Мулла бўта қози жоме масжиди

Мулла бўта қози  жоме масжиди

Маълумот: “Мулла Бўта Қози” жоме масжиди
Ҳозирги вақтда Мулла Бўта Қози мажмуаси Пискент туманининг Муротали қ.ф.й. худудидаги Муротали қишлоғида жойлашган. Мазкур мажмуанинг 1901-1903 йилларда маҳаллий фуқаро Эшонқул ўғли Бўта томонидан қурилгани архив ҳужжатлари орқали аниқланди.
Эшонқул ўғли Мулла Бўта Қози ҳақида “Мулла”, “Қози” деган шарафли номга сазовар бўлган Эшонқул ўғли Мулла Бўта Қози 1870 йилда Пискент туманининг Муротали қишлоғида таваллуд топган. Табиатан ақл идрокли, зийрак, ўткир зеҳнли бўлган. Билимга чанқоқ, илм-фанни ўрганишга ҳаваси кучли бўлиб, диний билимларни жуда пухта ўрганган. Ижтимоий сиёсий ҳаётда муҳим ўрин тутган. Унинг “Мулла” деб аталишидан билимли инсон бўлганини – “Қози” унвонидан амалдор бўлганини билиш мумкин.
Мулла Бўта Қози ўзига тегишли 300 га ерида пахтачилик, чорвачилик, боғдорчилик билан шуғулланган. Бундан ташқари, унга тегишли 2 та ғишт ишлаб чиқариш заводи бўлган. У тахминан 1911-1913 йиллардан Карвонсарой (Меҳмонхона) қурдирган. Мулла Бўта Қози 1927 йилда маърифатпарвар, халқпарвар, элу-юртга фойдаси тегувчи шахсларга нисбатан ноўрин айблов билан қатағонга учраганлар қаторида у ҳам Фарғона водийсига сургун қилинган, мол-мулки мусодара қилинган. 1932 йилда Пискентнинг Қирққизобод қишлоғига қайтиб келган. 1934 йилда вафот этиб, Қирққизобод қабристонига дафн қилинган. Андижон вилояти, Олмалиқ шаҳри ва Пискент туманида невара-чеваралари кўпгина соҳаларда юрт равнақи учун хизмат қилиб келмоқдалар.
Мулла Бўта Қози мадрасасининг 22 ҳужраси бўлган (хозир 18), битта ёзлик пешайвон ва қишлик хонақолардан иборат масжид қўшиб қурилган. Масжид биносининг баландлиги 5 метр, мадраса ҳужраларининг баландлиги 2.80-3 метр атрофида. Мажмуа ҳудуди 0.36 га бўлиб, шундан масжид биноси 0.03 га, мадраса хужралари биноси 0.10 га жойни эгаллаган, бино ҳозиргача сақланиб қолган.
Мулла Бўта Қози мажмуаси мадраса сифатида 1903 йилдан 1927 йилгача фаолият кўрсатган.
Мулла Бўта Қози мадрасасидаги 22 та ҳужранинг ҳар бирига 4 нафардан талаба жойлашган.
Бу орада мадрасадан кўплаб зиёлилар етишиб чиққан. Мулла Бўта Қози халқни зиёли, маърифатли қилиб тарбиялаш мақсадида қўшни вилоятларга бориб дарс берувчи мударрисларни олиб келган. Масалан, андижонлик Абдурахмон қори “Қуръон тиловати” дарсидан сабоқ берган. Бу кишининг фарзанд ва набиралари Муротали қишлоғида ҳозиргача истиқомат қилишади. Кучли, билимли мударрислар қўлида зиёли инсонлар етишиб чиққан. Чинпўлат қори, Худойберди қорилар, шунингдек илм-маърифатли инсонлар бўлиб етишган Отабий ўғли Мулла Жўра, Мулла Абдурахмон, Тожиддин ўғли Мулла Отабой каби шулар жумласидандир. Улар мадрасада олган билимлари билан қатоғон йиллари ва шўроларни диндорларга тайзиқи даврларида ҳам халқ хизматида бўлганлар.
1927-1932 йилларда мадраса шифохонага айлантирилган. Шунингдек, 1932 – 1973 йилларда мажмуа ўрта мактабга айлантирилган, шу даврда мадрасани масжид қисмини ёзги айвони девор билан ёпилган ва спорт залига мослаштирилган. 1973-1975-йилларда таъмирланиб 1988 йилларда яна шифохонага айлантирилган, баландлиги 5 метрли мадрасани масжид қисмини шифт қисми 2.80 м баландликда фанер билан ёпилган. Ҳужралар палата вазифасини бажарган. 1988-1990 йиллар орасида Мулла Бўта Қозининг фарзандлари ва набиралари ташаббуси билан мажмуа қайта таъмирланган. 1990 йилдан “Мулла Бўта Қози” жомеъ масжиди сифатида иш фаолиятини бошлаган.
1990-1996 йил март ойигача Тожикистон фуқороси Мирсаидов Алижон имом-хатиблик вазифасини бажарган.
1996 йил март ойидан бошлаб имом-хатиб вазифасида Зайнилобиддинхон Қудратов фаолият юритмоқда.
Маълумотларни З. Қудратов архив хужжатлари ва Мулла Бўтани фарзандлари, неваралари ва қишлоқни зиёли қариялари билан сухбатлар асосида жамлади.

Масжид имом-хатиби: Қудратов Зайнилобиддин
Масжид манзили: Тошкент вилояти, Пискент тумани, Муротали ҚФЙ, Муротали қишлоғи
Масжидга олиб борадиган транспортлар:
Пикент шаҳрини марказидан Пискент-Муротали такси йўналиши билан борилади
Автобус:
Маршрут: