«Ислом ота» жоме масжиди

«Ислом ота»  жоме масжиди

 

Маълумот: Юрт ободлиги, халқнинг юксак маданияти белгиларидан бири илм-маърифат ва ибодат масканларининг ободлигидир. Масжидларнинг кўркамлиги халқнинг маънавияти ва эстетик дидини ҳам кўрсатиб туради. Юртимиздаги масжидларнинг бугунги чиройи замирида жуда катта маънолар бор.

2016 йил 7 октябр – ҳижрий Зулҳижжа ойида муборак Жума куни Тошкент шаҳар Яшнобод туманида муҳташам «Ислом ота» жомеъ масжиди қайта қурилишдан сўнг фаолият бошлади.

Масжид биноси 2015 йил баҳор ойида чиққан ёнғидан бутунлай куйиб, тамоман яроқсиз ҳолга келган эди. Бинониннг қолдиқларини бузиш жараёнида бунга яна бир бор амин бўлинди. Шу боис, масжид мутасаддилари ва маҳалла фаолларининг таклифига биноан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги масжидни тубдан бошқа қуришга рухсат берди.

Масжидни тиклаш ишлари ўтган йилнинг сўнгида бошланиб 9 ой давом этди. Бугун жомеъ масжидининг умумий майдони қарийб икки баробар ошган бўлиб, 2900 квадрат метрдан 5400 квадрат метргача катталашди. Эндиликда масжид 1500дан зиёд киши (биринчи қаватда 750, иккинчи қаватда 850 дан ортиқ киши) намоз ўқиши мумкин.

Масжиднинг асосий биноси баландлиги 22,1 метрни ташкил этувчи гумбаз, 36,65 метрлик катта минора ва ҳар бирининг баландлиги 10,82 метр бўлган тўртта кичик миноралардан иборат.

Янги қурилган мажмуада бугунги кунда бошқа жомеъ масжидлардан фарқли ўлароқ кутубхона ташкил этилди. Кутубхонада бугунги кунда 300 турдаги 1500 га яқин китоблар, қўлёзмалар мавжуд.

Замонавий таҳорат хоналари ҳам барпо этилди. Бир вқтнинг ўзида 100 га яқин киши таҳорат олиш имконига эга. Имконияти чекланган инсонлар учун зарур ускуналар, ҳавони тозалаб берувчи қурилма ва кондиционерлар тизими мослаб ўрнатилди. Масжид ҳовлисида дам олиш жойлари ҳам яратилди.

Масжиднинг Фарғона йўли бўйида, халқаро аэропорт яқинида жойлашгани алоҳида эътиборга молик. Пойтахтга келаётган меҳмонлар масжидни зиёрат қилиб, покланиб, хайрли дуолар билан кириб келадилар. Зотан, масжид инсонларни маънавий покловчи муқаддас даргоҳдир. Хусусан ушбу масжид бирор кишини бефарқ қолдирмаса керак.

Масжид замонавий қурилиш талабларига тўлиқ жавоб бериш баробарида, қадимий Шарқ меъморчилик мактаби анъаналарини ҳам ўзида акс эттирган. Қурилишда  нафақат юртимизда, балки Марказий Осиё минтақасида ўз соҳасида обрў қозонган, мамлакатимиз бўйлаб жуда кўп катта-катта иншоатларни барпо қилиб келган қўлигул усталари ишлади. Энг муҳими ‒ мажмуанинг маънавий «архитектор»и бор, аҳли Қуръон, аҳли илм одам бош бўлиб тургани ҳамма ишда яққол балқиб турибди. Масжид деворларидаги ёзувлар, бетакрор нақшлар юксак дид билан поклик асосида ишланган.

Тошкент шаҳрининг энг эски масжидларидан бири саналмиш ва уч юз йиллик тарихга эга “Ислом ота” масжидининг қайта тикланиши – халқимизнинг диний-маънавий қадриятларини сақлаб қолишга ёрдам берувчи чинакам тарихий ҳодисадир.

Масжидга киришда маҳобатли бир мезана қад кўтарган. Чап қўлда очиқ айвон бор бўлиб, иссиқ кунларда намозхонлар учун жуда ҳам қулай. Қибла тарафда жойлашган кутубхонани эса ушбу масжиднинг хусусиятларидан бири дейиш мумкин. Имом ва ноибларга тайёрланаётган замонавий қулайликларга эга катта-кичик хоналар ҳам турли хил нақшларга бой. Масжид саҳнисида шаклдор гулзорлар яратилган. Хонақоҳга киришдаги равоқ устига масжидга киришда ўқиладиган дуо битилган. Эшикнинг усти ва икки тарафига намоздан кейин айтиладиган такбир, тасбеҳ ва таҳмид жуда ҳам гўзал шаклда қайд қилинган. Хонақоҳ ўртасидаги тўрт устун ўзига хос салобати билан кўкни тутиб тургандек. Меҳробдаги нақшлар Марказий Осиёда ҳали ўхшаши йўқ. Меҳроб тепасига Бақара сурасининг 144-ояти ёзилган. Икки тарафида «Аллоҳ» ва «Муҳаммад» калималари араб ҳарфларида битилган. Меҳроб шаклидаги икки томондаги нақшлар устига шаҳодат калимаси ёзилган. Хонақоҳнинг қоқ ўртасидаги гумбазга Фотиҳа сураси битилган. Унинг пастидаги тўртта ярим доира гумбазлар кўзни қамаштирадиган нақшлари билан безанган. Гумбазлар ўртасида тўрт рошид халифа - Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумнинг исмлари битилган бўлиб, аҳли суннанинг белгиси сифатида масжидга алоҳид маҳобат бахш этган. Хонақоҳ деворининг юқори қисмига - «қалби»га айланасига Қуръоннинг қалби “Ёсин сураси” олтин ҳарфлар билан тўлиқ ёзилган бўлиб, бу самовий «нақш» биздаги бошқа бирор масжидда учрамайди. Тўрт устунни Чорқул ‒ Кофирун, Ихлос, Фалақ ва Ан-Нос суралари безаб туради. Умуман олганда, мажмуадаги нақшларни таърифлашга тил ожиз, жуда ҳам завқбахш, бетакрор.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтиш ўринли. Кўпинча нақшларда бошқа дин ва маданиятларнинг махсус белгилари, эътиқод рамзлари ҳам учраб қолади. Бу ҳолат ўта бепарволикдан ёки қадимдан ҳунармандлар ичида бошқа дин вакилларининг ҳам ишлари тарқаб келганидан юзага келган. Бунинг олдини олиш учун, айниқса, масжид қурилишларида аҳли илм, тажрибали кишиларнинг маслаҳатлари билан иш юритиш мақсадга мувофиқдир.

Масжиднинг яна бир энг катта бойлиги ‒ унга ҳомий Лола Каримова-Тиллаева томонидан совға қилинган Каъбапўш бўлагидир. Эни 1.30 м, узунлиги 3 метрдан зиёда бу муборак матога Бақара сурасининг 125-оятининг бир қисми тилла ип билан битилган. Каъбапўш хонақоҳнинг кириш эшиги устига осилган.

Масжидга битилган ояти карималар, умид қиламизки, эл-юрт учун баракага сабаб бўлади. Бу муборак масканларда қилинадиган ибодату дуолар турли бало-офатлар рад бўлишига ва хайру баракага мўл бўлишига сабаб бўлади, иншоаллоҳ. Муҳими ‒ масжидлар ёш авлодни маънавиятли, баркамол инсонлар бўлиб тарбия топишларида, уларни турли адашган оқимлар, зўравон тўдалар таъсирига тушиб қолишдан асрашда жуда катта ўрин тутади. Ушбу масжид ҳам ана ўшандай даргоҳлардан бири бўлади.

Аждодларимиздан қолган шундай бир ибратли маълумот борки, Буюк ипак йўли бўйлаб Тошкент томон ойсиз тунларда қатновчи карвонлар қоронғуда узоқдан ушбу масжиддан таралиб турган нурни кўриб у томон юриб келишаркан. Ушбу файзли даргоҳда турли йилларда Мулла Нофий домла, Исҳоқ Махдум домла, Исмоил Маҳдум домла, Аҳмаджон домла ва Раҳматилла Қори домла хизмат қилиб келганлар. Бугунги кунда масжиднинг имом-хатиби вазифасида Абдулҳаким қори домла хизмат қилиб келмоқдалар.

Янги тикланган бу масжид ҳар тарафлама мукаммал, қулай, кўркам ва ҳузурбахшлиги билан ажраб туради. Уни Ўзбекистон масжидларининг «келинчаги» деса бўлади. Бундай улуғ ишлар ҳар қандай инсофли одамнинг кўнглига сурур, шу юртнинг фарзандиман деган ҳар бир кишига ғурур бахш этиши табиий.

“Ислом ота” масжиди бундан кейин ҳам Ислом динининг эзгулик, тинчлик, меҳр-мурувват, раҳмдиллик, муҳтожларга ёрдам бериш каби қадриятларини тарғиб қилувчи муҳим маънавий-диний маскан бўлиб қолишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

Манба: islomota.uz

Масжид имом-хатиби: Жасурбек Раупов Тўра ҳожи ўғли
Масжид манзили: Заркент кўчаси.
Масжидга олиб борадиган транспортлар:

Автобус: 7; 12; 26; 37; 68; 93
Маршрут: 13; 26

Жасурбек Раупов Тўра ҳожи ўғли 1975 йили Бухоро вилояти Ғиждувон туманида туғилган. Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини (1993-1997), Андижон давлат университетининг иқтисодиёт-маркетинг факультетини (2000-2006) тамомлаган. Имом ал-Бухорий халқаро марказида малака оширган.
50 дан ортиқ илмий ва маърифий мақолалари чоп этилган. «Аёл — жамиятимиз файзи» китоби муҳаррири.
1997 йилдан бери Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида меҳнат қилади.
1999 йилдан Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги “Носирхон” жоме масжид имом-хатиби, 2002-йилдан Чилонзор тумани бош имом хатиби.
2010 йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари.
2017-йил 28 ноябрдан Яшнобод туманидаги "Ислом ота" жоме масжид имом хатиби этиб тайинланди.

 

 «Ислом ота» жоме масжидида рамазон шукуҳи (2017)

 

Масжиднинг аввалги холати

 


Рамазон-2013
«Рамазон туҳфалари»