Солиҳ амаллар зое бўлмайди

Карами кенг Парвардигоримиз холис ният билан қилган ҳеч бир садақотимизни зое қилмайди.  Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Биз иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларнинг, яхши амал қилганларнинг ажрини зое қилмасмиз», дейди (Каҳф сураси, 30-оят).

Имом Ибн Абдулбарр ўзларининг «Ал-истеъаф фии таҳзибил-асҳаб» деган китобларида Лайс ибн Саъд розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қиладилар:

Зайд ибн Ҳориса Тоиф шаҳрида бир кирачи билан келишиб, унинг хачирида мингашиб кетишга шартлашди. Кирачи «Сени хоҳлаган жойимда тушириб кетаман» деб шарт қўйди. Икковлари йўлга тушишди. Кирачи хачирига Зайд ибн Ҳорисани миндириб олди, аммо манзилдан бироз узоқлашгач, бир харобанинг ўртасига бориб тўхтади-да, «Туш», деди. Зайд ибн Ҳориса қараса, атрофда ўликлар сочилиб ётибди. Ҳалиги одам кирачи эмас, қароқчи қотил экан. У одамларга ўзини киракаш қилиб кўрсатиб, ёлғондан кирага ёлланар, кейин ўша харобазорда уларни ўлдириб, молини тортиб олар экан. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу ҳолатни тушуниб, кирачига «Икки ракъат намоз ўқиб олишимга муҳлат бер, кейин ўлдирсанг ҳам майли», деди. Кирачи «Майли, ўқисанг ўқийвер. Манави ётганлар ҳам ўлимидан олдин намоз ўқишган, лекин намозлари уларга фойда қилмади», деди.

Зайд ибн Ҳориса бу воқеани шундай эслайдилар: «Намозни ўқиб бўлиб, салом бердим. Буни кўрган кирачи мени ўлдириш учун секин яқинлашиб кела бошлади. Шунда мен зорланиб, ёлвориб, «Йаа арҳамар-роҳимийн!» (Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси!) деб нидо қилдим. Шу пайт «Уни ўлдирма!» деган овоз эшитилди. Кирачи қўрқиб кетди. У харобазорни бир айланиб келди, лекин атрофда ҳеч ким йўқ эди. У овоз эгасини топа олмагач, мени ўлдирмоқчи бўлиб, яна яқинлашди. Мен яна «Йаа арҳамар-роҳимийн!» деб нидо қилдим. Атрофдан яна бояги овоз келди. Кирачи яна ортига қайтди. Бу воқеа учинчи марта такрорлангач, бир отлиқ пайдо бўлди. У учида олов шуъласи бор темир найза кўтариб олган эди. Отлиқ найзасини даҳшатдан қотиб қолган кирачига санчган эди, унинг учи курагининг остидан тешиб чиқди. Кирачи шу заҳоти жон берди. Отлиқ менинг яқинимга келди-да, «Эй Зайд! Биринчи марта «Йа арҳамар-роҳимийн!» деганингда мен еттинчи осмонда эдим. Иккинчи мартасида дунё осмонига тушдим. Учинчи мартасида эса, мана, ҳузурингда турибман», деди.

Шу тариқа Аллоҳ таоло энг қийин вазиятда Ўзининг севикли бандасини, мухлис бир мусулмонни – Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни ҳимоялаш учун бир фариштасини юбориб, мушкулотдан қутқарди, жонини сақлаб қолди.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби