Салмон ал-Форсий

Салмон ал-Форсий мутлақ ҳақиқатни қидирган, нури илоҳийни излаган инсон эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ҳақида шундай деганлар: “Салмон бизнинг аҳлимиздан”.

Салмон ал-Форсий Исфаҳоннинг Жаббон деб аталадиган қишлоғида яшовчи форслардан эди. Отаси дуҳқони (раис) бўлиб, мансабига яраша обрў-эътибор ва мол-у давлатга эга эди. Салмон ал-Форсийнинг ҳикоя қилиб беришича, у ёшлигида мажусийликка қаттиқ берилган. Шунинг учун ибодат қилинадиган оловга кўз-қулоқ бўлиб туриш вазифаси унга топширилган. Уларнинг катта ери бўлиб, унда ғалла етиштиришган. Бир кун отасининг қишлоқдаги ишлари кўпайиб кетиб, ҳеч қаерга чиқолмайдиган бўлиб қолди. Уни чақириб: “Ўғлим, мен бугун далага бора олмайман. Ўрнимга сен бориб, йўқлигимни билдирмай тур”, - деди.

Далага кетаётиб, йўлда насронийлар канисасига дуч келади. Унга қизиқиб, олдига яқинлашади ва ундан турли хил овозлар чиқаётганини эшитади. Отасининг унга меҳрибонлиги, илгари кўчага ҳеч чиқармаганлиги туфайли кўп нарсалардан, жумладан, насронийлик динидан ҳам бехабар эди. Канисадан чиқаётган овозлар нимани англатишини билишга қизиқиб, ичкарига киради. Ичкарида насронийлар ибодатини кўради ва бу унга ёқиб: “Худога қасамки, уларнинг дини бизникидан яхшироқдир”, - дейди. Ўша куни то Қуёш ботгунича шу ерда қолади. Далага бормайди. Кетаётиб: “Динингизнинг асли қаерда?” - деб суриштиради. Улар: “Шомда”, - деб жавоб беришади. Уйга борганида отаси ундан нималар қилгани ҳақида сўрайди. У йўлда бир неча ибодат қилаётган одамларни кўрганини, кечгача улар билан бўлганини ва уларнинг дини йўқиб қолганини айтганида, отаси ундан фикридан қайтишини талаб қилади. Лекин у ўз фикридан қайтмайди. Отаси уни динидан воз кечишидан қорқиб, кишанлаб, уйга қамаб қўяди. Бир иложини топиб, насронийларга “Мабодо, ибодатхонангиздан Шомга кетаётган карвон ўтиб қолса, менга хабар беринг”, деб одам жўнатади. Кўп ўтмай шундай хабар келади. Бир амаллаб кишанни ечиб ташлайди ва ҳеч кимдан сўрамай уйдан чиқиб кетади. Карвонга етиб олиб, улар билан бирга Шом шаҳрига жўнаб кетади. Манзилга етибоқ:

- Бу динни энг яхши биладиган одам ким? - деб суриштиришга тушади.

- Фалон канисанинг усқуфи (епископ) - дейдилар унга.

У ўша одамни топиб, унга мулозим болишни сўрайди. Усқуф рози бўлади. Оз фурсат ичидаёқ унинг ёмон одам эканлигини билиб олади. У кишиларни садақага буюриб, улкан савоблар ваъда қилар, инфоқ – эҳсон учун ташлаб кетилган нарсаларни ўзига олиб қўяр, фақир-у мискинларга сариқ чақа ҳам бермас эди. Шу йўл билан етти хум тилло тўплаган экан. Салмон ал-Форсий бу ишлари учун уни қаттиқ ёмон кўриб қолади. Шу сабабли усқуф вафот этиб, насронийлар унинг дафнига ҳозир бўлганларида, унунг барча кирдикорларини очиб ташлайди.

- Сизнинг пешвойингиз ярамас кимса эди. Сизни садақага буюрарди, қизиқтирарди-ю, тушган нарсаларнинг барчасини ўзига олиб қўярди. Муҳтожларга ҳеч нарса бермасди, - дейди уларга.

Улар ишонмасдан:

- Сен қаердан биласан? - деб сўрашди.

У “Юринг, сизларга унинг хазинасини кўрсатаман”, дейди ва уларга бўғзигача тилло-ю кумушлар билан тўлган етти хум беркитилган жойни корсатади. Насронийлар йўлбошчиларидан қаттиқ ғазабланишади. Ҳатто кўмишдан ҳам бош тортиб, танасини дарахтга осиб қўйишади. Бу ҳам етмагандай, жонсиз мурдани тошбўрон ҳам қилишди.

Бир неча кундан сўнг янги усқуфни сайлашади. У дунё матоҳларига мутлақо кўнгилсиз, охиратга ниҳоятда муҳаббатли, кеча-ю кундуз ибодат билан машғул шахс эди. Салмон ал-Форсий унга қўлидан келганича хизмат қилади. Вафоти яқинлашгач:

- Устоз, мени кимга ташлаб кетасиз?- деб сорайди.

- Ўғлим, менга ўхшаган одамлар қолмади ҳисоб. Аммо Мавсил деган жойда бир киши бор. Ўша одам динини маҳкам тутиб, ўзгартирмай келяпти. Ўшанга йўлиққин, - дейди.

Устозининг вафотидан сўнг мавсиллик одамнинг олдига бориб, шундай дейди:

- Тақсир, Фалончи сизнинг ҳақ динни маҳкам тутганингизни хабарини бериб, менга хизматингизда бўлишимни васият қилиб кетди”. У киши Салмонни қабул қилиб, унга кўп яхшиликлар қилади, аммо унинг ҳам вафоти яқинлашиб қолганди. Вафоти олдидан Салмон кимнинг олдига боришлигини сўрайди. У: “Худо ҳаққи, бизга ўхшаганлар жудаям камайиб кетди. Нассибийдаги (Ҳозирги Туркия ҳудудидаги қишлоқ номи) фалончи исмли кишига йўлиқ”, - дейди. Салмон у кишини топиб, устозининг васиятини айтади. У киши Салмонни қабул қилади. Ўтказган вақтлари мобайнида ўзини фақат яхши тарафдан кўрсатади. Унинг ҳам ажали яқин экан. Вафоти олдидан унга сўнгги саволи билан мурожаат қилади:

- Менинг мақсадим сизга махфий эмас. Қандоқ маслаҳат берасиз?

- Ўғлим, бизнинг динимизда аммуриялик Фалончидан бошқа ҳеч ким қолгани йўқ. Ўшанга бориб учраш, - дейди у.

Салмон Аммурияга бориб, ўша кишига шогирд тушади. У динини мустаҳкам ушлаган эди. Унинг хизматида юриб, бир неча қўй ва сигирлар орттиради. Соҳибининг куни битиб, умри поёнига етиб бораётганини кўриб, одат бўлиб қолган саволини беради:

- Мақсадим сизга аён. Нима қилай? Кимга шогирд тушай?

- Ўғлим, Худо ҳаққи, Ер юзида бизнинг динимизни маҳкам ушлаган биронта одам қолганини билмайман… Лекин араблар еридан чиқадиган бир пайғамбарнинг даври яқин келди. У Иброҳимнинг дини билан юборилади. Ўз шаҳридан қувилиб, хурмо дарахти кўп экиладиган, атрофи шамолда емирилган қора тоғ тошлари билан қопланган шаҳарга ҳижрат қилади. Унинг бир неча аломати борки, уларни ёдингда тут. Пайғамбар ҳадияни қабул қилади, садақага қўл тегизмайди. Икки курагининг ўртасида пайғамбарлик муҳри бор. Агар мен айтган шаҳарнинг дарагини эшитсанг, боргин, - дея васият қилади у.

Устозининг вафотидан сўнг Аммурияда бир неча кун турди. Арабларнинг Қалб қабиласидан бўлган тижоратчиларга уни ўзлари билан бирга олиб кетишса, ҳамма қўй ва сигирларини беришини айтади. Улар рози бўлишади. Келишилганидек чорваларини бериб, савдогарлар карвонига қўшилади. Водил Қурога (Мадина ва Шом ўртасидаги шаҳар) етишганида қалбийлар хиёнатга қўл уриб, уни қул сифатида бир яҳудийга сотиб юборишади. Салмон унинг хизматини қила бошлайди. Орадан бир неча кун ўтиб, ҳожасининг зиёратига келган бани қурайзалик амакиваччаси Салмонни сотиб олади. Улар Ясрибга жўнаб кетишади. У ерда аммуриялик устози айтган манзарани кўриб, пайғамбар шаҳрига келганини билади ва кўнгли таскин топади. Пайғамбар бу пайтда Маккада ўз қавмини исломга чақирар эди. Салмон эса қуллиги сабабли оғир вазифаларни бажариш билан машғул эди.

Кўп ўтмай Пайғамбар Ясрибга ҳижрат қилди. Ўшанда Салмон хурмо дарахтининг тепасида шохларни буташ билан банд эди. Ҳожаси дарахт соясида ўтирарди. Шу пайт яҳудийлардан бири келиб:

- Аллоҳ бани Қайлани (Мадинада яшайдиган арабларнинг Авс ва Хазраж қабилалари) ҳалок қилсин. Битта қолмасдан Маккадан келаётган ўзини пайғамбар деб даъво қилаётган одамни кутиб олиш учун Қубога чиқиб олишганини қаранг,- деб қолди.

Салмон бу хабарни эшитиб, қаттиқ ҳаяжонга тушади. Худди безгак тутгандек қўл-оёғи қалтираб кетди. Агар дарахтда яна бирпас туриб қолса, тоғри ҳожасининг устига қулашини билиб, шошилиб пастга тушди. Ҳалиги яҳудийнинг олдига бориб:

- Нима дединг? Қайтар, нима дединг? - деб такрор-такрор сўрай бошлади.

Ҳожаси қаттиқ ғазабланди. Бошига зарб билан бир мушт туширди-да:

         -Сенинг нима ишинг бор, итвачча? Чиқ дарахтга, ишингни қил, - деб бақириб берди.

Кеч кирганда йиғиб юрган хурмоларини бир идишга солиб, Пайғамбар тушган манзилга жўнатди. Унинг олдига кириб:

-Одамларнинг айтишича, сиз солиҳ инсон экансиз, атрофингиздаги асъҳобларингиз ғариб ва ҳожатманд кишилар экан. Мен манави хурмоларни садақа қиларман деб жамлаб қўйган эдим. Ўйлашимча бу садақага бошқалардан кўра сиз ҳақлироқсиз, - деб идишни уларнинг олдига қўйди.

У биродарларига “Олинглар”, деб мулозамат кўрсатди, аммо ўзи қўл узатмади. “Бу биринчи аломат”, деди ўзича у. Бир неча кундан сўнг пайғамбар Қубодан Мадинага келди. Бу орада Салмон яна бир неча хурмо жамлаб қўйган эди. Фурсат топиб пайғамбарнинг олдига борди ва хурмоларни унга узатиб:

- Мен сизнинг садақа емаслигингизга гувоҳ бўлдим, аммо бу ҳадя, марҳамат қилиб, қабул этинг, - деди.

У хурмодан татиб кўрди ва ашобларини ҳам ейишга таклиф қилди. “Бу иккинчиси”, деб қўйди ичида.

Бир мусулмон вафот этиб, уни дафн қилгани Бақиъул Ғарқад қабристонига кетишаётганида Салмон ҳам улар билан бирга борди. Пайғамбар мозор четида устига ёпинчиқ ёпиб ўтирар эди. Салмон унга салом бериб, аммуриялик устози айтган муҳрни кўриш иштиёқида орқа тарафига ўтди. Пайғамбар уни кўриб, мақсади нима эканлигини сезди шекилли, ёпинчиғини сал пастга туширди… Не кўз билан қарасаки, унинг икки кураги ўртасида муҳр бор эди. Ўзини тута олмай, Аллоҳнинг элчисини қучоқлаб, йиғлай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

- Сенга нима бўлди? - деб сўрадилар.

У бошидан ўтказган саргузаштларини оқизмай-томизмай айтиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга унинг ҳикояси ёқди. У киши саҳобаларга ҳам айтиб беришини тайинладилар. Бу ҳикояни эшитган ашоблар кўп ибратланишди ва унинг шунча кўргуликлардан сўнг, ниҳоят, ҳаққа эришганидан бағоят севинишди.

Бу Салмон ал – Форсий ҳаётидан қисқача ҳикоя эди. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти  2-курс талабаси

Соатов Мансур