Хотира - муқаддас бурчимиздир

Аллоҳ Таъолонинг яратган махлуқотлари ичида энг азиз ва мукаррами инсон зоти экан, унинг ёши хам қариси хам, эркаги хам, аёли хам бирдек қадр қимматга эгадир. Ислом дини инсон қадрини шу даража юқори кўтарганки, хатто унинг тириги билан ўлигининг хурмати бирдек қадрланади. Аллоҳ таъоло бу дунёда инсонни турли – туман қийинчилик ва мусибатлар билан имтихон қилади ва унинг иймани қай даражада мустахкам эканини синовлардан ўтказади.Инсон саботи ва қатъияти билан мана шу имтихон ва синовлардан муваффақиятли ўтса, албатта, Аллоҳнинг олий мукофотларига сазовор бўлади. Азиз Ватанимизда яшовчи инсонлар хар қандай мусибат, қора кунлар, қатағон йилларининг мислсиз дахшатлари олдида ўзлигини асло йўқотишмади, мустахкам иймон, Аллоҳнинг доимо рахматидан умидворлик, уларга хар вақт хамрох бўлди ва келажакка катта умидлар билан боқишди.

Яратган Роббимизга беадад шукроналар айтамизки, мана бугун улуғ аждодларимиз орзу қилган буюк неъмат – Ватан озодлиги ва мустақиллигига эришилган нурли кунларга етиб келдик. Истиқлол йилларида улуғ аждодлар хотирасини қадрлаш, мамлакат тараққиёти, юрт озодлиги йўлида жонбозлик кўрсатган фидойи юртдошларимиз рухини шод этмоқ учун эзгу амалларга бел боғлашдек савоб юмуш дилимиздаги ёруғ ниятлардан бирига айланди. Давлатимиз рахбарининг ташаббуслари ва ғоялари асосида мана бир неча йилдирки, 9 – май “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида кенг нишонланмоқда. Бу эса инсон зотига, унинг муқаддас рухи, умри давомида бажарган эзгу амалларига бўлган чексиз эхтиром рамзидир,шунинг учун хам пойтахтимиздаги Хотира майдони хар доим хар гавжумдир. Жанггохларда жон фидо этган ватандошларимиздан 435.000 нафарининг номи “ Хотира китоби “ нинг зархал варақларига мангу мухрланган.

Мухтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан яна 3.725 нафар хамюртларимиз – бедарак кетган Иккинчи жахон уруши иштирокчиларининг номи аниқланиб, ушбу китоб сахифаларида қайд этилди. Давлатимиз хар доим уруш қатнашчилари, кекса ёшдаги отахон ва онахонларимиз ва барча нафақахўрларга катта диққат – эътибор билан ғамхўрлик қилиб келмоқда. Хукуматимиз уларнинг моддий фаровонликларини янада яхшилаш мақсадида бир қатор қарорлар қабул қилдики, бу нарсалар барчани чин дилдан хурсанд этди. Биргина мисол қилиб айтадиган бўлсак, Мухтарам Президентимизнинг “Иккинчи жахон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида” ги Фармони эълон қилинди.  Албатта биз тириклар хамиша мархумларимизни ёдга олиб, уларнинг рухларини шод қилиш учун савобли амалларни бажарамиз, шу жумладан Қуръони Карим оятларидан тиловатлар қилиб, уларнинг рухларига бағишлаймиз, зеро ўтганларни эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ва уларнинг хақларига дуолар қилиш барчаларимизнинг инсоний бурчимиздир. Ўзимизнинг ўтиб кетган мархум яқинларимизнинг доимо яхши сифатлари билан эслаш хам бурчимиздир, зероки бу хақда жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо Соллаллоху алайхи васаллам шундай дедилар : “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар“ ( Имом Термизий ривояти ).

Қабристонга борганда у ерда ётган мархумларнинг ахволини ўйлаб, ундан хар ким ўзига ўгит ва ибрат олиши лозим, зеро улар хам юизлардек яшаганлар, турли амалларни қилиб ўтганлар. Хозирда ўша амалларига яраша Аллоҳнинг ажру – мукофотига сазовор, ёки азобу – уқубатига гирифтор бўлган холда ётишибди. Бу эса хаётда яшаб турган сиз ва бизларни фикр қилишга ундайди. Расули Акрам  Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо Соллаллоху алайхи васаллам: “Ўлим - насихат олиш учун етарли ходисадир“ деганлар, (Имом Табароний ривояти)

Қабристонни зиёрат қилиш чоғида қуйидагиларга алохида эътибор бериш керак. Аввало қабристонга қадам қўйиш чоғида “Ассалому алайкум, эй қабристон ахллари“ деб салом бериб, хокисорлик билан кирилади,сўнгра мархумлар рухига бағишлаб, тиловати Қуръон хамда дуои хайрлар қилинади, буларнинг албатта маййитлар учун фойдаси бор, шунингдек қабристонларни ободонлаштириш, зиёратга келувчи инсонлар учун қулай шарт – шароит яратилишига ўз хиссамизнинг қўшишимиз хар биримизнинг мухим ишларимиздан эканини унутмаслигимиз зарурдир. Агар биз мусулмонлар, аждодларимиз рухларини шодлантириш мақсадида уларни қанчалик кўп хотирласак, фарзандларимиз хам бундан яхши ибрат оладилар,зероки улар хам бизларни ўтганимиздан кейин шундай хотирлаб, дуои хайрларда бўлишади,  бу хақда жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо Соллаллоху алайхи васаллам бундай деганлар: “Агар бир инсон вафот қилса унинг амали тўхтайди, фақатгина учта нарсадан унга фойда етиб туради:  1) (қолдириб кетган) садақаи жория, 2) фойдали илм, 3) хаққига дуо қилиб турадиган солих фарзандларидан“ ( Имом Муслим ривояти ).                                                                                                   

Аллоҳ таборака ва таъоло барча мархум аждодларимизни Ўзининг рахматига олиб, уларнинг хақларига қилаётган дуоларимизни ижобат қилиб, қолганларимизга фаровон хаёт, юртимизга тинчлик ва халқимизга офият ато этишини сўраб қоламиз.


Избоскан тумани “Умар ибн Хаттоб“ жоме  масжиди имом – хатиби Салимжон Юнусов