Оилада эрнинг масъулияти ва вазифалари

Ота - оналаримиз серфарзанд ва  болажон бўлишган. Уларнинг  ўзаро  меҳрибон ва  оқибатли  бўлишларига ушбу  ҳаёт шакллари туртки бўлганмикин?  Серфарзандлик  асосида  муҳаббат  ва оқибат  ётади. Миллий  қадриятларимиз деганда нимани  тушунамиз?..  Ислом дини  қоидалари  асосида  яшашганлари ҳам  ҳақиқат. Ислом  дини эса  икки   манба Қуръон  карим  ва  хадис шарифдан иборат.

Хозирги  сухбатимизда ушбу  манбаларнинг  иккита  далиллари  ҳақида  мулоҳаза  қиламиз.
Аллоҳ  баъзиларини баъзиларидан устун  қилгани ва  молларидан  сарфлагани  учун  эркаклар  аёлларга  раҳбардирлар...(Нисо  сураси. 34-оят)
Ва  эркаклар  учун аёллардан устунлик берилган  “Бошқаришлик, химоя қилишлик ва молини аёлига сарфлашлик юзасидан” (Бақара сураси. 228-оят)
Аллоҳ  таоло хар бир  махлуқотини  билиб  яратди  ва унга  лозим     бўлган  яшаш   қонуниятини ҳам  илҳом  йўли  ила  етказди. Масалан хўроз бир  жойни чўқилаб  дон  топса  алоҳида  қоқоғлаб,  ўзи  емасдан  товуқларини чақиради  ва товуқлар  ҳам  табиий равишда  югуриб  келишади.  Ақллилик  даъвосини  қилаётган баъзи  эркакларни мана  шу  хўроздан ибрат  олишликка чақирсак  уят бўлмасмикин.
Осмондаги ойни олиб беришга  ваъда  бераётган  эркакни қичқираётган хўрозга ўхшатсангиз хафа бўлади, аммо хотинининг овқати-ю, кийим-бошига қарамай, яъни яратган Аллоҳ унга юклаган зиммасидаги   нафақасини бажармай жуфтакни  ростлаётган  эркакни гўнг  чўқигувчи  хўрозчалик масъулиятни  хис  этмасликда  айбласангиз  хато   қилмасангиз  керак.
Эй,  дўстим, сизни  Аллоҳ  таоло эркак  қилиб  яратибди,  бас эркакга  мос  равишда  феъл атворингизни  тузатинг! Ана  шунда  тарозининг икки  палласи  тенг  бўлганидек бу  ёруғ  оламнинг  қонуниятлари  жойига  тушиб бахт - саодат  эшикларидан  кириш   имконларига  эга  бўласиз. Ана  шунда сиз-у  биз  ОНАМ дея  эъзозлаётган  аёлларимиз қадрларини  топиб, ўз  аёллик  ҳаётларини,  хис  туйғуларини тўлақонли  яшаб  ўтадилар.
Аёлларимизни айблаётган   эркакларнинг тиллари   кесилгани афзалроқ. Хар  бир  аёл хар  қандай  эркакдан ўз  вазифасини  бажаришда  ва  масъулиятини  хис  этишда  яхшироқ  холатда  туради. Яна  бир  ҳақиқат шуки  хеч  бир  аёл  бирон  бир  эркакнинг  эркаклик  шаънига  тажовуз  қила  олгани  йўқ  ва бу  иш  аёл зотининг  табиатида   яратилмаган.  Аёлни  хаёсиз  деяётганлар инсоф  билан  айтсинларчи  ўша аёл  атрофидаги   эркаклар номус  ва иффат  жиҳатидан  қай  даражада  пок  эканлар?!..  Ёки аёлларнинг  ҳаёсизлиги  кимларга  нисбатан белгиланмоқда?.. Балки  айбланаётган аёллар ўз  атрофидаги  эркакларнинг  ҳаё  деб  аталмиш,  иймоннинг  бир  бўлаги бўлган, муқаддас  туйғуни  оёқ  ости  қилганликлари қурбонларига  айлангандирлар?!.. Ҳа!..  Аёлларни  Аллоҳ  таоло  гўзал  ва  мафтункор  яратди,  аммо  тажовузкор  этиб  яратмади!.. Аёллар табиатига  иффат ва ҳаёни   одоб билан қориштириб, башарият  учун   ОНА  бўлишига  салоҳиятли  этиб яратди.
Аёлларни  фаҳш  ботқоғига судраётган  эркаклар  Худодан  қўрқсинлар!..  Аёлларни иғво  қилаётган  эркаклар Аллоҳдан  уялсинлар!..   Бирон  жойда  бир  фоҳиша  аёл  бор  деманг, чунки  у  аёл  фоҳиша  бўлиши  учун ўша  жойда  ўнта  ифлос  эркак  бўлиши  керак. Ва  аксинча  қайси  жойда  аёллар  ҳаёли  ва  вафодор  десангиз  ўша  жойнинг  эркакларини  номусли  ва шажоатли деб  билинг. Таъбир  жоиз  бўлса  бизнинг  аёлларимиз эркакларимизнинг  акс  садоси , ойнада  кўринадиган  ўзлигимиз  десак  янглишмаймиз. Бас, аёллар  ҳақида  ўзимизга  номуносиб  гапларни  айтишдан  сақланайлик  ва  ЭРКАК  сифатида  ўзларимизни  тузатишга  ўтайлик.
Инсон   ҳақ- ҳуқуқларининг  оёқ  ости  бўлишига  сабаб  хар  бир одам ўзи  нима учун яратилганлигини тафаккур қилиб, ўз вазифасини муносиб  бажармаётганлигидан  келиб  чиқиши  айни  ҳақиқат. Хар  бир  инсон:  эркак  бўлсин,  аёл  бўлсин  Аллоҳ таоло яратган  хилқатдаги  табиий  равишда ўзига  юкланган  масъулиятни хис  этса ва ушбу  вазифасини  инсонийлик  юзасидан  адо  этса  олам гулистон  бўлиб  бахту—саодат   ҳаммамизга  ёр  бўлар  эди.
Аллоҳнинг Пайғамбари(САВ) айтдилар: «Гўзал  ва бадавлат аёл  зино  қилишга  чақирганида “Мен  Аллоҳдан қўрқаман”  деб, қочган эркак Қиёмат  кунида  Аллоҳнинг  Аршиси  соясида  роҳат  олади». Айнан эркакларга  мана  шундай  мураккаб  холатда ўзларининг  эркаклик  номусларини  сақлаш  буюрилди  ва  эркакнинг  номуси  жамиятнинг  номусига  тенглаштирилди.
Аллоҳ  таоло эркакларни  аёллар учун бошқарувчи,  ҳимоячи,  ғамҳўр  этиб  яратганлигини юқоридаги  оятда  зикр  қилди. Бу  жуда  улкан  масъулият эди.  Аммо  эркаклар томонидан  оғир  гуноҳлар  содир  этилди  ва  афсуски  хозирда  ҳам  давом  этмоқда. Аччиқ  ҳақиқатни  тарихдан  топамиз. Испан  матрослари  Америка  қитъасини кашф  этганларида шаҳватларига  қул  бўлиб  лама  деб  аталадиган  хайвоннинг  урғочисига  яқинлик  қилдилар  ва сўзак  каби  жинсий  таносил  касалликларни  Европа  қитъасига  тарқалишига  сабабчи  бўлдилар. Африка қитъасидаги эркаклар  маймуннинг  урғочисига  жинсий  яқинлик  қилдилар  ва ОИТС (СПИД) касаллигини  бутун  инсониятга хиёнат сифатида тарқалишига йўл  қўйдилар.
Эркак  зотига  юкланган  масъулият суистимол қилинганлиги  учун инсониятга  хиёнат  содир  этилди.  Афсуски хозирда  ҳам  бу  жиноятлар яна  эркаклар  томонидан  давом  эттирилмоқда. Аёллар  шаънига  ноўрин  туҳмат  тошларини  отишдан  сақланиш  айнан  эркакман  деб  бош  кўтариб  юрган   кишига лозимдур. Аёллар  ҳақида  шаҳвоний  филмлар  ишлаб чиқиш  ва  эркаклар орасида  бачкана  фикрлар  ўйғотиш  ҳеч  бир  эркак  зотига  муносиб  иш  эмас!  Бундан  хазар қилмоқ  зарур. Жамиятнинг соғлом  ва  ҳаёли  бўлиши  айнан  эркакларнинг  ўзларини  тузатишларига боғлиқдир.
Азиз ва муҳтарам  эркаклар! Бизларга Оналаримиз, опа сингилларимиз,  жуфти  халолларимиз ва қизларимиз омонат  қилиб  берилган.  Уларнинг  нафақаларини чиройли адо  этиш,  иффату- обрўйларини  покиза  асраш  сизу-биз  эркакларнинг шарафли  ва  катъий  вазифамиздур. Бутун  оламнинг  мунавварлиги  ушбу  масъулиятимизни қай  даражада  амалга  оширишимизга  боғлиқ.


“Қўшчинор” масжиди имом-хатиби  Абдумутал ОТАБОЕВ