Масжидда бажариш макруҳ бўлган амаллар

Улар қуйидагилардир:
1.    Масжиднинг ичидан узрсиз йўл қилиб олиш макруҳ;
2.    Масжидда ухлаш макруҳ, аммо эътикоф ўтирувчи ёки жойи йўқ мусофирнинг масжидда ухлаши макруҳ эмас;
3.    Эътикоф ўтирувчи кишилардан бошқалар учун масжидда овқатланиш макруҳ;
4.    Зикр-тасбеҳларда овозни кўтариб намозхонларга халақит бериш ёки ухлаганларни уйғотиб юбориш макруҳ;
Агар намоз ўқиётган кишига халақит бермаса, ухлаб ётганларни уйғотиб юбормаса, масжидда жаҳрий Қуръон ўқиб, Аллоҳни зикр қилишлик афзалдир. Чунки жаҳрий зикрда зокирнинг қалби уйғоқ туради, уйқуси қочиб, ибодатни сергаклик билан адо этади.
5.    Масжидга дунё ишларидан бўлган гап-сўзларни гаплашиш учун киришлик макруҳ;
6.    Масжидда олди-сотди қилишлик макруҳ;
7.    Таҳоратини ушлаб туролмайдиган, масжидни нажосат қилиб қўйиш эҳтимоли бўлган гўдакларнинг ҳам масжидга кириши макруҳ;
8.    Масжидга тупириш ва бурун қоқиш ҳам макруҳ;
9.    Йўқотган нарсасини масжидда эълон қилиш ҳам макруҳ;
10. Масжидда шеър айтиш ҳам макруҳ;
Аммо ҳаққа даъват қилишлик, ҳикматли сўзлар билан Аллоҳнинг неъматини эслатиш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сифатларининг зикри, тақводорларнинг сифатлари ва шунга ўхшаш мавзулар бўлса, шу шеърдан даъват асносида фойдаланиш яхшидир.
11. Масжид ичида тиланчилик қилиш ёки тиланчига пул бериш ҳам макруҳ;
12. Масжидда таҳорат қилиш ҳам макруҳ. Аммо масжид ҳовлисида алоҳида таҳорат учун жой тайёрланган бўлса, у ерда таҳорат қилиш макруҳ эмас.

Масжид одоблари

1.    Масжидга ўнг оёқ билан кириб, чап оёқ билан чиқиш;
2.    Кириш-чиқишда суннатда ворид бўлган маъсур дуоларни ўқиш;

Масжидга кираётгандаги дуо:

بِسْمِ اللهِ، اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَسَلَّمَ اللَّهُمَّ افْتَحْ لِي أَبْوَابَ رَحْمَتِكَ

«Бисмиллаҳи, аллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммадив ва ъала олиҳи ва соҳбиҳи ва саллам. Аллоҳуммафтаҳ лий абваба роҳматика».
Маъноси: «Аллоҳнинг исми билан. Аллоҳим, саййидимиз Муҳаммадга ва у зотнинг оила аъзоларига ҳамда саҳобаларига саловот-у саломлар бўлсин. Аллоҳим, менга раҳмат эшикларингни очгин».

Масжиддан чиқаётгандаги дуо:

بِسْمِ اللهِ، اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَسَلَّمَ اللَّهُمَّ إِنِّى أَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ

«Бисмиллаҳи, аллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммадин ва ъала олиҳи ва соҳбиҳи ва саллам. Аллоҳумма инний асъалука мин фазлика».
Маъноси: «Аллоҳнинг исми билан. Аллоҳим, саййидимиз Муҳаммадга ва у зотнинг оила аъзоларига ҳамда саҳобаларига саловот-у саломлар бўлсин. Аллоҳим, мен Сендан фазлингни сўрайман».

3.    Масжидга кирганда намоз ўқиш макруҳ бўлмаган вақт бўлса, икки ракат таҳийятул масжид намозини ўтирмасдан олдин ўқиб олиш;
4.    Масжидга таҳоратли кириб, ўзини турли нажосатлардан пок тутиш;
5.    Имом одамларга масжидда ваъз-иршод қилиб, уларга таълим бераётган бўлса, овозини кўтармаслик;
6.    Хутба ўқилаётганда жим туриш. Чунки хутбага қулоқ солиб, диққатини бериб туриш вожибдир;
7.  Намоз ўқиётган кишининг олдидан кесиб ўтмаслик, хусусан, жума кунлари одамларнинг елкаларидан ошиб олдинги сафга ёриб ўтмаслик лозим. Чунки булар ҳаромга яқин макруҳлардандир;
8.    Покликка риоя қилиш;
9.    Масжидга бадбўй ҳид билан кирмаслик;
Мисол учун пиёз, саримсоқ, нос, сигарет каби нарсаларни истеъмол қилиб, сўнг масжидга кирса, ўзидан келаётган сассиқ ҳид билан намозхонларга озор беради. Бу ҳам ҳаромга яқин макруҳлардан ҳисобланади;
10.    Масжидда виқор ва осойишталик билан юрмоқлик;
Ховлиқиш ва шошқалоқликдан сақланиш лозим. Агар жамоатга ёки бирор ракатга кеч қолаётган бўлса ҳам, шошилмаслик даркор. Секин-асталик билан жамоатга келиб қўшилади. (Ета олмаган ракатларини юқорида баён қилганимиздек ўқиб қўяди).
11.    Сафардан қайтган кишининг ҳам дастлаб масжидга тушиши масжид одобларидандир.