Ислом – илм дини
Дунёда ислом диничалик илм ўрганишга ва уни ўргатишга катта ахамият берган дин йуқ. Ўзининг энг охирги Пайғамбари йўлбошчимиз Мухаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга энг охирги китоби Қуръону Каримнинг энг аввалги нозил қилинган
ояти каримаси «Ўқи» деган сўз эканлиги хеч бир кишига сир эмас албатта. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ато қилинган мўъжизаларнинг энг улкани Аллохнинг муборак каломи бўлмиш Қуръону Каримда илм тўғрисида 811 жойда зикр қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча хадиси шарифларида барчаларимизни илм ўрганиш ва ўргатишга тарғиб этганлар ва илмнинг фазилати илм ахлларига бериладиган мукофоту-даражотлар хақида зикр этганлар. Чунки инсониятни хар икки дунёда хам азизу мукаррам ва даражаси баланд, обрў – эътиборга эга бўлишига сабаб бўлгувчи нарса шак шубхасиз илмдир. Аксинча инсонни хорлик ва таназзулга, залолатга етакловчи адашишига сабаб булгувчи нарса эса илмсизликдир. Илм Пайғамбар алайхимус саломларнинг мероси. Илм нур бўлса илмсизлик зулматдир. Қуйида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Илм хақидаги айрим хадисларини айтиб ўтамиз.
Абдуллоҳ (розиёллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Илм олинглар, илм олинглар. Илм олгач эса, амал қилинглар”
Муҳаммад (розиёллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Албатта бу илм диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қарангизлар!”.
Абдуллоҳ ибн Анас (р.а.) ривоят қилишича Анас (розиёллоҳу анҳу) доимо ўз ўғлига: “Эй, ўғлим! Бу илмни қайд этинг (ёзиб қўйинг) лар”, дер эди”.
Сахбара (розиёллоҳу анҳу) ривоят қилади : “Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким илм талаб қилса, ўтган гуноҳларига каффорат бўлади”, дедилар”.
Ибн Аббос (розиёллоҳу анҳу) айтади: “Кечаси бир соат илм билан шуғулланиш кечани ибодат билан ўтказишдан яхшироқдир”.
Абдураҳмон ал-Ҳубулий (розиёллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Биродаринга сенинг ҳикматли сўзингдан яхшироқ ҳадя йўқдир”.
Масруқ (розиёллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Илм инсонга Аллоҳдан қўрқишлик учун етарлидир. Кишининг ўз илми билан мағрурланиши, унинг жоҳиллигидан далолатдир. Ҳақиқий инсон мажлисларда ўзини унга муносиб тутади, ёлғиз қолганда эса, ўз гуноҳларини эслайди ва Аллоҳ таолога истиғфор айтади”.
Али (розиёллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Илм ўрганинглар. Агар билсангиз, босиқроқ бўлинг. Илмга ўйин ва кулгуни аралаштирманглар. Қалб илмни сиқиб чиқариб юбормасин”
Имом ат-Термизий, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда, У зот: «Аллоҳ ва унинг малоикалари ва ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам илм аҳилларига истиғфор айтадилар», – деганлар. Шунингдек, бошқа бир ривоятда: «Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ Таоло унга жаннат йўлларини тўғрилаб қўюр», – деб марҳамат қилинган. Келгусида ўз тақдирини шу юрт истиқболи, истиқлоли, ривожи ва тараққиёти билан боғлаган ҳар бир ёш авлод, аждодларимизнинг бой меросларидан ўзи ҳам баҳраманд бўлиб, халқимиз илму-маърифатини янада юксакликка олиб чиқишда ўз ҳиссаларини қўшадилар деган умиддамиз. Зеро илм инсонга дунёда ҳам,вафот этганидан кейин ҳам, охиратда ҳам, манфаат етказиб туради.
Хўжаобод туман «Еттичинор» жоме масжиди имом хатиби М. Қосимов
«Куфа» масжиди имом хатиби З. Зияиддинов