Вақт қадри

Бир куни подшоҳ бир кишига иш буюради: “Мана бу менинг боғим, буларни ҳаммасини менга хоналарга бўлганман. Ҳар бир хонага кириб, мева узиб манави саватга тўлдириб келтирасан. Шунга яраша муздингни оласан, ҳаққингни оласан”.

Шунда ҳалиги киши: “Фақат шугина холосми? Ахир бу осон-ку” дейди. Подшоҳ: “Лекин бир шартим бор ҳар бир хонага киргандан кейин орқага қайтиш йўқ” деб уқтиради. “Бўпти” деб ҳалиги киши боғнинг аввалги хонасига киради, қараса мевалар ғарқ пишиб тўкилиб ётибди. Нимагадир унга бу мевалар ёқмади ва бошқа хонага кирди, қараса олдинги хонадан чиройлироқ, янада кўркамроқ мевалар бор экан. “Демак бошқа хонаси бундан зўр бўлса керак” деб ўйлаб, бошқасига киради. Дарҳақиқат бу хонадаги мевалар аввалгилардан ҳам ажойиброқ ва хуштаъмроқ эди. Шундай қилиб бир-биридан гўзал мевалик хоналарга кириб-чиқиб узмай фақат тамоша қилар эди. Ҳали узарман деган умидда кейинги хоналарга ўтди, лекин охирги хонага кирганда унда мевадан асар ҳам йўқ эди, ҳалиги киши охирги хонага келиб қолганини сезмай қолибди. Қараса саватда ҳеч қандай мева йўқ. Шунақанги пушаймон бўлиб, уялиб қолибди. Афсуски хоналарга қайтиб киришнинг иложи йўқ.
Ушбу ҳикоядаги подшоҳ бу Аллоҳ таоло, боғ эса бу дунёдир. Ҳар бир хонаси ҳар бир кунимиз, дарҳақиқат унга қайтиб киришнинг иложи йўқ. Мевалар эса хайрли ишлар. Эрта бизлар пушаймону шармисор бўлмаслигимиздан олдин, Аллоҳ таоло буюрган амалларни ўз вақтида бажариб ва қайтарган қайтариқларидан қайтсак берган ваъдамизга мувофиқ хаёт кечирган бўлардик. Чунки бирмас-бир кун бизнинг соямиздек эргашиб келаётган ўлим бизни охирги манзилга етказиб келади. Шундай экан хар бир кунимиздан унумли фойдаланайик. Умримиз дафтарини  хайрли савоб ишлар билан безайлик. Вақтимизнинг ҳар дақиқасини қадрлайлик.

Хўжаобод туман Еттичинор ва Кўфа жоме масжид имом хатиблари  М.Қосимов  З.Зияиддинов