунча ва жаннат анҳорининг сувидан ичиб ва меваларидан емагунича жон бермас, чунки фаришталар жан-натнинг меваси ва кавсар сувидан олиб келиб жон берар вақтида оғзига томизиб туради ва унинг таъсиридан бу киши маст бўлуб, қандоқ жон берганини билмай қолади.
Ва ҳар кимики намозни жамоат билан ўқимоқни ўзига доимо одат қилса, бу кишининг ҳар бир кунлик ўқиган намозининг савобига, Аллоҳ таоло жаннатда бир шаҳар пайдо қилурки, ҳаммаси оқ дурдан бино бўлиб ва унинг охир умри жон бермоқ вақтида гўёки сиддиқларнинг ва пайғамбарларнинг жон бермоқларидек осон бўлади.
Қиёмат куни қабрдан турар вақтида шаҳидлар қаторида туради ва маҳшаргоҳда Аршнинг соясига бориб, пайғамбарлар билан бир жамоатда туради. Қиёмат куни бундай кишининг юзи ўн тўрт кечалик тўлин ойдек ёруғ ва равшан бўлади.”
“Эй асҳобларим, сизларга лозим бўладики, ҳар вақт намозни жамоат билан ўқимоғингиз, чунки ҳар ким жамоатга келиб намознинг бир такбирига етса, унинг савоби гўё пайғамбарлар билан ҳамроҳ бўлиб, ғазот қилганни мислича савобига насибадор бўлади”
Ҳа дарвоқеа Расули акрам саллоллоҳу алайҳи ва саллам бизларга нимани таълим берган бўлса бунинг барчаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг биз бандаларига берган ва беражак неъматларининг хабаридир. Чунки масжидда жамоат билан ўқиган намознинг савоби уйда ёлғиз ўқиган намоздан 27 даража улуғлиги ва яна жума ўқиладиган масжидларда ўқилган намознинг савоби, жума ўқилмайдиган кичик масжидлардан 700 баробаргача улуғ эканлиги маълумдир. Шунинг учун ҳар бир мўмин киши намозини албатта масжидларда жамоат билан ўқишга интилмоғи ва шошилмоғи керакдир. Барчаларимизни жамоат намозига шошилиб унга етмоғимизни ва унинг мислига берилган ажру мукофотдан сазовар қилиб, жаннатга осонгина кириб олишга насиб айласин. Омин.
Марҳамат тумани фаолиятидаги “Марҳамат” жоме масжиди имом-ҳатиби А. Сулаймонов