Қуръони каримни ҳадис билан тафсир қилиш

Саҳобаи киромлар Қуръони каримни тафсир қилишда бирор муаммога дуч келсалар, дарҳол Пайғамбаримиз (соллаллоҳ алайҳи ва саллом) га мурожаат қилар эдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳ алайҳи ва саллом) оятларнинг махфий, нозик жойларини тушунтириб берардилар. Чунки у Зотнинг асосий вазифалари шу эди. Аллоҳ таоло ояти каримасида шундай деган:

«Сизга одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани — Қуръонни нозил қилдик».

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳ алайҳи ва салломнинг ўзлари ҳам:

«Огоҳ бўлингларки,  Мен Қуръонни берилдим ва яна унинг мислича (илм) берилдим. Қорни тўқ одам ўз сўри-сида суяниб ётганича: "Қуръонни маҳкам ушласангиз бўлди (унда ҳамма нарса бор), Қуръонда топилган ҳалолни ҳалол денглар, Қуръонда топилган ҳаромни ҳаром денглар", — дея оладими?» — деб ҳалол-ҳаром масалаларида, уларни шарҳлашда Қуръоннинг ўзи кифоя қилмаслигини тушунтирдилар.

Ҳадис китобларининг ҳаммасида ҳам Қуръон оятларининг тафсири учун алоҳида боб ажратилган. Унда Пайғамбаримиз (соллаллоҳ алайҳи ва саллом)дан кўплаб оятларга шарҳлар, изоҳлар берганлари накл қилинган. Масалан: Адий ибн Ҳаббон ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳ алайҳи ва саллом) дедилар:

"Албатта, "Ал-мағзуби алайҳим"дан мурод яҳудийлардир  ва "Аз-золлийн"дан мурод насронийлардир».

Ибн Масъуд (р.а.) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳ алайҳи ва саллом): "Ассолатул-вусто аср намозидир"дедилар.

 Ат-Термизий ва Ибн Ҳаббон саҳиҳида.Ибн Масъуд (р.а.) ривоят қилади: "Қуръони каримнинг ушбу "Бир Зотларки Аллоҳга имон келтирсалар ва имонларига зулмни аралаштирмасалар» — ояти нозил бўлганда мусулмонларга қаттиқ туюлди. Улар Пайғамбаримиз (соллаллоҳ алайҳи ва саллом)га: "Эй Аллоҳнинг расули, қайси биримиз нафсимизга зулм қилмаймиз?" — дедилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳ алайҳи ва саллом): "Бу оятнинг мазмуни сизлар ўйлаганча эмас. Аллоҳнинг солиҳ бандаси (Ҳазрат Луқмон): "Албатта Аллоҳга ширк келтириш улуғ зулмдир", — деганини эшитмаганмисизлар? Бу ердаги зулмдан мурод ҳам ширқдир", — деб жавоб бердилар"257

Уқба ибн Омир (р.а.) айтади: "Мен эшитдимки, бир куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳ алайҳи ва саллом) минбарда

(Эй мўминлар, улар учун имконингиз борича куч жамлаб қўйинглар) — деган оятни ўқиб: "Билингларки, албатта  бу куч — ўқ-ёйдир", — дедилар"

Анас ибн Молик (р.а.) айтади: "Пайғамбаримиз (соллаллоҳ алайҳи ва саллом) дедилар:

"Роббим менга ато қилган Кавсар жаннатдаги бир дарёдир" Пайғамбаримиз (соллаллоҳ алайҳи ва саллом)дан оятларнинг тафсирини баён қилиб берган саҳиҳ ҳадислар жуда кўп ривоят қилинган. Фарз намозларининг беш вақт эканлиги, ракатларининг сони, ўқилиш ҳолатлари, закотнинг миқцори, навлари ва уни адо этиш вақти, ҳажнинг маносиклари, рамазонда саҳарлик ва ифторлик вақтлари, зинокорларга бериладиган жазо усули, меросхўрларга васият қилиш қоидаси ва бошқа кўпгина ислом аҳкомлари Қуръонда ижмолий келтирилган бўлиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳ алайҳи ва саллом) уларни муборак ҳадислари билан тафсир қилиб, равшанлаштириб берганлар. Аммо Тафсир китобларининг баъзисида Пайғамбаримиз (соллаллоҳ алайҳи ва саллом)га нисбат берилган, аслида эса Пайғамбаримиз (соллаллоҳ алайҳи ва саллом) айтмаган мавзуъ ҳадислар ҳам тафсир сифатида қўшилиб кетган. Масалан: Анас ибн Молик (р.а.) ривоят қилди, дейилган ҳадисда шундай маъно бор: "Пайғамбаримиз (соллаллоҳ алайҳи ва саллом) дан унинг маъноси сўралди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳ алайҳи ва саллом): «Қинторнинг миқдори минг ўқияҳ», — дедилар".

Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган ҳадисда эса:

"Расулуллоҳ (соллаллоҳ алайҳи ва саллом): "Қинторнинг миқдори ўн икки минг ўқияҳ", — дедилар".

Мазкур икки ҳадиснинг биринчиси мавзуъ (ёлғон) дир. Чунки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳ алайҳи ва саллом) дан миқдор баёнида бунчалик катта хато содир этилиши мумкин эмас. Иккинчи, Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган ҳадис бошқа ҳадислар билан тасдиқланган. Демак, мавзуъ ҳадисни пайдо қилувчилар ишончли бўлсин учун Анас ибн Молик (р.а.) нинг номидан фойдаланишган.

 

Хадичаи Кубро аёл-кизлар ўрта махсус

ислом билим юрти мударрисаси

 Нурмуҳаммедова Ирода