Инсон – азиз мавжудот
Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар ва пайғамбаримизга саловоту саломлар бўлсин. Чексиз қудрат ва ҳикмат эгаси Аллоҳ таолодир. У яратган мавжудотлар хилма-хил бўлиб, хар бирининг ўзига хос хусусияти ва ҳаёт тарзи бордир.
Бир-бирига ўхшамас жиҳатлари кўп. Баъзиси ўтхўр, баъзиси йиртқич. Баъзисининг маскани қуруқлик бўлса, баъзиси ўзига сувлик ва ботқоқликни макон тутган. Лекин биргина жиҳат уларни бирлаштиради. Бу ҳам бўлса, улардаги яшаш учун кураш Динимиз кўрсатмаларидан маълумки, ҳаёт-Аллоҳ таолонинг бебаҳо неъматидир. Аллоҳ таоло Мулк сурасининг 2-оятида шундай марҳамат қилади: “(У) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У қудратли ва мағфиратлидир”.
Бу оятдан маълумки, ҳаёт ўткинчи бўлиб, у инсонни абадий саодатга элтувчи кўприк вазифасини бажаради. Дунё ҳаёти эса хар кимга ҳам насиб қилаверадиган неъмат эмас. Кимгаки бу ҳаёт насиб этган бўлса, у Аллоҳнинг улуғ марҳаматига сазовор бўлган бўлади. Дунёда инсон бўлиб яралиш эса катта шарафдир. Аллоҳ таоло Қуръонда бандаларини улуғлаб шундай дейди: “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни мукаррам қилиб қўйдик”. (Исро,70-оят)
Яна бир ояти каримасида Ҳақ Таоло ўзи яратган мавжудотлар ичида инсон энг мукаммал хилқат эканлигини эътироф этиб шундай дейди; “Батаҳқиқ биз инсонни энг яхши суратда яратдик”.(Тийн,4-оят) Бошқа бир оятда эса “У(Аллоҳ) сени аъзоларингни чиройли ва мўътадил қилиб яратган. Ўзи ҳоҳлаган суратда сени таркиб қилди.” - дейилган. (инфитор.7-8 оятлар )
Ушбу оятларда инсон яратилиш жиҳатидан махлуқотларнинг энг мукаммали эканлиги баён этилди. Бу унинг ташқи кўринишида ва тузилишида намоён бўлиши айтиб ўтилди. Инсон танаси шунчалик мукаммал яратилганки, ҳаттоки энг кучли механизм ҳам у каби аниқ ишламайди. Масалан инсон юраги ҳосил қилган босим қонни 7 метр баландликка сочиши мумкин. Ҳар дақиқада эса инсон танасида 3000000 га яқин ҳужайра нобуд бўлади ва хар куни 3000000000 янги ҳужайра пайдо бўлади. Бу ўз навбатида инсон ҳаётийлигини таъминлайди. Шунингдек Аллоҳ Таоло инсонга ер юзидаги барча неъматларини инъом қилди. Бу ҳақда каломида шундай марҳамат қилди.
“У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган Зотдир” (Бақара 29-оят).
Бошқа ояти каримада “Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни- ҳаммасини Ўз томонидан бўйсиндириб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-белгилар бордир”-дейилади. (Жосия.13-оят). Дарҳақиқат инсон, уни ўраб турган оламни мулоҳаза қилиб кўрса борлиқнинг унга итоат этаётганига .гувоҳ бўлади. Масалан инсонни ризқи бўлган турли ўсимликлар ҳам, чорва ҳайвонлари ҳам ёмғир суви билан озиқланиб унинг учун ризқ бўлади. Аллоҳ Таоло бу ҳақда Муқаддас Каломида шундай дейди; “Биз шамолларни урчитувчилар этиб юбордик. Бас, осмондан сув тушириб, у ила сизларни сероб қилдик” (Ҳижр.22-оят). Бошқа оятда эса “Ва ерни қақраган ҳолда кўрасан. Қачонки, Биз унга сув туширсак, у сесканар ва кўпчир. Ҳамда ҳар хил гўзал жуфтларни ўстирадир” – дейилади (Ҳаж.5-оят). Биз гўштини истеъмол қилаётган жонзотларнинг инсон манфаати учун бўйсиндирилгани ҳам инсоннинг улуғлигига далолат қилади. Ваҳоланки уларнинг ҳам эркин яшашга ҳаққи бор. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади. “Ер юзида юрувчи ҳар бир жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир”. (Анъом.38-оят)
Динимиз кўрсатмаларининг барчаси ҳам айнан инсонни улуғлашга қаратилган. Бас шундай экан бу азизликни сақлаш ўз қўлимизда.
“Қорабошбой” жоме масжиди имом-хатиби Иманов И.М.