Фикрини ўзгартириб, молни қайтариб олиб келган одамга мурувват кўрсатиб, молни қайтариб олиш

Бу иш фиқҳда «иқолатун нодим» (афсусланган одамни байдан озод қилиш) ёки «иқола қилиш» деб аталади. Яъни амалга оширилган ёки келишиб қўйилган байни байлашувчи томонлардан бирининг илтимоси билан бекор қилишдир.

«Иқола» луғатда кечириш маъносига ҳам далолат қилади. Бу икки томонлама, яъни ҳам харидор, ҳам сотувчи томонидан амалга оширилиши мумкин. Гоҳида инсон маълум нарса устида савдо қилиб бўлиб, кейин ундан ҳам зарурроқ ишлари борлиги эсига келиб қолиши ва қилган савдосини бекор қилишни исташи мумкин. Ёки ҳатто сотиб олиб, уйига олиб кетган нарсани ҳам шундай сабаблар билан қайтариб келиши ҳолатлари учраб туради. Шунда сотувчи жанжал-тўполонсиз, бағрикенглик билан молни олиб, тўланган пулни қайтарса, катта савоб иш қилган ҳисобланади. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилиб бундай деганлар:
من أقال مسلما بيعته أقاله الله عثرته يوم القيامة
«Ким мусулмон кишининг савдосини иқола қилса, Аллоҳ қиёмат кунида унинг ҳам хатосини иқола қилади (кечиради)» (Абу Довуд, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким, Саҳиҳ ҳадис).

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби