Бахт Аллоҳ тақсим қилганига рози бўлиб яшашдир
Аллоҳнинг тақсим қилганига рози бўлиб яшаш, ҳамиша унинг беган неъматларига шукр қилиш, мусибатга сабр қилиш мусулмон кишининг сифати бўлмоғи керак. Зеро ҳар иккиси, шукр ва сабрда ҳам банда учун улкан ажр бор. Чунки бу дунё имтихон ва синов дунёсидир.
Аллоҳ бу дунёда бандасини турли йўллар ила синовга солади. Аллоҳнинг тақсим қилганига рози бўлиб, берган неъматига шукр, мусибатга сабр қилиб яшаган инсонларгина синовлардан мувофаққиятли ўтадилар ва икки дунё саодатига мушарраф бўладилар.
Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи ва салламнинг тоғалари Саъд ибн Аби Ваққос розияллоху анху бир куни Маккага келдилар. Кўзлари кўрмай қолган эди. Одамлар у кишини кўришга ошиқишди. Ҳар бири у зотдан ҳаққига дуо қилишни сўрарди. Чунки у зотнинг дуолари ижобат эди. Абдуллоҳ ибн Соиб ҳам у кишининг олдиларига бориб, ўзини танитди. Саъд розияллоху анхуга: “Сиз ўша Макканинг қорисимисиз?” дедилар. Абдуллоҳ: “Худди шундай”, деб гапини давом эттирди: “Эй улуғ зот, барча одамларни дуо қилаяпсиз. Аллоҳдан кўзингизни нурини қайтариб беришни сўрамайсизми?”, деб сўради. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи ва саллам тирикликларида жаннат билан башорат берилган Саъд розияллоху анху “Эй ўғлим, Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлишим, мен учун кўзим нуридан ҳам яхшироқдир” дедилар. Холбуки у зоти шарифнинг дуоларини Аллоҳ шак шубхасиз ижобат қилар эди. Агар Аллоҳдан кўзининг нурини қайтаришини сўрасалар алббатта Аллоҳ у кишининг кўз нурини қатариб беришида ҳеч қандай шак шубҳа йўқ эди. Шундай бўлсада Саъд розияллоху анху аллоҳнинг хукмига рози бўлиб яшашни афзал кўрдилар. Шу сабабли дунёда бахтли, охиратда ҳар бир мусулмон кишининг энг буюк орзуси жаннатга мушарраф бўлдилар. Энди арзимаган нарса учун хаётидан нолиётганлар, Аллоҳ хукм қилганига рози бўлмай, Унинг синовларига бардош бера олмасдан ўз жонига қасд қилаётганлар, дунё ташвиши учун арзимас чақага ўз юртини, оиласини, динини, иймонини, ғурур ва шаънини сотаётган кимсалар бир тафаккур қилсинлар. Агар неъматга шукр, мусибатга сабр қилганларида Аллоҳ нематларини зиёда қилар, савобларини кўпайтириб берар эди. Чунки энг олий бахт Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлиб яшашдир.
Хўжаобод туман бош имом хатиби: М.Қосимов.