Фитнадан сақланинг

Маълумки, фитна одам ўлдиришдан ҳам кўра ёмонроқдур. Араб тилида “фитна” сўзи луғатда «синов, имтиҳон» маъносида келади. Арабларда маъданни ўтга солиб синаб кўриш «фитна» дейилади. Истилоҳда кишиларни диндан қайтариш, динга қарши ҳаракатга чорлаш фитна саналади. Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир. Маънавий соҳада инсоннинг имон-эътиқоди, шариатга амал қилиши,

унинг инсоний фазилатлари рўёбга чиқишига тўғаноқ ёки синов бўладиган барча нарсалар ҳам фитна ҳисобланади.
Исломнинг илк даврларидаёқ Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни динда бўладиган турли фитналардан огоҳлантирган эди. Биргина Бақара сурасининг тўртта оятида мусулмонларни мушриклар ва мунофиқларнинг фитналаридан огоҳлантириш ҳақида сўз боради:
“Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар”.
Аллоҳ субҳоноҳу ва таоло Қуръони каримда “Анъом” сурасининг 151-153 оятларида шариат аҳкомларидан ўнтасини баён қиладики, “Қуръоннинг таржимони” деб ном олган улуғ муфассир, саҳобий, юксак илм соҳиби Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича бу оятлардаги ҳукмлар ҳеч бир китобларда мансуҳ бўлмаган Яъни на Тавротда, на Инжилда на Забурда ва на бошқа илоҳий саҳифаларда бу ҳукмлар ўзгармаган. Ислом шариатида ҳам шу аҳкомлар жорий қилинган: 
1. Аллоҳга ширк келтирмаслик.
2. Ота онага яхшилик.
3. Боласини ўлдирмаслик.
4. Бузуқфаҳш ишларга яқинлашмаслик.
5. Аллоҳ ўлдирилишини ҳаром қилиб қўйган кимсани ноҳақ ўлдирмаслик.
6. Етимнинг молига яқинлашмаслик (хиёнат қилмаслик).
7. Ўлчов ва тарозида вафо қилишлик.
8. Адолат билан сўзлашлик.
9. Аллоҳнинг аҳдига вафо қилишлик.
10. Ҳар хил йўлларга эргашиб, Аллоҳнинг йўлидан бўлиниб кетмаслик.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ муснадларида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўли билан бир чизиқни чиздилар ва: ”Бу – Аллоҳнинг тўғри йўли”, – дедилар. Чизиқнинг ўнг ва чап томонидан яна (чизиқлар чизиб): “Бу йўллар шундай йўлларки, ҳар бирида шу йўлларга чорлагувчи шайтон туради”, дедилар. Сўнг “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдурки,унга эргашинг ва (турли бошқа) йўлларга эргашмангки,сизларни Унинг йўлидан бўлиб юборур” оятини ўқидилар.
Ҳазрат Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бир ҳадисда марҳамат қилишларича йўлнинг бошида бир чорлагувчи: “Эй инсонлар! Тўғри йўлга жам бўлиб киринглар ва бўлиниб кетманглар!” – деб туради. Бу чорлагувчи – Аллоҳнинг китоби. Қачонки инсон нотўғри йўл эшикларини очишни ирода қилса, йўлнинг тепасида яна бир чорлагувчи “Эй шўринг қургур, очма уни!” – деб туради. Бу чорлагувчи – ҳар бир мусулмоннинг қалбидаги Аллоҳнинг насиҳат қилгувчиси ( яъни илҳоми). (Имом Аҳмад, Термизий, Насаийлар ривояти)
Эй адашган фирқаларнинг найрангларига ишонган банда! Бу насиҳатлар имомлар томонидан неча бор такрорланиб туришига қарамай, тафриқага бўлинишликка сени нима мажбур қилмоқда? Агар сен ўзингни мазкур Жаннатга элтгувчи йўлдаман, деб ўйласанг, шошилмай тафаккур қилиб кўр – сен тутган йўл саодат асридан бери узилмай келган йўлми ёки янги чиққан йўлми? Янги пайдо бўлган йўлда бўлсанг кўзингни оч! Салафларнинг йўлларига улан!
Яна тафаккур қил – сен юрган йўлдагилар кўпчиликми ёки сенинг хилофингдагиларми? Аниқ статистик маълумотларга қарасанг ҳам биласан, дунёдаги мусулмонларнинг энг кўпи аҳли сунна вал жамоада. Шуларнинг ичида кўпроғи ҳанафий мазҳабда. Сарвари олам саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳ умматимни залолатда жам қилмайди” деганларини билмайсанми?! Инсоф қил, шундай катта жамоадан қолма!
Аллоҳ таборака ва таоло “Оли Имрон” сурасида марҳамат қилади –
“Аллоҳнинг арқонини жам бўлган ҳолда тутинглар ва бўлиниб кетманглар!”
“Арқон”ни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурон деб тафсир қилганлар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу умматнинг етмиш уч фирқагача бўлиниб кетишини башорат қилганлар. Шу етмиш уч фирқадан фақат биттасигина нажот топиб, қолганлари ҳалокатга кетишини унутмайлик.

 

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ
Асака туманидаги "Холид ибн Валид" жомеъ масжиди имом хатибининг ноиби 
Жўрабек Раҳматитиллаев
Асака туманидаги "Икром ҳожи" жомеъ масжиди имом хатиби