Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл!

Ҳарир, хушбўй баданингда тошлар изи бор,
Кўкрагингда эгилган не бошлар изи бор,
Қуёш изи, куйдирган қуёшлар изи бор,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!
(Ҳалима Худойбердиева,Ўзбекистон халқ шоираси)

Мўъмин инсон ҳақида ёмон гумонда бўлишлик қанчалар ёмон бўлгани каби яхши гумонда бўлишликнинг ҳам ўзига яраша фазилатлари бор. Инчунун Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтадилар:
حدثنا عبد الله بن عمر رضي الله عنهما قال  رأيت النبي صلى الله عـليه و سلم يطوف بالكعبة و يقول "ما أطيبك و أطيب ريحك ما أعظمك وأعظم حرمتك و الذي نفس محمد بيده لحرمة المؤمن أعظم عند الله تعالى حرمة منك ماله و دمه و أن يظن إلاخيراً"  رواه أبو عبد الله ابن ماجه.
Мен пайғабар саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим. Каъбани тавоф қилар ва: “Қандоқ ҳам ёқимлисан! Қандоқ ҳам ёқимли сенинг бўйларинг! Қандоқ ҳам буюксан, қандоқ ҳам буюкдир сенинг ҳурматинг! Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, албатта мўминнинг ҳурмати, унинг молининг, қонининг ҳурмати ва фақат яхши гумондагина бўлишлик Аллоҳ таоло ҳузурида сенинг ҳурматингдан ҳам юксакроқдур!” ‒ дер эдилар. (Ибн Можа ривояти)
Аммо таъассуфлар бўлсинки орамизда бировлар ҳақида ёмон гумонга борибгина қолмай, балки одамлар орасида бир бегуноҳ банданинг обрўсини ер билан баробар қилишликни касб қилган одамлар ҳамиша, ҳар замон ва ҳар маконда бўлиб турар экан. Уларнинг фитнаю-фасодлари охир оқибат ўзларини шармандаю шармисор қилиши турган гап. Бироқ унга қадар қанча покдомон инсонларнинг обрўларига путур етказиш ва қанча-қанча инсонларнинг ораларига адоват ўтларини ёқишга улгуриб қолиши одамга алам қилар экан. Шоир Абдулла Орипов айтганларидек:
Дейдилар ‒ ит ҳурар, ўтади карвон
Ранжу маломатда ёнмасин жонинг.
Лекин алам қилар бир умр гирён ‒
Итлар орасида ўтса карвонинг.

Ҳозирги кунларимизда бўлгани каби тарихда ҳам ўринсиз шубҳа ва гумонлар оқибатида неча-неча фазилатли инсонларга ҳам туҳматлар ёғилган. Ҳатто бундай маломатлар мўъминларнинг онаси, пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюкли аёли – Оиша разияллоҳу анҳони ҳам четлаб ўтмаган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ривоятида Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон сафарга чиқишни ирода қилсалар хотинларининг ўртасида куръа ташлар эдилар. Қайсинисига қуръа тўғри келса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша билан сафарга чиқар эдилар. Ғазотларнинг бирида қуръа ташлаган эдилар, менга тўғри келди. Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга чиқдим. Бу воқеъа ҳижоб нозил бўлганидан кейин эди.  Мен ҳавдаж ‒ чодрамда эдим.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазотдан фориғ бўлганларидан сўнг ортимизга қайтиб, Мадинага яқинлашганимизда кечасида йўлга тушишликка рухсат бердилар. Шу пайтда ўрнимдан туриб лашкардан нарироқ жойгача юриб бордим. Ҳожатимдан фориғ бўлгач карвонга яқинлашдим. Кўксимни пайпаслаб кўрсам маржонларим узилиб тушиб қолибди. Мен маржонимни излаб ушланиб қолдим. Туямни етаклаб юрганлар мени шунинг ичида деб ўйлаб чодрамни кўтариб туяга юклаб йўлга тушишибди.
У пайтларда аёллар овқатдан кам истеъмол қилганларидан семирмаслар, балки озғин ва енгил бўлар эди. Мен ҳам ёш ва енгил эдим. Шунинг учун йўқлигимни ҳам сезишмай чодрани юклаб йўлга тушишибди. Маржонимни топиб келсам карвон кетиб бўлган экан. Карвон турган жойга етиб келганимда на бир чақиргувчи, на чақирсанг жавоб бергувчи йўқ эди. Ҳойнаҳой одамлар йўқолганимни билишганидан сўнг албатта қайтиб келишади деб ўйлаб чодрам турган жой томонга қараб бордим. Шу ҳолда ўрнимда ўтирганча кўзимга уйқу ғолиб келиб ухлаб қолибман.
Сафвон ибн Муаттал  ас-Суламий Закавоний қўшиннинг орқасидан қолиб бир оз туриб боргувчи эди. Тун охирида йўлга тушиб мен ўтирган жойимга келиб қолибди. Ухлаётган одамнинг шарпасини кўриб қолиб келиб қарагач мени таниб қолибди. У мени ҳижоб нозил бўлишидан илгари кўрган эди. Унинг мени танигач истиржо айтганидан уйғониб кетиб, ёпинчиғим билан юзимни тўсиб олдим  (истиржо ‒ одатда мусибат етганда “инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”, яъни “албатта бизлар Аллоҳникимиз ва албатта биз Унга қайтажакмиз” демоқлик ‒ Улуғбек қори). Аллоҳга қасамки, туясини чўктириб энгаштирар экан, менга бирор оғиз сўз ҳам сўзламади, мен ундан истиржосидан ўзга бирорта калима ҳам эшитмадим. Сўнгра туянинг олд оёғини пасайтирди ва мен туяга миндим, у эса токи пешин пайти бўлиб қўшин тўхтаган манзилга етиб олгунимизга қадар туяни етаклаб борди. Карвондагилар мен тўғримда анча-мунча гап-сўзлар қилишди. Айниқса Абдуллоҳ ибн Убай кибрига юзланган эди.
Шаҳарга ҳам етиб келганимиздан сўнг бир ой касал бўлиб ётиб қолдим.. Мен бехабар, одамлар бўҳтончиларнинг гап-сўзларини тарқата бошлашибди. Беморлик чоғимда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга илгаригидек илтифот кўрсатмганлари эса яна ҳам дардимни кучайтириб юборди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кирсалар ҳам салом берар ва “Бунинг ҳоли қандоқ”, ‒  деб қўяр эдилар холос.  Бу нарса менга озор берар эди.
Мен токи оёққа туриб Умму Мистаҳ билан жаоат ҳожатхонсига чиққунимга қадар бу ёмонликларни сезмаган эдим. У пайтлар бизлар ҳали уйимизнинг теварагида алоҳида қўрғон қилиб ҳожатхона қилишимиздан бурун бўлиб, биз у жойга кечалари чиқар эдик. Илгариги арабларнинг биёбонлардаги одатларига кўра ҳожатхонани ҳовлимизга қуришга кўникмаган эдик.
Умму Мистаҳ билан қйтаётган эдик. Умму Мистаҳ ‒ Абу Руҳм ибн Абдулмутталиб ибни Абду Манофнинг қизи эди. Унинг онаси эса ‒ Сахр ибн Омирнинг қизи, Абу Бакр Сиддиқнинг холаси. Ўғли ‒ Мистаҳ ибн Усоса ибн Абду Мутталиб.
Мен ва Абу Руҳмнинг қизи Умму Мистаҳ ҳожатимиздан фориғ бўлиб уйимиз томонга кетаётган эдик Умму Мистаҳ кийимнинг этагига ўралашиб қоқилиб кетди ва “ҳа, бадбахт Мистаҳ!” ‒  деб юборди.
‒ Намунча ёмон гап айтяпсан? Бадрда иштирок этган кишини ҳам сўкасанми? ‒ дедим.
‒ Сен ҳали унинг нима деганини эшитмадингми? - сўраб қолди.
‒ Нима деди? ‒ деб сўраган эдим, бўҳтон аҳлининг  гап-сўзларини айтиб берди. Шу билан дардимга дард қўшилди. Уйга қайтганимизда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимга кириб салом берди. Сўнг эса:
‒ Аҳволинг қандоқ? ‒ деб сўраган эдилар, мен:
‒ Ота-онамнинг уйига боришимга рухсат берасизми? – деб савол бердим.
Бориб улардан гап-сўзларнинг тафсилотини билмоқчи бўлдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ижозат бердилар. Уларнинг ҳузурига бориб онамга:
‒ Эй онажон! Одамлар нима гапларни гапириб юришибди? ‒дедим.
‒ Қизалоғим, бу гапларга парво қилма! Аллоҳга қасамки, покдомон бўла туриб севимли кишисининг ҳузурида бошига кўплаб маломатлар ёғилган аёллар оз эмас.
‒ Субҳоналлоҳ! Ҳали одамлар шунақа нарсаларни гапириб юришибдими?!
Ўша кеча тонггача йиғлаб чиқдим. На кўзимнинг ёши тўхтатамай, на кўзимга уйқу келмай гирён бўлиб тонг оттирдим.
Бу орада ваҳий келиши ҳам бир оз муддат тўхтаб қолган эди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Али ибн Абу Толиб ва Усома ибн Зайдни чақириб аҳли билан ажралиш ҳақида сўраб, маслаҳатлашди. Шунда Усома ибн Зайд аҳлининг айбсиз эканлигини билишлиги ва унга ўзида эҳтиром борлигига ишора қилиб:
‒ Эй Аллоҳнинг Расули! Сизнинг аҳлингиз тўғрисида яхшиликдан ўзга нарсани билмасмиз, − деди.
Али ибн Абу Толиб эса:
‒ Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳ  сизга танглик қилиб қўймаган. Ундан бошқа хотинлар ҳам серобку! Анави жориядан ҳам сўраб кўрсангиз нима гаплигини тасдиқлаб бериши мумкин.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Барирани чақириб сўради:
‒ Эй Барира, Оишада шубҳага солгувчи бирор нарса кўрдингми?
‒ Сизни ҳақлик билан юборган Зотга қасамки, мабодо мен ундан яширишим лозим бўлган бирор ишни кўрган бўлсам, у ҳам бўлса шуки – у  ҳали ўсмирлик ёшида. Кўпинча хамир қориб туриб ҳам ухлаб қолар ва қушлар келиб хамирдан чўқиб кетар эди, ‒ жавоб берди Барира.
Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб шу куниёқ Абдуллоҳ ибн Убайнинг узр сўрашини талаб қилди. Сўнг минбарга чиқиб:
‒ Эй мусулмонлар жамоаси! Менга аҳлим тўғрисида озор берган кимсадан ким узр сўратиб бера олади? Аллоҳга қасамки, мен аҳлим тўғрисида яхшиликдан ўзга нарсани билмадим. Шунингдек, яна бир кишини ҳам гап қилишдики, у тўғрисида ҳам яхшиликдан ўзга нарсани билмадим. Ҳобуки, у менсиз аҳлимга кирмас ҳам эди, ‒ дедилар.
Шунда Саъд ибн Муоз Ансорий разияллоҳу анҳу ўрнидан туриб:
‒  Мен ундан сизга узр сўраб бераман, эй, Аллоҳнинг расули! Агар Авс қабиласидан бўлса калласини оламиз! Ва агар Хазраждаги биродарларимиздан бўлса, унда буюринг, айтганингизни бажо қиламиз! ‒ деди.
Оиша разияллоҳу анҳо давом этиб айтадилар: сўнг Саъд ибн Убода ўрнидан турди. У Хазражнинг саййидларидан ва солиҳ инсон эди. Бироқ унинг ҳамияти қўзғаб, Саъд ибн Муозга пўписа қила бошлади:
‒ Бекор айтибсан! Аллоҳнинг берган умрига қасамки, сен уни ўлдира олмайсан ҳам, унинг қатли қўлингдан ҳам келмайди! Агар у сенинг жамоатингдан бўлса эди, ўлдиришни хоҳламаган бўлар эдим!
Усайд ибн Хузайр ҳам ўрнидан туриб кетди. У Саъд ибн Муознинг амакиваччаси эди. Саъд ибн Убодага қараб:
‒ Ўзинг бекор айтибсан! Аллоҳнинг берган умрига қасамки, албатта уни ўлдирмасдан қўймагаймиз! Сен мунофиқ экансан! Мунофиқнинг тарафини оляпсан! ‒ деди.
Авс ва Хазраж жамоалари шунчалик ғалаён кўтариб юбордиларки, ҳатто бир-бирларини ўлдирмоқчи бўлишгача келиб қолишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эса минбарда туриб тинмай уларни тинчитишга уринар эдилар. Охири улар ҳам тинчишди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам сокин бўлдилар.
Бу кун ҳам йиғлаб чиқдим.  На кўз ёшларим тўхтаса, на кўзимга уйқу келса!.. Ота онам бу йиғи жигаримни эзиб юбормаса деб ўйлашардилар. Шу ҳолатда мен йиғлаб, улар ёнимда ўтирганларида ансориялардан бир аёл изн сўраб қолди. Мен рухсат бердим. У ҳам йиғлаганча ёнимга келиб ўтирган эди, шу пайт Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб қолдилар. Саломлашдилар. Сўнг ўтирдилар. Гап-сўзлар бўлганидан буён ёнимда ҳеч ўтирмаган эдилар. Бу орада Ул зотга менинг ҳақимда бирор нарса ваҳий бўлмасдан бир ой ўтиб қолган эди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирганларидан сўнг шаҳодат келтирдилар. Сўнгра шундоқ дедилар:
‒ Ана энди, эй Оиша, менга сен тўғрингда шундоқ-шундоқ гаплар етиб келди. Агар сен гуноҳсиз бўлсанг ‒ ҳадемай Аллоҳ сенинг айбсиз эканлигингни билдиргай. Мабодо гуноҳ иш қилиб қўйган бўлсанг Аллоҳга истиғфор айт ва тавба қил. Чунки банда қачонки гуноҳини эътироф этиб тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилгай.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларни айтиб бўлганларидан сўнг кўз ёшларим бирдан тўхтаб қолди. Ҳатто бирор қатрасини ҳам сезмай қолдим. Отамга қараб:
‒ Мен учун Расулуллоҳга жавоб бериб юборинг, ‒ десам, отам:
‒ Аллоҳга қасамки, мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нима дейишимни билмайман, ‒ дедилар.
‒ Мен учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга жавоб беринг, ‒ дедим онамга.
‒ Аллоҳга қасамки, мен ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нима дейишимни билмайман, ‒ дедилар.
‒ Мен бир ўсмир ёшидаги ёшгина аёл бўлсам. Қурондан ҳам кўп ўқимаганман. Аллоҳга қасамки, сизлар бу тўғрида шунчалик гаплар эшитиб, ҳатто ўзларингизча бунга иқрор бўлиб, тасдиқлаб ҳам юрганингизни фаҳмлаб турибман, ‒ сўз бошладим. ‒ Мабодо сизларга мен бегуноҳман десам, Аллоҳ Ўзи билиб турибди ‒ шубҳасизки, мен бегуноҳман, аммо сизлар ростлигига ишонмайсизлар. Ва агар бир ишни ўз бўйнимга олсам, Аллоҳ билиб турибди ‒ мен ундай ишдан узоқман, аммо сизлар ишонасизлар. Бас, Аллоҳга қасамки, ўзим учун ҳам, сизлар учун ҳам Юсуфнинг отаси айтгани каби сўздан ўзга мисол топа олмадим: “فَصَبْرٌ جَمِيلٌ وَاللّهُ الْمُسْتَعَانُ عَلَى مَا تَصِفُونَ  " “Энди, чиройли сабр қилмоқлик! Ва Аллоҳ ‒ сизлар сифат қилаётган ишлардан ёрдам сўралгувчи(зот)дур”.
Сўнг қайрилиб кўрпамга кириб ётиб олдим. Аллоҳга қасамки, шу лаҳзада мен покдомон эканлигимни, Аллоҳ таоло менинг покдомон эканлигимни ошкор қилишини аниқ билар эдим. Ва лекин, Аллоҳга қасамки, менинг шаънимда тиловат қилингувчи  ваҳий нозил бўлади деб ўйламаган эканман. Мен ўзимча, Аллоҳ мен тўғримда тиловатлар қилингувчи ишни такаллум қилишига лойиқ эмасман деб ўйлаган эдим. Балки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйқусида Аллоҳ мени оқлагувчи тушни кўришидан умидвор эдим.
Аллоҳга қасамки, ҳали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирган жойларидан турмасдан туриб, уй аҳлидан ҳали бирор киши чиқмасдан бурун Аллоҳ  таоло  пайғамбарига (ваҳий) нозил қилди. Ўша куни нозил бўлган калиманинг оғирлигидан У зот (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ваҳий келганда тутадиган шундай бир безовталик тутиб қолдики, ҳатто терлари марвариддек оқиб тушар эди. Бу ҳолат ўтиб кетгач Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар ва биринчи айтган сўзлари: “Хушхабар, ҳой Оиша! Ана энди Аллоҳ азза ва жалла сенинг айбсизлигингни эълон қилди!” ‒ деганлари бўлди. Онам:
‒ У зотнинг ҳурмати учун тур ўрнингдан! ‒ дедилар.
‒ Аллоҳга қасамки, У зот учун турмасман. Менинг айбсиз эканлигимни нозил қилган зот ‒ Аллоҳ азза ва жаллагагина ҳамд айтаман, ‒  дедим.
Яна бир ривоятда Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: “Жуда ҳам жаҳлим чиқиб кетган эди. Ота-онам: “Тур!” дейишди. Мен эса: “Йўқ! Аллоҳга қасамки, унинг учун турмайман! У кишига ҳам, сизларнинг иккалаларингизга ҳам ҳамд айтмайман! Мен поклигимни билдирган Аллоҳгагина ҳамд айтурман. Сизлар эса шунча гапни эшитиб туриб, уни инкор ҳам қилмадингиз, унга ғайрилигингиз ҳам келмади!” – дедим”.
Аллоҳ азза ва жалла { إِنَّ الَّذِينَ جَاءُوا بِالإفْكِ عُصْبَةٌ مِنْكُمْ }
“Шaк-шубҳaсиз бу бўҳтoнни кeлтиргaн кимсaлaр ўзлaрингиздaн бўлгaн бир тўдaдир” деб бошлангувчи ҳаммаси бўлиб ўн оятни нозил қилди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу Мистаҳ ибн Усосага қариндошлиги ва фақирлиги учун нафақа қилиб турар эди, Аллоҳ менинг бу бароатимни нозил қилгач:
–Аллоҳга қасамки, мен энди унга Оиша ҳақида қилган гап-сўзлари учун ҳеч қачон ҳеч нарса инфоқ қилмагайман! – дедилар.
Шунда Аллоҳ таоло Нур сурасидан  { وَلا يَأْتَلِ أُولُو الْفَضْلِ مِنْكُمْ وَالسَّعَةِ
“Сизлaрдaн фaзл вa кeнг-кaттa (мoл-дaвлaт) эгaлaри қaриндoшлaргa, мискинлaргa вa муҳoжирлaргa Aллoҳ йўлидa инфoқ-эҳсoн қилмaсликкa қaсaм ичмaсин, бaлки улaрни aфв қилиб, кeчирсинлaр!” – Оятидан   { أَلا تُحِبُّونَ أَنْ يَغْفِرَ اللَّهُ لَكُمْ وَ اللهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ}  “Aллoҳ сизлaрни мaғфирaт қилишини истaмaйсизлaрми?! Aллoҳ мaғфирaтли, мeҳрибoндир” гача нозил қилиб қолган эди, Абу Бакр:
–    Йўқ, ундоқ бўлса, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ мени мағфират қилишини яхши кўраман! – деб Мистаҳга аввалгидек нафақа қилишга қайтди-да:
–    Аллоҳга қасамки, мен энди у билан қайтиб низолашмагайман! – дедилар”.
Шундай қилиб Оиша разияллоҳу анҳонинг покдомонлиги оламларнинг Тарбиячиси Аллоҳ таоло томонидан эълон қилинди. Эълон қилинганда ҳам то қиёматга қадар тинмай тиловат қилинадиган Қуръони Карим оятлари билан собит бўлди. Бу эса минглаб саҳобаи киромларнинг ҳаммасига ҳам насиб этавермаган мартаба эди.
Хўш, шунча гап-сўзни кўпайтирганлар нима бўлди?
Албатта, улар ҳам ўзига яраша жазоларини кўрдилар. Уларнинг ичида, ҳатто саҳобийлардан ҳам бор эди. Ўша саҳобийларнинг бирининг кейинчалик кўзи ожиз бўлиб қолди. Абдуллоҳ  ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бўҳтончиларга ҳад урдирган. (Табароний ва ибн Мурдавайҳ ривоятлиридан)
Айниқса бўҳтонларни тўқиб чиқариб эл-юрт орасида тарқатганларнинг энг каттаси Абдуллоҳ ибн Убай жазоларнинг энг каттасини олди. Унинг ҳақиқий мунофиқлиги ошкор бўлди. Жумҳур муфассирларнинг тафсирларига кўра у ҳақда нозил бўлган “Мунофиқун” сурасида ва бошқа бир неча ояти карималарда унинг жирканч ва қабиҳ амаллари баён қилинганки, бу оятлар ҳам қиёматга қадар тиловат қилинар экан, башарият қиёматга қадар қабоҳат ва разолат эгаларидан нафратланиб ўтадилар. Бунинг устига ояти каримада баён қилинганидек:
وَالَّذِي تَوَلَّى كِبْرَهُ مِنْهُمْ لَهُ عَذَابٌ عَظِيمٌ
"Ва улардан кибрига юзланган кимсага улкан азоб бордур"
Саҳобий бўлиш насиб этиб турган бир кимса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан шунча суҳбатда бўлган эса-да, бундай юксак мартабадан маҳрум бўлди. Сўфи Оллоҳёр айтганидек:
Етар раҳмат суйи кўк кавкабина,
Етишмас қатраеъ гумроҳ лабина.
Маломатчилар ҳар қанча маломат қилсаларда, муҳтарам аёл зотининг қадри улуғлигича қолди.
Қимтинасан, астагина кўтарасан бош,
Минг йилликдир кўзингдаги жовдираган ёш,
Гуноҳкорлар мингу битта Сенга тегар тош,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Улуғбек қори Йўлдошев. Асака