Зиёда қилса  зиёда қиламан

Молик ибн Динор замоналарида икки оға ини мажусийлар яшарди. Каттаси 73 йилдан бери чўқинар эди, кичиги эса 35 йилдан бери ўтга чўқиниб, ибодат қилишар эди. Бир куни кичиги фикр қилиб ўтириб, каттасига деди: “Бизлар кўп вақтдан бери бу ўтга ибодат қиламиз, бир имтиҳон қилайликчи.

Агар қилган ибодатларимиз ўтга мақбул бўлган бўлса ва ўтни наздида бизлар қадру манзалатимиз баланд бўлса, бизларни ўт куйдурмаслиги керак. Агар шунча бунга қуллик қилиб ҳам, бизларни куйдурса, демак, қилган ибодатларимиз бефойда ва бу илоҳ эмаслиги таъйин бўлади”. Икковлари баиттифоқ қўлларини ўтга тутдилар, қўллари куйди. Оҳ, деб қўлларини тортдилар. Сўнгра кичиги: “Эй ўт, сенга 35 йилдан бери ибодат қиламан ҳам ҳануз мени куйдириб, озор берасанми”, деди ва акасига қараб: “Эй ака, бу ўтни тарк этайлик, кеча мусулмонлар улуғи Молик ибн Динорнинг суҳбатини эшитдимки, Худои Воҳидул Мутаолга иймон келтириб, 500 йил гуноҳ қилиб юрган бўлсангиз ҳам, бир маротаба сидқи дилдан тавба қилсангиз ҳамма гуноҳларни мағфират қилиб, ўзининг раҳмату мурувватига дохил қилар экан. Ахир, бизлар узоқ йиллардан бери бу ўтга гуноҳ қилмай ибодат қилсак-да яна у бизни озор бериб куйдурадими?!”, деб икковлари мусулмончиликдан таълим берадиган кишини ахтариб, Басра келдилар.
Катта акасини шайтон васваса қилди: “Эй укажон, мен қайтаман, чунки мени аксар умрим ўтга чўқиниб ибодат қилиш билан ўтди. Энди қариганимда бу динимдан қайтиб, Исломга кирсам, мардумлар, хусасан аҳли аёлларим айб қилиб уялтирадилар, уларнинг хижолатидан кўра менга ўтга ибодат қилмоқ яхшироқдир. Укаси насиҳат қилса ҳам тингламади. Укаси ўз хонадонини Молик ибн Динорнинг вазъу насиҳатларига келтирди, узот бир неча киши билан мажлис қилиб турган эдилар. Вазъларидан кейин ҳалиги кичик мажусий оиласи билан иймон таълимини олди. Ўша ердаги барча мусулмонлар хурсанд бўлишди. Сўнгра бориб бир чорбоқдаги эски иморат бориб жойлашдилар. Тонг отгандан кейин хотини деди: “Мардикор бозорига боринг, харидор келса, ишини қилиб, хизмат ҳаққига уйга бирор егулик олиб келинг”. Эри ҳам бу сўзни қабул қилиб, мардикор бозорига борди. Кечгача ўтирди бирорта харидор келмади. Кейин намозишомни ўқиб уйга қайтди. Хотини: “Нима олиб келдингиз?” деб сўраганди, мени харидор олмади дейишликдан номус қилиб, ночор айтдики: “Бугун подшоҳнинг хизматида бўлдик. Бугунлик муздимни бермади. Эртаги муздим билан бирга берса карак”, деди. Ўша кеча ҳаммалари оч ҳолда ётдилар. Эртасига тонг отиб яна бозорга чиқди, аммо бу кун ҳам намозишомгача у одамга харидор келмади. Кеч келгандан сўнг уйига қайтди. Хотини яна: “Нима олиб келдингиз?” деб сўраганида, бу киши: “Яна ўша подшоҳнинг хизматида бўлдик. Нимагадир бугунги ҳақимиз ҳам бермади, энди умид қиламанки, эртага жума куни барча хизмат ҳаққимни жам қилиб берса керак”, деди. Шу кеча ҳам ҳаммалари очлик билан ётдилар.
Эртасига мардикор бозорига бориб кўп вақтгача ўтирди, аммо яна унинг олдига ҳеч ким келмади. Ночор бўлиб доим намоз ўқийдиган масжидига кириб, 2 ракаат нафл намоз ўқиб, Худои таолога ёлвориб дуо қилди: “Эй бор Худоё! Ўзинг карам қилиб мени аҳлу хонадонимни дини Ислом билан мукаррам қилдинг. Менга Ислом тожини кийгизиб, ҳидоят чироғи билан роҳи ростга киргиздинг. Энди ушбу муборак дини Ислом ҳурматидан аҳлу аёлларимни нафақаларини ташвишини осон қилиб, уларга ризқи ҳалол беҳисоб ато этгин, агар Ўзинг марҳаматинг билан уларга ризқ етказмасанг, иймонлари сустлик қилиб бу фақирлигимиз мусулмон бўлганимизнинг сабабидан бўлди, деб гумон қилиб, яна дини Исломдан қайтиб кетмасинлар деб қўрқаман” деб муножот қилди. жума намозини ўқиб бўлгандан кейин, ҳалиги киши яна мардикор бозорига борди. Ўша пайт янги мусулмон бўлган кишининг аҳли аёллари ниҳоятда очлик таъсир қилиб, беҳол бўлиб турганида, эшикни тақиллади. Хотини эшик очса бир хушсуврат йигит қўлида бир тилла товоқ усти ёпилган ҳолда турибди. У хотинга қараб: “Эй заифа, бу товоқ ол ва эрингга айт, ушбу товоқдаги эрингни икки кунлик хизматининг ҳаққи. Агар эринг хизматини янада зиёда қилса, бизлар ҳам иш ҳаққини зиёда қиламиз”, деди.

Еттичинор жоме масжид имом хитиби:  М Қосимов
Гулистон масжиди имом хатиби:  А Усмонов