Мадина шаҳридаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари

Макка шаҳридаги Кабатуллоҳдан кейинги ўринда турувчи энг кўп зиёрат қилинадиган марказий қурилиш мажмуаси ҳисобланади. Саудия Арабистони подшоҳи Фаҳда ибн Абдулазизнинг кўмаги ва бошчилигида 1990 йилларда қилинган реконструкция ишлари асносида масжид майдони кенгайтирилиб, муқаддас қадамжо шукуҳли тус олди.

Минг-минглаб, кети тугамас зиёратчиларнинг оқими муҳташам ва маҳобатли ташқи деворлар билан ўралган ҳарам ҳудудида жамланади. Олтита янги, ажиб баланд ҳамда сарви қомат миноралар кўплаб очиқ айвонлар билан қурилган бўлиб, мажмуанинг кўркига янада кўрк қўшади.
Масжиднинг очиқ майдонида зиёратчиларни қуёшнинг жазирама нурларидан ҳимояловчи катта автоматик соябонлар ўрнатилган. Улар эса сув пурковчи вентиляторлар билан жиҳозланган. Кеч тушиши билан соябонлар ёпилиб, катта шамга ўхшаб қолади.
Кундузи қуёш мажмуанинг биноларини бир рангга – қум рангига буркайди. Ёлғиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари жойлашган ҳужра гумбази яшил рангда қолади. Кечки пайт эса масжид атрофидаги тўртта минора кўплаб чироқлар ёруғида ҳаммасидан кўра ёрқинроқ нур таратади. Мана ўн тўрт асрки, бу миноралар бутун дунё мусулмонларини ўзига жалб қилиб келмоқда.
Масжид архитектурасининг ривожланишини бир мунча асрларга белгилаб берган бу муқаддас зиёратгоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан ибодат иншооти сифатида қасд қилинмаган.
«Ибн Шиҳоб айтадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Амр ибн Авфникида ўн кеча турдилар. Тақвога асосланган масжидга асос солинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унда намоз ўқидилар. Сўнгра уловларини миндилар. Одамлар у зотнинг атрофларида пиёда юриб кетдилар. Охири уловлари Мадинадаги масжидур расулнинг ўрнига чиқди. Ўша кунларда у ерда баъзи мусулмонлар намоз ўқир эдилар. (Аслида) бу жой Асъад ибн Зуроранинг тарбиясидаги Суҳайл ва Саҳл исмли икки етимнинг хурмо боғи эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловлари у зот билан чиққанида: «Иншааллоҳ, мана шу манзилдир», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ғуломни чақирдилар ва боғ ўрнини масжид қилиб олиш ниятида савдолашдилар. Улар: «Йўғ-е! Биз сизга уни ҳадя қиламиз», дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан уни ҳадя сифатида қабул қилишдан бош тортдилар. Охири улардан сотиб олдилар. Кейин у ерга масжид бино қилдилар. Уни бино қилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан ғишт таший бошладилар».

Шарҳ: «Тақвога асосланган масжидга асос солдилар», дейилган жумладаги масжид машҳур Қубо масжидидир.
Қуёшда қуритилиб, ғишт кўринишига келтирилган лойдан қурилган масжид деворлари тошли пойдевор устига кўтарилган. Дастлаб шимолий томони очиқ айвон сифатида қурилган: хурмо дарахтининг поялари унинг барглари билан ёпилиб, лой суртилган томни кўтариб туриш учун ишлатилган. Шарқий деворларнинг ташқи тарафига эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари учун ҳужралар қурилган. Уларга кириш ҳовли томонга қараган бўлиб, эшиклар ўрнига мато илинган. Бу ҳужралар Ал-Валиднинг буйруғига биноан бузилишидан олдин уларни қурган Абдуллоҳ ибн Язид деган киши шундай тасвирлайди: «У ерда хом ғиштдан қурилган тўртта уй бўлиб, хоналари хурмо дарахти барглари билан тўсилган. Шунингдек, яна қўшимча бешта уйча лой суртилган хурмо дарахти шохларидан қурилиб, хоналари бўлмаган. Эшиклар ўрнига қора мато тутилган. Том эса бемалол қўл етадиган даражада бўлган».
Маълумки, Пайғамбар алайҳиссалом Меърожга чиққанларида намоз фарз бўлди. Шундан буён мусулмонлар Каъбаи Муаззамага қараб намоз ўқиб юрган эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг Байтул Мақдисга қараб намоз ўқиш бошланди. Бу ҳолат ўн олти ёки ўн етти ой давом этди. Байтул Мақдисга қараб намоз ўқиш Аллоҳнинг амри билан бўлди. Фақат бу Қуръони каримда келмаган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бевосита буюрилган амр эди. Сўнгра Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло махсус оят тушириб, яна Каъбаи Муаззамани қибла этди.
«Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез бурилишини кўрурмиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага юзлантирурмиз. Юзингни Масжид ул-Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон буринг. Албатта, китоб берилганлар унинг Роббиларидан бўлган ҳақ эканини билурлар. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир» (Бақара сураси, 144-оят).

Қибланинг ўзгариши масжид ҳовлисидаги бир қанча ўзгаришларга олиб келган. Суффа деб номланувчи, шимолий девор бўйлаб тушган супалар сақланиб қолган. Бу ерларда суффа аҳли қарор топган. Маккага қараган жанубий деворлар тарафида «зулла» деб номланувчи кенгроқ очиқ айвон мавжуд бўлган. Бу ерда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо дарахтига суянган ҳолда хутба қилганлар. Аслида Расулуллоҳнинг ҳовлилари масжид бўлиб хизмат қилган ва масжид кўринишида бўлмаган. Бу ерга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни сўраб келган йўловчилар бемалол киришган, чодир ҳамда ҳужралар қурилган, суффада кўплаб фақирлар яшашган; ишга оид суҳбатлар уюштирилган ва одамлар ўзларини эркин ҳис қилганлар. Бу жой Расулуллоҳнинг шахсий ҳовлиларидан кўра кенгроқ маъно касб этган. Бу ер иймон келтирганларнинг жам бўлиш ҳамда ибодат қилиш маскани бўлган.

Ҳижратнинг биринчи йилида қурилган масжид йиллар ўтиши давомида бир қанча тузатишлар ва кенгайтириш ишларини бошидан ўтказди. Ривоят қилишларича, ҳижратнинг еттинчи йили, араб қабилалари билан тўқнашувлардан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларини кенгайтиришни қасд қиладилар. Натижада масжид томонлари 50 метр ва майдони тахминан 2475 кв.м бўлган тўртбурчак шаклга келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйлари атрофида саҳобалари яшашган: шарқий томонда Абу Аюб ва Усмон ибн Аффон; жанубида Умар, ғарбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос ва Абу Бакр, шимолида Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳумлар. Кейинги кенгайтириш ишлари туфайли бу уйлар бузилиб кетган. Хасталикка дучор бўлган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ойша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужраларида қолдилар ва вафотларидан сўнг шу жойга дафн қилиндилар. Икки йил ва уч ойдан сўнг Абу Бакр, ўн йилдан сўнг эса Умар розияллоҳу анҳумлар бандаликни бажо келтиришган. Улар ҳам Ойша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужраларига дафн қилинишган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумлар халифалиги даврларида масжидга бир қанча ўзгартиришлар киритилди. Бу – Мадина халифаликнинг бош шаҳри, аҳолисининг ўсиши, шунингдек, Масжид ул-набавий мусулмонларнинг ҳам ижтимоий, ҳам сиёсий маркази бўлганлиги сабабларидан эди. Булардан ташқари, масжид маориф маскани ҳам бўлган. Халифа Умар Масжид ул-набавийни кенгайтиришга аҳд қилганларида авваламбор айнан мана шу эҳтиёжни ҳисобга олганлар ва қурилманинг кўриниши деярли бузилмаган. Шарқий деворга ёпишган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам завжаларининг ҳужраларига тегилмаган, ҳовлининг ғарб томони кенгайтирилиб, жануб хамда шимолий тарафларига равоклар курилган. Шундай бўлгач, масжиднинг жанубий қисми амакилари Аббос розияллоҳу анҳунинг уйларига туташди.  
Муаззиннинг азони билан масжидга тезроқ йиғилиш учун уч тарафда иккитадан кириш қисмлари очилган. Шунингдек, Умар розияллоҳу анҳу пайтларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ишлатилган қурилиш ашёларидан фойдаланилган.
12 йил ўтгач, халифа Усмон розияллоҳу анҳу масжидни деярли 500 кв.м.га кенгайтирадилар. Аммо бошқа ашёларни ишлатадилар. Масжид ҳовлисининг атрофидаги равоқлар тош деворлар билан туташган; хурмо дарахтидан бўлган устунлар тошдан ясалди, том эса Ҳиндистондан келтирилган тик дарахтидан (иссиқ ўлкаларда ўсувчи кемабоп қаттиқ дарахт) қилинди. Масжиднинг қиблага қараган тарафида бугунги кунда «Усмон меҳроби» номини олган меҳроб ўрнатилди.
Уммийлар сулоласидан Абдул Малик ва унинг ўғли Ал-Валидлар халифалиги даврида (705-715 йиллар) узоқ вақтга мусулмон меъморларига ўрнак бўлувчи обидалар яратилди. Исроил ҳамда забт қилинган ерлардаги насронийлар черковларининг ҳашамати билан рақобатлашиш мақсадида Уммийлар византиялик архитектор ва рассом усталарига мурожаат қилишган. Айнан улар Дамашқдаги Катта Масжидни барпо этишди. У ерда смалта шишаларидан  ясалган кошинкорлик безакларидан фойдаланишган.
Мадинадаги Набавий масжиди ҳам бу янгиликдан мустасно қолмади. Маълумки, Уммийлар сулоласининг илк халифалик даврларида таклиф этилган насоро-ҳунармандлар масжиднинг ички қисмига мармар ва кошинкорлик нақшлари, садаф ҳамда зарлар билан безак берганлар. Масжиднинг бу янги кўриниши аввалгисидан ҳайратомуз даражада фарқли эди. Ҳаттоки, 712 йили Масжид ул-Набавийни зиёрат қилган Ал-Валид: «Биз масжидларни ўзига хос услубда қурар эдик, сизлар эса черковга ўхшатиб қурибсиз», дея таъкидлаган. Ундан ташқари, тўрт минора масжиднинг бурчакларига барпо қилинган.
Бироқ Уммийлар давридаги энг катта ўзгариш Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ҳужраларининг масжид майдонига қўшилиши ва унинг «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзалари» дея номланиши бўлган. Ал-Валид бошлаган таъмир ишларидан олдин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам завжаларининг ҳужралари аввалги ҳолида қолдирилган. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини ҳар қанақасига авайлаганлар. Келган зиёратчилар хотира сифатида қабрдан тупроқ олмасликлари учун тўсиқ қурдиртирганлар.

Ал-Валид эса ўз навбатида масжидга бириккан барча иморатларни сотиб олади ва буздириб юборади. Аммо улардан нарироқда янгиларини қурдирди. «Ар-Рауд» – «Боғ» дея номланувчи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари қабрлари устида беш бурчакли бино қад кўтариб, кейинчалик устига гумбаз қурилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг ортиш даражасига қараб Мадинани зиёрат қилиш анъаналари белгиланган. Бизгача етиб келган ҳадисда айтилишича: «Эгарга ўтириб, уч масжидни: Ҳарам, Масжид ул-Набавий ва Қубо масжидларини зиёрат қилса бўлади»; бу йўсиндаги зиёрат Уммийлар сулоласи бошқарувининг охирларига тўғри келади.

Мамлукийлар сулоласининг бошқарув даврида (1250-1517 йиллар) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари оғир синовларга дучор бўлди. 654/1256 йил Рамазоннинг жума кунида содир бўлган ёнғинда масжид биносининг деярли ҳаммаси кулга айланди.
Аббосийларнинг халифаси Мустасим 655/1257 йилда ҳаж вақтида масжидни қайта таъмирлаш ишларини бошлаш учун бир қанча усталар, қурилиш моллари ва анжомларни юборади. Тахта ва шу каби ашёлар Яман ҳамда Мисрдан келтирилди. Қурилиш ишлари эса султон Байбарс бошқаруви даврида тугатилади.
Мамлукийлар ҳукмронлиги даврида Масжид ул-Набавий бир неча бор таъмирланиб, янгиланган. Султонлардан Калавун, Барсбей, Каитбейлар масжид майдонини кенгайтиришга уринмаганлар, аммо қиммат ва ноёб қурилиш ашёлари билан унга бебаҳо зеб беришга ҳаракат қилишган. Айниқса, Ар-Рауд ал-Мутоххара («Раҳмат ёғдирилган боғ») майдонига алоҳида эътибор қаратилган. Бу жой Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужралари ва минбарлари орасидаги майдон бўлиб, у ерда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб, намоз ўқиганлар.
886/1481 йилда масжид иккинчи бор асосий минорани чақмоқ урганида содир бўлган ёнғиндан зарар кўрди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраларидан ташқари ҳамма нарса: меҳроб, минбар қўлёзмалар ҳамда Қуръоннинг қадимги мусҳафлари ёниб битган. Султон Каитбей томонидан юборилган 100 та мисрлик уста миноралардан бошлаб қибланинг деворларини таъмирлашган. Шу вақтда биринчи бор Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужралари узра катта қубба қад кўтарди. Эътиборли томони шундаки, бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидаги масжид кўриниши сақланиб қолинган: тахминан баландлиги бир метр бўлган қибланинг деворлари ва уларда очиқ қолдирилган арка шаклидаги бир қанча йўллар мавжуд. Девор олдида минбар ясалган бўлиб, у ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужралари оралиғида меҳроб қурилган; анча кенгайган масжид майдонида эса муаззинлар учун мармардан тепаликлар барпо этилди.  
Мадина масжидининг кейинги даври энг узоқ, яъни тўрт аср давом этган ҳамда Усмонийлар сулоласи ҳукмронлиги тарихи билан боғлиқ бўлган даврдир. Турк султонлари ўзларининг қўл остиларида бўлган жойларда кўплаб хайрия муассасаларини жорий этганлари билан танилганлар. 1517 йилда Усмонийлар Мисргача бўлган ерларни забт қиладилар. Турк султони Селим Явуз Қоҳирада Макка ҳамда Мадинанинг калитларини, шунингдек, муқаддас ёдгорликларни қабул қилиб олади. Бу ёдгорликлар ҳозирда ҳам Усмонийлар хонадонига тегишлидир. Султон ўзини Икки Масжиднинг хизматчиси (ходим ул-Харамайн) деб эълон қилади.  Бу эса ўз навбатида масжидларга бўлган эътиборни икки баравар оширади. Масжид хизматчиларининг эҳтиёжлари ҳамда ҳаражатлари султон саройи томонидан қопланган. Тарихчи Бидлисининг маълумотларига кўра, бунёдкорлиги билан машҳур бўлган султон Сулаймон Мухташам келаётган зиёратчиларнинг заруратларини инобатга олиб, Мадинада ҳар тонг ва кундузда фақирларга таом улашувчи вақфларни етарли даражада очиб қўйди. Масжид ул-Набавийга ҳаттоки Усмонийлар давлатининг зодагонлари ҳам хайр-эҳсон қилишган. XX асрнинг биринчи ўн йилликларигача Истамбулда ҳар йили «Сюрре алайи» – Усмоний султонларининг Макка ҳамда Мадинага тортиқларнинг йиғим жараёни ва уларни байрам қилиш йўлга қўйилган эди. ХV–ХVI асрлардан ёдгор бўлиб баъзи бегона нарсалар қолган. Масалан, 860/1455 йилда қурилган Сулаймон меҳроби. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарларининг ғарб томонига қурилиб, аввал Ханафийлар меҳроби дея номланган. 938/1531 йилда султон Сулаймон Мухташамнинг қарори билан у оқ ва қора мармар билан янгиланган. 980/1572 йилда Селим II эса меҳробни тилла суви югуртирилган кошинлар билан безаган.

1233/1817 йилда Меҳмет II Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужралари узра қубба қурдирди ва 1255/1839 йилда уни қайта таъмирлатиб, яшил рангга бўяттирди. Аҳамиятли тарафи шундаки, Меҳмет II хукмронлиги вақтида қилинган барча таъмирга оид ишлар сўзсиз бажарилган.
Энг кўламли ўзгаришлар Усмонийлар сулоласидан султон Абдул Мажид ҳукмронлиги пайтига тўғри келади. Масжид ул-Набавийнинг шайхи Довуд-паша султонга 400 йилдан бери ҳали таъмир ишлари олиб борилинмаганлиги, ҳар янги кун янги емирилишларга олиб келаётгани ҳақида хабар беради. Шунда султон бир қанча мутахассисларни у ерга жўнатиб, керакли ҳисоботлардан сўнг таъмир ишларини бошлашни буюради. Ишни бошқариш ҳамда назорат қилиш учун амалдорлари орасидан маълум кишиларни ўзи тайин қилади. 1265/1848–1277/1860 йилларда таъмир учун энг яхши усталар, наққошлар жалб қилинади, энг ноёб ва сифатли қурилиш ашёларидан фойдаланилади. 12 йил давом этган ишлар жараёнида катта эътибор сифатга берилади. Бу эса ўз навбатида натижага юксак баҳо берилишига олиб келади.
Зиёратчиларга халал бермаслик учун таъмир ишлари айрим бўлинган жойларда олиб борилади. Эски деворлар ўрнига янгилари янги сифат ҳамда безаклар билан қурилади. Фақатгина пойдевори пишиқ ва қурилиши сифатли бўлгани учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужралари ва баъзи деворларга тегилмасдан бутун масжид янгича тус олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари ва меҳроблари таъмирланиб, сақлаб қолинади. Мажидийя минорасининг майдонидан ташқари шимолий ва ғарбий деворлар бузиб ташланмайди. Усмон меҳроби бақувват ҳамда чиройли бўлгани учун сақлаб қолинади. Равоқларнинг эски устунлари янги яхлит тошлар билан алмаштирилади. Ар-Рауд ал-Мутоххаранинг оқ-қизил мармар билан безалган устунлари ўз жойига қайтарилади. Ойналар мисдан ясалган панжаралар билан тўсилади. Усмонийлар масжидларига хос бўлган ранг-баранг ойналардан тушаётган нур эса иншоотнинг ички қиёфасига ўзгача тус беради. Барча ички йўлаклар кенгайтирилади. Бунинг натижасида асосий минора ва шарқий девор орасида усти ёпиқ майдон ташкил топади. Масжид ул-Набавийнинг майдони 10303 кв.м.га етади. Асосий миноранинг ғарбий кириш дарвозалари уйилган қизил тош билан қопланади. Масжиднинг ташқи деворлари олдида, Баб ус-Саид ва аёллар учун мўлжалланган Баб ун-Ниса дарвозалари оралиғида таҳорат учун махсус жой ажратилади. 

Таъмир ишларининг якунида масжиднинг қибла тарафи девори ҳамда полига мармар ётқизилади. Шифт эса дарахт, гул ва сувларнинг суратлари билан безатилади. Гуёки ҳар бир қуббада жаннат боғи гуллаётгандек. Устунларнинг шифтга туташган қисми сайқалланиб, тошнинг рангидаги нақшлар билан безатилади. Кейинчалик Истамбулдан машҳур Абдулла Зухди Бей таклиф қилинади. У масжиднинг қуббаси ҳамда деворларига Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини ёзиб, янада кўрк беради. Бу санъат асарини ҳозирги кунда ҳам кўришингиз мумкин.

Манба: muslmanka.ru
Рус тилидан Гўзал таржимаси