Гиёхвандлик аср вабоси
Худои таборак таоло дунёдаги лаззатларни ва роҳатларни икки кисмга бўлган ҳалол лаззатлар ва ҳаром лаззатлар. Ҳаром лаззатларни Аллоҳ таоло Ўзининг китобида ва Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадиси шарифларида бирма бир зикр қилиб ўтганлар.
Азиз диндошлар, илоҳий, азалий бир қоида мавжуд: “Ким бу дунёнинг ҳаром лаззатларидан ўзини тийса, Аллоҳ таоло унга бу дунёда иймон ҳаловатини, ибодат лаззатини ва қолган ҳалол роҳатларни насиб қилади ва охиратда эса уни абадий лаззатларга муяссар қилади.
عَنْ سَالِمِ بن عَبْدِ اللَّهِ , عَنْ أَبِيهِ , قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ وَكُلُّ مُسْكِرٍ حَرَامٌ
“Ҳар бир маст қилгувчи хамрдир. Ҳар бир хамр ҳаромдир”
Нима нарса инсонни маст қилса, ақлини кетказса у ҳаром бўлади. спиртли ичимликми, гиёҳванд нашаларми ёки бирор моддаларни ҳидлаб маст бўладими барибир ҳаммаси ҳаром.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ ، وَمَا أَسْكَرَ كَثِيرُهُ فَقَلِيلُهُ حَرَامٌ
“Ҳар бир маст қилувчи нарса хоҳ у кўп бўлсин, хоҳ у озгина бўлсин барбир ҳам ҳаром”
Мен озгина ичаман маст қилмайди ёки озгина истеъмол қиламан дейишлик тўғри келмайди. Расулуллоҳ с.а.в. шариат ҳаддини, чегарсини бизларга билдириб қўймоқдалар. У озми кўпми ҳаммаси бир ҳукмда.
عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ، قَالَتْ:نَهَى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ وَمُفَتِّرٍ
“Расулуллоҳ с.а.в. ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар”
Пайғамбаримиз с.а.в.нинг мўъжизалари ушбу ҳадис шариф билан маълум бўлмоқда. “ҳар бир бўшаштирувчи” деганларида ҳозирги тил билан айтилганда наркотик моддаларининг алоҳида васфидир. Чунки бундай вабо, яъни наркотик моддалари ибтидоси, бошланиши ҳижрий 10 асрлардан бошланган. Фиқҳий китобларимизда ана ўша асрдан бошлаб, бу хилдаги масалалар кириб келган. Шайх Санъоний “Субулус салам” китобларида шундай фатво берганлар: “Нима бўлса ҳам, маст қилуви нарса ҳаромдир, хоҳ у нашага ўхшаган ичилмайдиган нарса бўлса ҳам”. Шайх ал Хаттоб ўзларининг “Мавоҳибул Жалил” номли китобларида наша билан афюнни хамр деб санаганлар. Барча уламолар иттифоқ бўлиб: “Гиёҳвандлик моддалари орқали қилинган тижорат ҳаромдир, уларни истеъмол қилган ҳолда намоз ўқиган одамнинг намози қабул эмас, улардан келган фойда ҳаром, уни садақа қилса гуноҳкор бўлади, яхшилик ишларга ҳам ишлатиб бўлмайди” деб фатво беришган.
Расули Акрам с.а.в. бизларни бундай иллатларга нисбатан қандай йўл тутмоқлигимизни барчамизга буюриб дейдилар:
قَالَ أَبُو سَعِيدٍ الْخُدْرِيُّ : سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ، يَقُولُ : مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَإِنِ اسْتَطَاعَ أَنْ يُغَيِّرَهُ بِيَدِهِ فَلْيَفْعَلْ ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ ، وَذَلِكَ أَضْعَفُ الإِيمَانِ
“Сиздан ким ёмон – мункар қайтарилган ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар бунга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, дили билан, ана ўша иймоннинг заифлигидандир”
Демак, ўзнинг дийни ва Ватани учун қайғурадиган ҳар бир мусулмон, ўзини иймонли деб ҳисоблайдиган ҳар бир мўмин бу юклатилган бурчни тўлалигича бажариши лозим. Чунки бу аввало Аллоҳ ва унинг Пайғамбарининг амри сўнгра ўз халқи учун ғамхўрликдир!
Биринчи навбатда, имкони борлар бу мункар ишни қўли билан, яъни амалий равишда ўзгартиришга ҳам хақ-ҳуқуқлари, ҳам имкониятлари бор. Булар гиёҳвандлик олдини олишга оид барча ишларда ишлайдиган масъул шахслар кирадилар. Уларнинг бурчлари шуки, гиёҳванд моддаларнинг чегарадан олиб ўтилмаслиги учун ҳушёр турган чегарачи ҳам, ҳийла йўли билан наркотикларни олиб ўтишга уринганларни фош қилишда ташаббус кўрсатган божхона ходими ҳам, гиёҳвандларни даволаш билан шуғулланадиган шифокор ҳам ва бошқа шунга ўхшаш вазифаларни адо этаётган шахсларнинг барчаси ҳам кирадилар.
Иккинчи даражаси мункар ишни тил билан қайтариш. Бу балога қарши, бу иллатнинг олдини олиш ишларни тарғибот ва ташвиқот қилиш. Албатта, мусулмон уламолари бу рўйхатнинг бошида турадилар. Шу билан бир қаторда ахборот воситалари маъуллари, ёзувчилар ва зиёли инсонлар киради.
Агар шунга қодир бўлмаса, ҳадиси шарифда айтилганидек, гиёҳвандликка дили билан қарши бўлмоғи лозим. Ҳеч бўлмаганда озгина иймон нури шуъла уриб турган бўлса, унга дили билан қарши бўлмоғи лозим. Қўлидан ва тилидан ҳеч иш келмадими, демак уларга қўшилмаслиги, уларга рози бўлмаслиги керак. Иймонни бақувват кишилар эса гиёҳвандларга қўли ёки тили билан қаршилик кўрсатади, бу ёмонликни, мункарни ишни бартарф қилишга уринади.
Гиёҳвандиликка қарши курашдек савобли ишга ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим ва шартдир!
Маколамиз бир сунггини ҳадиси шариф билан тугатсак, мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлайман:
يَقُولُ سَمِعْتُ النُّعْمَانَ بْنَ بَشِيرٍ - رضى الله عنهما - عَنِ النَّبِىِّ - صلى الله عليه وسلم - قَالَ « مَثَلُ الْقَائِمِ عَلَى حُدُودِ اللَّهِ وَالْوَاقِعِ فِيهَا كَمَثَلِ قَوْمٍ اسْتَهَمُوا عَلَى سَفِينَةٍ ، فَأَصَابَ بَعْضُهُمْ أَعْلاَهَا وَبَعْضُهُمْ أَسْفَلَهَا ، فَكَانَ الَّذِينَ فِى أَسْفَلِهَا إِذَا اسْتَقَوْا مِنَ الْمَاءِ مَرُّوا عَلَى مَنْ فَوْقَهُمْ فَقَالُوا لَوْ أَنَّا خَرَقْنَا فِى نَصِيبِنَا خَرْقًا ، وَلَمْ نُؤْذِ مَنْ فَوْقَنَا . فَإِنْ يَتْرُكُوهُمْ وَمَا أَرَادُوا هَلَكُوا جَمِيعًا ، وَإِنْ أَخَذُوا عَلَى أَيْدِيهِمْ نَجَوْا وَنَجَوْا جَمِيعًا »
“Аллоҳнинг ҳадди – чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга ҳожатлари тушса, юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар: “Юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак, қандоқ бўларкин”, дедилар. Агар уларни истаклари ила қўйиб қўйсалар, ҳаммалари ҳалок бўлурлар. Агар уларнинг қўлларидан тутсалар, улар ҳам, бошқалар ҳам – ҳаммалари нажот топурлар”.
Бугунги кунимизда гиёҳвандлик қилаётганлар, у моддаларни етиштириб, ишлаб чиқараётганлар, ташиётганлар, уларга шароит қилиб бераётганлар, у наркотик моддаларни сотаётганлар – барча-барчалари ҳаммамизниг ҳаёт кемамизни тагидан тешиб ғарқ этишга ҳаракат қилаётган жоҳиллардир. Агар кўплашиб уларнинг қўлидан тутмасак, ҳаммамиз бараварига ғарқ бўлиб, ҳалокатга учрашимиз турган гап. Аллоҳ таоло мана шундай мункар бўлган ишларни қайтаришликда Ўзи бизларга маддакор бўлсин!
Андижон вилоят Хужаобод туман «Еттичинор» жоме масжиди имом хатиби М. Косимов