Диний бағрикенглик – мурувват ва хотиржамлик асосидир

Инсоният яралибдикий тарихининг зар варақларига теран назар ташласангиз, бу кўҳна Одам алайхиссалаом бошлаб берган ҳаёти дунёда унинг фарзандлари аталмиш инсониятнинг барча замон ва маконлар ичра ўз даврининг ўзига яраша ҳамиша уруш ва можаролар,

келишмовчилик ва хусуматлар билан кечаётганига гувоҳ бўласиз. Буларнинг ҳаммаси инсонлар ўртасида аҳиллик, муросагўйлик, бир-бирини тушуниш ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва айниқса қалбдаги мухаббат каби инсоний фазилатларнинг тобора унутилиб бораётгани сабабли содир бўлмоқда. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бандаларини дунё ховлисида доимо тинч-тотув, аҳилликда, бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатиб ҳаёт кечиришга буюрган ва айни манашу йўлни ҳидоятга эришишнинг асосий йўлларидан бири деб зикр этган.

Аллоҳ таоло айтади:  “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардоро эотдир”. (Хужурот сураси, 13-оят)

Ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто ғайримуслимларга ҳам эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва доимий бардавомликдадур.
Маълумки, Ислом ўзидан олдинги барча самовий динлар (яҳудийлик, насронийлик) ни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ўзининг қонунлари билан мустаҳкамлаб қўйган. Қайси дин бўлмасин барча халқу элатларнинг маданият ва анъаналарига юксак эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зимма (мусулмонлар диёрида яшайдиган ўзга дин вакиллари)га ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди.
"Диний бағрикенглик" дегани мусулмонлар истилоҳида «мурувват» дейилади. Бу тушунча кенг маънода чиркин нарсалар ва воқеалар қаршисида гўзалликни устун қўйиб, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳар бир воқеликка гўзаллик нуқтаи назаридан ёндошиш, эътиқод, маданият, анъаналарга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш демакдир. Ана шунга биноан мусулмонлар бутун тарих давомида бошқа динларга ва уларнинг вакилларига бағрикенгликнинг, мурувватнинг буюк наъмуналарини кўрсатиб келишди.
Чунки бу Аллоҳ таолонинг амри, Пайғамбар саллоллоху алайхи васаллам умматига берилган буюк кўрсатма эди. Қуръон ва Суннат ҳукмига кўра, мўмин-мусулмонларнинг бирор қавмни ёмон кўришлари ёки ўша қавмларнинг мусулмонларга душманлик қилиши уларга нисбатан зулм қилишга, ҳақларини поймол этишга сабаб бўлмаслиги керак. Шу ўринда Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади:

яъни: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”. (Мумтахина сураси, 8-оят)

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин ва эътиқод вакилларига бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурматлаш, ҳақларига риоя қилишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳам ҳамиша ана шу йўлдан борига даъват қилишдан чарчамадилар.

Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинган ҳадисда эса: «Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир», дейилган (Баззор ривояти).

«Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради» (Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснад»).

Мурувват, диний бағрикенглик Ислом таълимотида эътиқод ва динлар тарихидаги бир янгилик эди. Ислом илк давриданоқ собиқ динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади, турфа мазҳаб ва мафкураларга қарши таассуб этмади. Ислом биринчи кунларданоқ диний бағрикенглик мурувват ва тинчликнинг оламшумул шиорларини ўртага ташлади: «барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим» дур
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу борада Ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ҳақиқий ибрат-намуна эдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги биринчи амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Ҳаттоки Нажрон насронийлари келганида, уларга масжиднинг бир томонида ибодат қилишга ижозат бердилар.
Бағрикенглик, кечиримлилик бобида у зотга тенг келадигани топилмайди. Олам сарвари қасос ва ўч олиш имконияти бўлатуриб ўзларига ва барча мусулмонларга чексиз зулм ва ёвузликлар кўрсатган, она шаҳарларидан қувиб чиқарган маккалик мушрикларни ҳам, тош олиб у зотни яралаган ва шаҳридан қувган тоифликларни ҳам, амакилари ва энг жасур саркардаларини ўлдирган қулни ҳам, ўзларига заҳар берган аёлни ҳам, хулласи ҳаммани бирдай кечира оладиган зот эдилар.

Жамият тараққиёти ва фаровонлиги миллатлараро, динлараро ўзаро бағрикенглик ва тотувлик ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Яратганга минг шукрким, мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, улар тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳозирда бу ғоя эзгулик йўлида нафақат диндорлар, балки жамиятнинг барча аъзолари ҳамкорлигини назарда тутади. Диний бағрикенглик тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод Ватан қуришнинг муҳим шартидир.
Аллоҳ таоло юртимиз халқларини фаровон айлаб, ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини бардавом ва барқарор қилсин! Омин.

 

 

Андижон вилояти вакиллигининг

Мархамат тумани бош имом-хатиби:  М. Шарофуддинов