Кексаларимизни эъзозлайлик

Кексаларни хурмат қилиш ҳалқимизнинг мўътабар қадриятларидан. Ислом динимиз шунга буюрган ва ўргатган. 2015 йил мамлакатимизда «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилинди. Кексалик инсон умрининг энг сокин давридир. Чунки одам қариганида катта хаётий тажрибага, теран ақлга эга бўлади.

Шу сабабданми, қарияларнинг кўмаги ва маслахатига ёшлар доимо эхтиёж сезадилар. Агар ёшларимиз меҳнатсевар, ҳалол, диёнатли, юрт-эл иши учун фидойи бўлиб тарбия топмоқни истасалар, кекса авлод вакилларининг хаётий тажрибаларидан фойдаланишлари лозим.
Инсон хаётини мевали дарахтга қиёс этишади. Вахоланки, унга «мўъжизавий» сўзини қўшиб қўйса ҳам бўлар экан. Чунки у бир мавсумнинг ўзида хисобсиз куртаклар тугиши, гуллаши, кўпдан-кўп мевалар бериши мумкин. Кексалик эса худди мевалари етилган мўъжизавий боққа ўхшайди.
Луқмони Хакимдан:
- Нега хадеб ўғлинга насищат қилаверасан? -деб сўрашди.
- Кексаларнинг насихатлари ёшлар учун боғбон ниҳолни тарбия қилгани кабидир, -деб жавоб берди у.
Инсон дунёга келиб, умргузаронлик қилади, ўсади, улғаяди. Кечаги гўдак, бугун йигит. Вақт ўтиши билан ёшлик ҳам бевафо дўст сингари ташлаб кетади бизни. Зеро, бу хаёт қонуни
Қариликка етганлар бор, етмаганлар бор. Қарияларнинг кўнглини чоғ этиб, улар дуосини олганлар асло кам бўлмайди, ниятларига етади. Пайғамбаримиз саллоллоху алайҳи вассаллам «Инсон фарзанди яратилганида ёнида ўлимнинг 99 сабаби ҳам бирга яратилади. Агар у шу сабаблардан халос топиб яшасагина унга қарилик насиб этади», дея марҳамат қилганлар. Бу инсон зотини фикрлашга чорлайди. Негаки, ёнимизда, маҳалламизда ҳокисордек бўлиб юрган қариялар мана шу сабаблардан халос топиб ўтган кишилардир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллоллоху алайҳи вассаллам «Катта ёшдагилар билан суҳбатда бўлинглар, уламолардан масалалар сўранглар ва хукамолар билан аралашиб туринглар» деб бекорга айтмаганлар. У зотнинг: «Сочи оқарган мўйсафидни хурматлаш - Аллоҳни улуғлаш билан баробардир», деган хадислари ҳам бор. Бу дунёда инсонни қилган яхшиликларию эккан дарахтлари, вояга етказган фарзандлари, тарбиялаган шогирдлари улуғлайди.
Минг афсуслар бўлсинки, кексаларимиз баъзи нодонлар назарида дардисардек, ортиқчадек туйилади. Бирор даврага кирган отаҳонни, автобусга чиққан кексаларни кўрган ёшлар баъзан «уфф» тортадилар. «Қариганда уйда жимгина ўтирса бўлмасмикан-а?» дея нотўғри ўйлайдилар.

Ха хаётнинг ўзига ҳос аччиқ ва ширин томонлари бор. Кексалар эътиборга, мехр-мурувват ва шавқатга жуда мухтож бўладилар.
Кексаликнинг муайян мушкулотлари, мураккабликлари бор. Беморлик, кўз хираланиши, оёқ-бел оғриши, кучдан қолиши, аввалги завқ-шавқларининг сусайиши, қадамнинг майда, йўллар эса олис бўлиб қолиши… Лекин кексалик палласида кишилар хаётга ўзгача нигоҳ билан боқадилар. Сўзлар салмоқли, нигоҳлар мазмунлик касб этадилар.
Унутмайликки, иймон-эътиқодли кексалар бўлмаган жойда яхши тарбияли ёшлар ҳам бўлмайди. Зеро, Пайғамбаримиз саллоллоху алайҳи вассаллам «Ораларингизда ёши улуғлар, (кексалар) хайвонлар ва мурғак гўдаклар бўлмаганида сизларнинг устингизга Аллоҳнинг балоси ёмғирдек ёғилар эди» деб мархамат қилганлар. Аллоҳим, барчаларимизга кексаларимизни улуғлаб, ёшларимизни эъзозлаб ўз умримизни ғанимат билиб, бу азиз Ватанда шукроналар қилиб яшамоқликни насиб қилсин.

Андижон в. Хўжаобод т.  “Юсуф чек” жоме масжиди имоми    И. Ураимов.
Андижон в. Хўжаобод т.  “Гулистон” жоме масжиди имоми     А .Усмонов.