Тўй қандай бўлмоғи даркор

Аллоҳ таоло исрофнинг барча кўринишидан инсонларни қайтариб, унинг ёмон оқибатини баён қилди. Бунга кўплаб оят ва ҳадисларни мисол қилиб келтириш мумкин. Жумладан, Аъроф 31-оятда шундай дейилган:

وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ.
“Ва енглар ва ичинглар, (лекин) исроф қилмангизлар. Зеро, У исроф қилувчиларни севмайди.” (Аъроф 31)
Ушбу ояти каримадан ейиш, ичиш ва кийинишда исрофга йўл қўймаслик керак эканлиги маълум бўлади. Чунки исрофга йўл қўювчилар Аллоҳнинг муҳаббатидан маҳрум бўлишади. Ҳадиси шарифларда ҳам исрофдан қайтарилиб, тежамкорликка таргиб қилинади. Жумладан қуйидаги ҳадиси шарифда шундай дейилади:
وَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: كُلُوا وَاشْرَبُوا وَالْبَسُوا وَتَصَدَّقُوا فِي غَيْرِ إِسْرَافٍ وَلاَ مَخِيلَةٍ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар, исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бўлди», дедилар”.
وَقَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ رضي الله عنه كُلْ مَا شِئْتَ وَالْبَسْ مَا شِئْتَ مَا أَخْطَأَتْكَ اثْنَتَانِ سَرَفٌ أَوْ مَخِيلَةٌ. رَوَاهُمَا الْبُخَارِيُّ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар:
“Модомики сенда икки нарса: исроф ва манманлик бўлмаса, хоҳлаганингни е, хоҳлаганингни кий”.
Иккисини Бухорий ривоят қилган.
Юқоридаги оят ва хадисда айтилганидек, еб-ичиш гуноҳ эмас, исроф ва манманлик гуноҳ ва харомдир.
Ислом ҳар бир соҳада мўътадил йўлни тутгани каби хайр-эҳсон, тўй- маърака қилиш масалаларида ҳам мўътадил бўлишни талаб қилади. Халқимиз тўй, турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни яхши кўришади. Лекин, тўй маросимларини меъёрида, ортиқча дабдаба ва исрофга йўл қўймай ўтказиш лозим. Ҳозирги кунда тўй ва маърака-маросимларида хаддан ташқари исрофга йўл қўйилаётгани ниҳоятда ачинарли ҳолатдир. Бундан ташқари ортиб қолган таомларни тўйдан сунг ташлаб юборилиши шариат кўрсатмасидан четга чиқиш ва ҳаддан ошишдир.
Кейинги пайтларда ахлат уюмлари орасида азиз неъмат бўлмиш нонларни ҳам пайдо бўлиши тўқликка шўхлик ва энг аянчли ҳолатдир. “Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди”, дейилади. Ҳақиқатда, катта неъмат бўлсин, кичик неъмат бўлсин барчаси бирдек Аллоҳ таолонинг бандаларга берган инъоми бўлиб, уларнинг қадрига етиш ва исроф қилмай истеъмол қилиш лозим.
Ҳозирги кунда тўйдан кейин ҳам айрим минтақаларда дабдабабозлик авжига чиқмоқда. Жумладан, келин боланинг уйидан куёвникига қирқ кунгача келадиган уч маҳаллик ноз-неъматлар шулар жумласидандир. Бундай одат на динимиз кўрсатмаларига ва на эркак шаънига тўғри келади. Чунки куёв қизни танмаҳрамликка қабул қилдим, деганда уй-жой, емоқ-ичмоқ, эҳтиёжига қараб кийинтириш, касал бўлган даволаш кабиларни қабул қилган бўалди.
Ёши катталаримиз қирқ кунгача маъзар ташиш ҳолатига улар асло гувох бўлишмаган. Шу билан оилалар тинч-тотув бўлиб кетса-ку майли-я, қанчадан-қанча оилалар арзимаган “қилди-қилмади” деган гап-сўзлар билан бузилиб кетаяпди. Ўткинчи орзу-ҳавасни деб ҳаётимизни машаққатга тўлдириб, охиратда ҳам бўйнимизга оғир жавобгарликни илиб олмайлик.
Саҳобаи киромлардан Абдурохмаон ибн Авф розияллоҳу анҳу уйланмоқчилигидан хабар топган Расулуллоҳ алайҳис салом тўйни қандай қилиш ҳақида кўрсатма бериб, “Битта қўй сўйиб тўй қилиб бергин”, деганлар. Аслида, у зот минглаб қўйлар сўйишга, бир неча кун зиёфат беришга қодир Мадинанинг энг катта бойларидан эди. Хозирги кунга қайтиб фикр қилсак, бизларга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўё муборак сўзларининг замирида “Эй молингга Аллоҳ барака бергур, битта қўй сўйиб тўй қилгин, эртасига юзта қўй сўйиб эҳсон қилаверасан. Тўй қиламан деб бошқаларга қийин қилиб қўймагин”, деган сузлари ётган бўлса не ажаб.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотима розияллоҳу анҳони турмушга чиқараётганларида сеп сифатида теридан бўлган ёпқич, ичига хурмо фатийласи солинган болиш, тош тегирмон, сув идиш ва иккита мешча юборганлар. Буни ҳар бир мусулмон мулоҳаза қилиб кўриши ва Расуллоҳнинг кўрсатмаларига амал қилишга уриниши лозим ва лобуддир. Демак, сеп қилишда хам хаддан ошмаслик керак экан.
Шариатимизда жорий бўлган никоҳ ҳамда ақиқа тўйларини қариндош ва яқин қўшнилар доирасида дабдабасиз, исрофгарчиликсиз ўтказиш мақсадга мувофикдир. Зеро, никоҳ тўйидан мақсад шарьий никоҳни эълон қилиш бўлса, ақиқадан мурод жонли сўйиб бир қисмини муҳтожларга тарқатишдир. Бу икки мақсад озчилик доирасида ҳосил бўлаверади. Суннат ва мучал тўйларини ўтказиш шариатимизда буюрилмаган.
Катта харажатлар эвазига амалга ошириладиган худойи, маъракалар ўрнига марҳумлар руҳини шод этиш учун мухтож оилаларга, меҳрибонлик уйларига, ногирон ва қариялар уйларига ёки ободончилик ишларига моддий ёрдам қилинса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Тўйларда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқатадиган зарур ишларга сарфланса, айни айни мудао бўлади.
Шундай экан ҳар бир мўмин мусулмон ҳаёти мобайнида турли хил исрофларга йўл қўймасдан, ўзига ҳам бошқаларга ҳам машаққат қилмасдан, юқорида зикр қилинган оят ва ҳадисларга мувофиқ яшамоғи лозим.

Андижон вилояти “Имом ал-Бухорий” жоме масжиди имом хатиби Рахимов Олимжондомла