Намоздан кейинги қуръони карим тиловатини эшитишдан бош тортиш
Мусулмонларнинг ибодатлари орасида энг афзали Қуръони карим ўқишдир. Ҳатто бу ишга ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини қизиқтирганлар. Қуръони карим соҳибини шафоат қилади. Шайтон васвасалари ва бошқа зарар-зиёнлардан қўрғон бўлади, гуноҳларни йўқотадиган,
савобларни кўпайтирадиган энг гўзал амалдир. Улуғ саҳобалардан ўн икки нафари: Қуръони каримга қараб ўқиш ибодатларнинг афзалроғидир, деб иттифоқ қилганлари ривоят қилинган. Ишончли манбалар асосида мавзуни яна давом эттириш мумкин.
Аммо кейинги вақтларда намозлардан кейин ўқиладиган Қуръон тиловатини бидъат дейдиган, уни эшитишдан юз ўгирадиган ва бошқаларни ҳам қайтарадиган турли “ақлли”, “илм ўқиб қўйган” кишилар пайдо бўлмоқда. Тиловат ўқилиб турган ҳолатда адабсизлик билан мутакаббирона чиқиб кетаётганлар борки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даври саодатларида қилинмаган экан, деб асоси йўқ гаплар, эшитдим ёки қайсидир интернетда ўқидим деб ўзларини оқлашга уринадилар. Илмни эса ишончли манбадан, устоздан ўрганиш зарурлигини ҳадисларда кўп таъкидланган. Халқимизнинг: “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар”,- деган пурҳикмат мақолида ҳам ҳадислардаги аҳкомларнинг ҳақлигини кўрамиз. Бизнинг устозларимиз имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мазҳаби олимлари намоздан кейин тиловат қилиш қандай амал ва унга нима ҳужжатлар келтиришган? Тиловатнинг одоблари қандай бўлиши керак?
Энг аввало, фиқҳ ва ҳадис китобларда “Намоздан кейинги зикрлар” боби бордир. Уларда намоздан кейин зикр қилиш, Қуръони карим суралари ёки оятларининг тиловати буюрилгани маълум қилинади.
Бу далиллар асосида намоздан кейин ўтириб зикрга ёки Қуръон тиловатига машғул бўлиш бидъат амал бўла олмаслигини тушунамиз. Бидъат деган фикрга бориш гуноҳ экани маълум бўлади.
Ҳадисларда муҳтарам Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оишаи сиддиқа розияллоҳу анҳо онамизни ҳар куни Қуръони карим ҳаққини адо этишга буюрганлар. Уни адо этиш тартиби ҳақида ҳар куни Қуръонни ҳаммасини ўқишни айтганлар, қодир бўлмаса, 200-250 оят ўқишни, ҳатто 100 оят ва “Ихлос” сурасини уч бора ўқиш билан деб тушинтирганлар. Қуръони каримдаги кўпгина суралар ва баъзи оятларнинг фазилати зикр қилинган. Қиёмат куни шафоат қилиши, савоблар кўпайтириб ёзилиши, ҳожатларининг раво бўлиши, беморларга шифо бўлиши, дуоларнинг ижобат бўлиши, нур бағишлаши, тетиклик ва ақл-идрокка мусаффолик бериши ва бошқа кўпгина фазилатлари билдирилган. Шундай суралардан “Ёсин”, “Фатҳ”, “ар-Раҳмон”, “Воқеа”, “Духон”, “Мулк”, “Набаъ”, “Каҳф”ва бошқаларини санаш мумкин. Оятлардан “ал-Курсий”, “Бақара” сурасининг охирги икки ояти, “Тавба” сурасининг охирги икки ояти, “Ҳашр” сурасининг охирги уч ояти ва бошқалари бор.
Ҳар куни мўмин киши Қуръони карим ҳаққини адо этиш учун алоҳида вақт ажратиши керак. Аммо кўпинча имкон топилмайди. Ёки шунчаки бу вазифа борлиги ёддан кўтарилади. Ҳар қандай хасталикни даволовчи моҳир табиб каби уламоларимиз беш вақт намозда қуйидаги сураларни тиловатини тавсия қиладилар: Бомдоддан кейин “Ёсин” сураси 83 оят, Пешиндан кейин “ар-Раҳ-мон” 78 оят ёки “ал-Фатҳ” 29 оят, Асрда “ан-Набаъ” (амма) сураси 40 оят, Шомдан сўнг “ал-Воқеа” сураси 96 оят, Хуфтондан сўнг “ал-Мулк” сураси 30 оят жами 350 оят атрофида ҳар куни ўқилади. Демак, мўминлар намоздан сўнг ушбу сураларнинг тиловати ёрдамида ҳар куни Қуръони карим ҳаққини адо этиш билан бирга, мазкур сураларнинг фазилатларидан ҳам баҳраманд бўладилар.
Имом Исмоил Ҳаққий Истанбулий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг машҳур “Руҳул баён” асарларида “Тоҳо” сурасининг 124- оятини шундай тафсир қиладилар:
Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз .
Қуръони каримда келадиган “зикр” лафзи Қуръони, намоз, тасбеҳ-таҳлиллар ва бошқа шу каби маъноларда келади. Муфассир раҳимаҳуллоҳ: -Мени доимо ёдига солиб турувчи шу Китобдан ва Менга чақирувчи бўлган мана шу элчимдан юз ўгириши,- деб тафсир қиладилар. Зеро, унга бу дунёда ниҳоятда тор ва қийинчилик-машаққатлари кўп бўлган ҳаёт бордир. Оятда икки масдар, яъни ўзак сўзлар бири бирига сифат бўлиб келтирилган. Бу эса муболағани, яъни ҳаёт торлигининг қўша-қўша машаққатлари борлигини ифодалайди. Бунинг сабаби банда дунё орзу-ҳаваслари билан ўралиб қолади. Ваҳоланки, дунёга интилиш инсонни аста ҳалокатга етаклайди. Ўзини назорат қила олмагани боис, орзу-ҳаваслари, бойлик ва бошқа зийнатлар билан овора бўлиб қолиши кучайтирилади. Буларни камайиб қолиши ёки йўқотишдан хавфда бўлади, кўнгил хотиржамлиги ундан олинади. Имонли кишида эса бунинг акси бўлади. У охират талабида экан, имонининг баракаси билан бу дунёда унга кенглик ва хотиржамлик берилади. Билгилки, ҳаётнинг торлиги, машаққатларга бойлиги бу маъсияту гуноҳларнинг жазоси ва уқубатидан бўлиши мумкин.
“Ат-Таъвилот ан-нажмийя” асарининг муаллифи шундай деган: -Ҳидоят аслида бир нурдир. Аллоҳ таолонинг нури бўлиб, уни ҳақ йўлга, ҳидоятга эришмоқлари учун Аллоҳ пайғамбарлари ва валий бандаларининг қалбига жойлагандир. Расул ва набий пайғамбарлари ҳамда валийлардан сўнг олимларнинг суратида сиёдат – бошқаришлик, машойихларнинг кўринишида қиёдат – йўлбошлашлик нури этиб, уларнинг қалбу шуурларига жойлади. Аллоҳ таоло: -Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, унга тобе бўлиш ва итоат қилиш, ҳар ҳолига рози бўлиш билан ва қолаверса, гўзал ахлоқ ва муомалалар билан ҳидоятимни эгалласа, уни зинҳор адаштирмайман. Тўғри, ҳақ йўлдан оздирмайман. Бадбахтлардан ҳам қилмайман. Савобу жаннат ва бошқа олий неъматлардан маҳрум қилмайман ва уни ҳижрон имтиҳонига қолдирмайман,- деб ваъда беради.
Кимики, Мени зикримдан юз ўгирса, яъни Мени ёд этишни лозим тутмай, Менинг ҳидоятимга юрмаса, тўғри ҳақ йўлдан юришни хоҳламаса, бас, унга жуда машаққатли ҳаётни берурмиз. Бу машаққатлар унинг қалбини азоблаш билан бўлади, ҳар бир ишига, йўлларига парда ташлаб қўйиш, эшикларни унга ёпиб қўйиш билан амалга оширилади. Зеро, Аллоҳнинг зикри қалб калитидир, ундан юз ўгириш эса, унинг эшигини ёпишдир.
Зикри Ҳақ мифтоҳ бошад, эй Саид!
То набикушойэ дар жон бе калид!
Чун малак зикри Худоро кун ғизо,
Ин бувад доим маоши авлиё!
Азизим! Ҳақнинг ёди бир мифтоҳдир,
Очилмас дилу эшиклардан паноҳдир!
Фаришталар озуқланур зикри Худо ила,
Валийларнинг тириклиги Ани ёди ила!
(Юз ўзирганларни қиёмат куни) Маҳшаргоҳда жамлагаймиз.
Мазкур маъно ҳақида “Баҳрул улум” асари соҳиби Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ шундай деган: -Ҳашр қайта тирилиш, жамлаш маъноларида келади. Оятда биринчи маъно ирода қилинган. Яъни, қайта тирилтирамиз.
Қиёмат куни кўзлари кўр ҳолатда бўлади. Кўз нурларини йўқотган ҳолда қайта тириладилар. Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло юз ўгирувчилар ҳақида шундай огоҳлантиради: Қиёмат куни уларнинг юзларини кўр, кар ва сақов ҳолда қайта тирилтирамиз. Бақлийнинг “Ароис” асарларида: ...Бу дунёда жоҳил ва ғофил бўлгани каби уларни Ҳақдан ғофил ва жоҳил қилиб тирилтирамиз. Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳ айтдилар: -Ким бу дунёда Аллоҳни танимаса, охиратда ҳам Уни танимайди.
Демак, намозлардан кейин ўқилаётган тиловатни эшитмай, уни писанд қилмай чиқиб кетувчилар қиёмат куни мана шундай кўр, кар ва сақов бўлиб қайта тирилишлари оғир мусибатдир. Улар ахир кўзларим кўрар эди-ку?! Нега кўр бўлиб қолдим?- деб ўзларини саволларга кўмиб ташлайдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: -Муфлис ким эканини биласизларми?- деб сўрадилар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Асҳоблар розияллоҳу анҳум: -Муфлис дирҳами, матоҳи, бирон нарсаси йўқ кишидир,- дедилар. –Менинг умматимдан бўлган муфлис,- дедилар соллаллоҳу алайҳи ва саллам,- Қиёмат куни намоз, рўза ва закотлари билан келади, ваҳоланки, буни сўкиб озор берган, бунисига туҳмат-буҳтон қилиб азият берган, уни қонини тўккан. Буларнинг ҳаммасини ҳаққини тўлайди: ўз савоб ва яхшиликларини уларга беради. Савоби қолмаса, уларнинг хато ва гуноҳларини бўйнига олади. Шундан кейин, оташи дўзахга отиб юборилади. (Мана шу муфлисдир!) Муслим ва Термизий ривоятлари.
Бир оғиз “бидъат” деган сўз билан кимларга ва қандай Зотга тош отаётганларини билармиканлар. Бу қандай ҳам оғир сўз эканини тушуна олар эканларми!? Кўр, кар ва сақов бўлиш олдида барча савоблардан маҳрум бўлиш, бировларнинг хато ва гуноҳлари учун жазо олиш қандай машъум қисмат эканини, наҳот уларга маълум бўлмаса!?
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси,
“Яккасарой” масжиди имом хатиби З.ШАРИФОВ