Ҳазрати Имом жоме масжиди

Ҳазрати Имом жоме масжиди

 

 

Маълумот: Ҳазрати Имом (Ҳастимом)

Аллоҳ таолога ҳамду сано, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловотлар бўлсин. Ҳазрати Имом даҳаси бундан минг йил олдин хам халқимизнинг истеъдодли фарзанди — улуғ олим, фақиҳ, муфассир, муҳаддис, тилшунос ва шоир Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший  туфайли бутун Ислом оламида машҳур эди. Аллоҳнинг марҳамати билан мустақилликка эришган юртимизда бошқа улуғларимиз, табаррук гўшаларимиз қаторида Абу Бакр Қаффол Шоший ҳазратларига, ул зот туғилган, яшаган ва жасадлари қўйилган муборак тупроққа ҳурмат-эҳтиром кўрсатила бошланди. Шайх Хованд Тоҳур даҳаси, Кўкалдош ва Абулқосим мадрасалари, Занги ота, Қўйлиқ ота, Шайх Зайниддин зиёратгоҳи пойтахтимизнинг маънавий кўркидир. Булар орасида қадимий Ҳазрати Имом (Ҳастимом) маҳалласи ва бу ерда жойлашган Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон ва Мўйи Муборак мадрасалари, Тилла Шайх ва Намозгоҳ масжидларининг алоҳида ўрни ва аҳамияти бор. Бу олим ва унинг фаолияти ҳақида бироз тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Абу Бакр Қаффол Шоший

Ислом оламида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби  даражага эришган буюк алломалар орасида Имом Абу Бакр Қаффол Шоший  алоҳида ўрин эгаллайди. Замондошлари “Ҳазрати Имом” деб улуғлаган бу зотнинг тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал-Қаффол аш-Шоший бўлиб, араб манбаларида унинг номига «катта», «улуғ» маъносини ифодалайдиган «ал-Кабир» сўзини қўшиб ёзадилар. Аллома моҳир ҳунарманд бўлиб, қулфсозликда шуҳрат қозонганлиги боис «ал-Қаффол», яъни қулфчи, қулфсоз деган ном билан эъзозланган. У ўз замонасининг пешвоси бўлиб, фиқҳ, ҳадис, усул, тилшунослик илмлари бўйича тенги йўқ олим эди. Қаффол Шошийнинг номи Мағрибу Машриққа ёйилган .

Шамсуддин Заҳабий эса уни нафақат Мовароуннаҳр, балки Хуросон олими сифатида ҳам эътироф этади: “Хуросон олимларидан Абу Бакр Муаммад ибн Али иби Исмоил аш-Шоший аш-Шофиъий Қаффол Мовароуннаҳрда ўз даврининг имоми бўлиб, бир неча китоблар мусаннифи тасниф этган” .

Ислом Конференцияси Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият буйича муассасаси  АЙСЕСКО Тошкентни 2007 йили Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилди. Президентимизнинг Хастимом жамоатчилик жамғармасини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарори эълон қимлингач, жуда қисқа муддатда катта қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, муҳташам Ҳазрати Имом мажмуаси бунёд этилгани ҳам бу мақом бежиз берилмаганини кўрсатиб турибди.

Ёзувчи Абдулқаҳҳор Иброҳимов ёзишича, советлар замонида Абу Бакр Қаффол Шоший мақбарасининг ғарб томони сомонбозор бўлган. Олдидаги катта саҳн эса мол бозори эди. Бу ер табаррук жой экани, Қаффол Шоший улуғ олим ва авлиёлардан ҳисобланиши ҳеч кимнинг эсига келмас эди. Қирқинчи йилларнинг охири – эллигинчи йилларнинг бошларида мол бозори бу ердан бошқа ёққа кўчирилиб, ўрнини чайқов бозори эгаллади. Чайқов бозори ҳар куни эрта тонгдан кечгача давом этар, бу ердаги осори атиқалар оёқости бўлиб ётарди. Қаффол Шоший мақбараси эшигига қулф урилган, жоме масжид биносига ҳайдовчилар мактаби кўчиб келган эди. Бароқхон мадрасаси ҳужраларида ногиронлар яшарди.

Мадрасанииг жануби-шарқий бурчагидаги хонақоҳ керосин дўконига айлантирилганди. Мўйи Муборак мадрасаси ҳам қаровсиз қолиб, ёпиб қўйилган эди. Унинг жануби-шарқий бурчаги – Маҳв ота ҳовузи тарафидаги битта хужрасида носвой ва тамаки сотилар эди. Ҳастимом мавзесидаги шунча исломий бинолардан факат биттаси – Тилла Шайх жоме масжидигина ўз  вазифасини ўтарди, холос .

3иёвуддин ҳожи Ҳусниддин қори ўғли бу жойнинг ўтмишдаги ҳолатини шундай эслайди: “Уйимизгача Ҳазрати Имом Қаффол Шоший мақбараларидан уч юз одим ҳам чиқмайди. Шу боис мақбарага кўзим тушиши билан руҳиятимга бир нур ингандай бўлади. Лекин совет даврида динимизга қилинган ҳужумлар, имон эгаларига ўтказилган зуғумларни ўйласам, беихтиёр хўрлигим келади”.

Шорасул Шомаҳмудов эса шундай хотирлайди: “Фаҳм-фаросатли одам қабристонга эҳтиёт бўлиб қадам босади, аждодлар руҳини безовта қилишдан ўзини сақлайди. Аммо қадимий Тошкентнинг маркази, улуғларнинг мақбаралари бўлган бу табаррук жой совет даврида ҳақиқатдан ҳам қаровсиз аҳволга ташлаб қўйилган эди. Катта қабристон текисланиб, ўрнида аввал мол бозори, кейин чайқов бозори қилинди. Бу ҳам етмагандек, 60-йилларга келиб, худди шу жойда кинотеатр қуришди. Ҳаммаёкда қий-чув... Эмин-эркин ибодат, ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилиш имконияти йўқ эди”.

Эски Жўва бозори, Чорсу майдонига яқинлашганингиздаёқ шаҳарнинг шимолий тарафида осмонга бўй чўзган икки минорага кўзингиз тушади. Булар «Ҳазрати Имом» жоме масжиди миноралари. Уларнинг баландлиги 52 метр. Ўнг минорани хоразмлик Иброҳим ва Эркин уста, чап минорани эса самарқандлик Шариф уста жамоалари тиклашди.

Мажмуадаги ёзувларни Шайх Абдулазиз Мансур таҳрири остида Ҳабибуллоҳ Солиҳ, Исломбек Муҳаммад ва Абдулғофур Хақберди каби моҳир хаттотлар битганлар.

Масжиднинг гумбаз ва пештоқларига Фурқат Мансуров бошчилигидаги сопол тажриба комбинати моҳир мусаввирлари, Абдувоҳид Мамажонов, Арслон Норматов, Юнус Мавлонов, Дилором Муҳаммаджонова, Зулфия Исматова, Виктор Ган, Виктор Холодников, Сергей Иванов каби мусаввир-кошинпазлар ва кимё фанлари номзоди, тадбиркор Махсума Масъудова, уста кулол Абдубосит Мамажонов хамда шаҳрисабзлик уста Бозорбой Ботиров бошчилигидаги кошин терувчилар безак беришди.

Ана шу пештоқлар остида ўнг ва чап томондан масжид қанотларига, ўртадан эса жоме ҳовлисига кирадиган қўштабақа ўймакор ёғоч дарвозалар ўрнатилди.

Масжидда бир пайтда айвони билан қўшиб ҳисобланса, беш мингдан ортиқ киши намоз ўқий олади. Хонақоҳнинг узунлиги 77 метр, эни эса 22 метр, меҳроби билан қўшиб ҳисобланса 24 метр келади. Қанотлари бўйига 35, энига 25 метр.

 

«МЎЙИ МУБОРАК» МАДРАСАСИ

 

Янги жоменинг шимоли-ғарб тарафида мўъжазгина бир тарихий бино қад ростлаган. Унинг кунчиқарида кичикроқ, кунботарида каттарок ўймакор ёғоч эшиклари, ҳаворанг гумбази бор. У – «Мўйи Муборак» мадрасаси. Мадраса илк бор ХV асрда Бароқхон мадрасасининг қаршисида қурилган эди. Айтишларича, Хожа Аҳрор Валий то Самарқандга кетгунича, бу ерда бир муддат талабаларга дарс ҳам берган. Бироқ у мадраса бузилиб кетган.

1856–1857 йиллари Тошкент ҳокими Мирзо Аҳмад қушбеги амри билан «Мўйи Муборак» мадрасаси пишиқ ғиштдан қайта қурилди. Бундай ном берилишига мадрасанинг махсус хоналаридан бирида кичкина шиша идишда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак мўйлари сақланиши сабаб бўлган. Тарихчи Муҳаммад Солиҳхўжанинг маълумотига кўра эса, мадрасанинг алоҳида гумбази бўлиб, унга Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) соч толалари қўйилган.

«Мўйи Муборак» мадрасасининг тарҳи ҳам, меъморий ечими ҳам ўзгача. Тўғри тўртбурчак ҳовли уч томонидан ҳужралар билан ўралган.

Мадраса битгач, Мирзо Аҳмад унга собиқ муфтий Эшон Бобохоннинг оталари Абдулмажидхон Эшонни мудир этиб тайинлайди. Мадраса 13 ҳужра ва бир масжиддан иборат бўлиб, икки мударрис – Имомхон Махдум ва Абдулмажидхон Эшон хазратлари талабаларга сабоқ беради.

Ҳозир Мўйи Муборак мадрасаси ҳам таъмирланиб, машҳур Усмон Мусҳафи музей-кутубхонасига айлантирилди. Томига янги гумбаз ўрнатилди. Ганчкори безаклар Нодир Ҳошимов, Шарафуддин Зиёвутдинов, Баҳодир Аширов каби иқтидорли усталар қўлидан чиқди.

 

«ТИЛЛА ШАЙХ» ЖОМЕ МАСЖИДИ

Бу масжид “Мўйи Муборак” мадрасасининг ғарбида жойлашган. Рус олими М.Массон Ўзбекистон Фанлар академияси хабарномасининг  1954 йилги сонида чоп этилган «Прошлое Ташкента» асарида: «Ушбу масжид биноси бир неча  маротаба бир жойда янгиланган», деб хабар беради.

Масжид о Масжид хирги маротаба 1902 йили қайта қурилган.

«Тилла Шайх» масжиди ўртача катталикда – эни 14 метр, бўйи 17,3 метрдир. Икки бурчагида иккита бир хил кичкина минорачалар, ўртасида буларга қараганда каттароқ минора жойлашган. 1930 йиллардан кейин масжид ёпилиб, артелга  айлантирилган. 1943 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлари диний назоратини ташкил этишга рухсат берилганида фаолиятини қайтадан бошлаган биринчи масжидлар қаторида эди. 1972–1973 йилларда масжид таъмирланиб, кенгайтирилди, қибла томонига туташ яна бир хонақоҳ қурилди ва аввалги меҳробининг икки ёнидаги девор олиниб, қўшиб юборилди.

2007 йилги қурилиш-таъмирлаш ишларидан кейин «Тилла Шайх масжиди биносининг ташқи ва ички томони янада кўркам, ибодат учун қулай бўлди. Гумбазлар ичи бир-бирига ўхшамаган рангин нақшлар билан безатилди.

Адиб Абдулқаҳҳор Иброҳимовнинг маълумотларига кўра, Ҳазрати Имом даҳасининг Парчабоф маҳалласида туғилган Тилла Шайх Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор авлодларидан бўлган. Тилла Шайх 1855 йили Тошкентда дунёга келади. Унинг топган даромади, мол-дунёси чорва ва савдо-сотик орқасидан бўлган. Тилла Шайх ўз даврида меҳр-муруввати, саховатпешалиги билан халқ ичида ҳурмат қозонади.

Тилла Шайх октябр тўнтаришидан кейин, советлар даврида қатағонга учраган, Шарқий Туркистонга қочиб жон сақлаган.

Хулоса қилиб айтганда, истиқлол даврида амалга оширилган бундай ишлар юртимиз ободлиги, қадриятларимизни тиклаш йўлидаги улкан одимлардан бири бўлди.

Масжид имом-хатиби: Хабибулла Абдуразаков Садердинович

Масжид манзили:
Масжидга олиб борадиган транспортлар:

Автобус:
Маршрут: