Ваъда қарздир

       Ваъда бу бир ишни бажариш ёки бажармасликка доир сўз бериш ва ишонтириш маъносини англатади. Алий ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган хадисда: Пайҳамбаримиз алайҳис салом “Ваъда қарздир” дедилар ва унинг маъсулияти юксак эканлигини таъкидлаб: “Ваъда қилиб, кейин унга хилоф қилган кишини ҳолига вой бўлсин!” дея уч бора такрорладилар.

Ҳалқ орасида ҳам ваъдага вафо қилмайдиган кишини бевафо, ёлғончи, ваъдабоз, субутсиз каби инсон шаънига номуносиб сифатлар билан сифатланади. Ваъдани устидан чиқиш инсоннинг юксак маънавият соҳиби эканлигидан дарак беради.
Аҳдга вафо қилиш лозимлиги ҳақида Қуръони каримда  Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло марҳамат қилади:
وَأَوْفُوا بِالْعَهْدِ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْئُولًا
34سورة ﺍﻹﺳﺮﺍﺀ
Яъни: “Аҳдга вафо қилинглар. Зеро аҳд-паймон (Қиёмат куни) масъул бўлинадиган ишдир” (Исро сураси,34).
Ислом динида ўзаро, ҳалқлараро ва давлатлар ўртасида тузилган шартнома ва берилган аҳдга вафо қилишга катта эътибор қаратилган. Қиёмат куни ҳам ваъдамиз учун масуъл эканимизга оятда ишора қилинмоқда.
Мўминун сурасида ҳақиқий мўмин бандаларнинг асосий сифатларини зикр қилар экан, омонатни адо этиш ва аҳдга вафо қилиш ҳам ўша асосий сифатларга киришини билдириб, шундай дейди: "Улар (мўминлар) омонатларига ва аҳдларига риоя қилувчилардир". (Мўминун сураси, 8).
Омонатга хиёнат этган, аҳдига вафо қилмаган инсон мўминликнинг иккита чиройли  сифатини йўқотади. Агар бирор буюм икки асосий қисмини йўқотса, у умуман ишга яроқсиз бўлиб қолади.
Ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ алайҳиссалом ўз хутбаларида: "Омонати йўқ одамнинг иймони йўқ, аҳди йўқ одамнинг дини йўқ дер эдилар", деганлари ривоят қилинган.

Яна бошқа бир ҳадис шарифда Расулуллоҳ алайҳис салом шундай марҳамат қилганлар:
 
"آية المُنَافِقِ ثَلاَثٌ: إذَا حَدَّثَ كَذِب؟ وإذَا وَعَدَ أخْلَف، وإذاَ أُوتُمِنَ خَانَ"
яъни, “Мунофиқнинг белгиси учта: агар сўзласа – ёлғон сўзлайди, ваъда қилса – бажармайди ваунга омонат топширилса – хиёнат қилади”, дедилар”.
Мунофиқ  сиртдан ўзини мусулмон қилиб кўрсатиб, ўзига мусулмонларга қилинган муомалада бўлишларини истайди ва оқибатда мусулмонларни доғда қолдиради. Мазкур маънавий жиноятларни ўзига эп кўрган кимсалар фақат иймондан, диндан айрилиш билан кифояланиб қолмай, балки энг катта маънавий жиноят бўлган мунофиқликкача бориб етадилар.

Улуғ мутафаккир шоир  Хазрати Навоийнинг «Арбаъин»нинг  асарларида ваъдага вафо қилиш ҳақида шундай дейилган:
Кимки ҳар кимга ваъдае қилди,
Шарт эрур ваъдаға вафо қилмоқ.
Ваъдаким қилдинг ўйладурким дайн,
Фарздур қарзни адо қилмоқ.

Ким бировга бирор ваъда қилса, ваъдага вафо қилиши шарт. Қилган ваъдангни қарз деб бил. Қарзни адо этиш эса фарздир.
Тасаввуф уламоларидан Сўфи Оллоёр ўзларининг – “Соботул ожизин” номли маснавий шаклида ёзган асрларида ваъдага вафо ҳақида шундай деганлар:

Кел, э содиқки, қилдинг сидқ лофин,
Ўлганча қилмағин ваъда хилофин.
Хилоф этган забунлардан забундир,
Бу дунёву у дунё сарнигундир.
Машҳур шоир Толиб Толибий шундай дейди:
Келса қўлдин ҳар ким аҳдин вафо қилмоқ керак,
Сидқ ила ойнаи дилни сафо қилмоқ керак.

Саҳоба Ибн Омир болалик даврларини хотирлаб шундай дейдилар: “Болалигимда бизникига Пайғамбаримиз алайҳис салом келдилар. Ўйнагани чиқиб кетаётган эдим, онам, Абдуллоҳ, бери кел, бир нарса бераман, дедилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Унга нима бермоқчи эдинг?” -деб сўрадилар. Онам: “Ҳурмо” -дедилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Агар айтганингни қилмасанг, сенга ёлғончилик бўлиб ёзилиб қолади” -дедилар”.
Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг ушбу сўзларидан ҳулоса чиқарадиган бўлсак, аҳли-оилага ва айниқса ёш болаларга ваъда берсак ваъдани устидан чиқишимиз керак бўлади. Ёш болаларнинг кўнгли гулдек нозик бўлади, ўзи жуда ишонувчан бўлади.Масалан: “Сенга фалон нарса олиб бераман” -деб ваъда қилинса мурғак ва соф табиатли бола хурсанд бўлиб қувончи ичига сиғмайди. Ваъдага вафо қилинмаса гулдек нозик бўлган кўнгил сўлиб, сизга бўлган ишончи йўқолиб, уни назарида ёлғончига айланасиз. Бу эса катталарга ва умуман инсонларга ишончсизлик билан катта бўлади. Келажагимиз бўлган ёшларимизни бундай иллатлардан сақлашлигимиз ўз қўлимизда.
Эътибор билан қаралса, хиёнатчилар, ваъдабозлар ва алдамчилар ўзларини ишончли қилиб кўрсатиш учун биз ҳам мусулмонмиз, бизнинг ҳам Худодан умидимиз бор, каби инсон қалбини эритадиган гапларни топиб гапиради. Ҳатто қасам ҳам ичиб юборади. Инсонларни алдаб юрганларнинг, тезда кирдикорлари фош бўлади, оқибатда, юзлари шувит бўлади. Албатта, қиёмат куни Аллоҳ Таоло бундайларни жаҳаннамнинг энг қаърига ташлаш билан жазолайди. Чунки мазкур маънавий жиноятлар фақатгина шундай жазога муносибдир.
Ваъдага вафо қилмасликни дард десак, дардни билгандан кейин унинг давосини ахтариш зарур.Бу дардларнинг давоси бордир.
Мисол келтирсак: Убодату ибн ал-Сомит (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис салом: "Сизлар менга олти нарсанинг кафолатини беринглар. Мен сизларга жаннатнинг кафолатини бераман: Гапирсангиз рост гапиринг, ваъда берсангиз вафо қилинг, топширилган омонатни адо қилинг, зинодан сақланинг, кўзларингизни (қараш маън этилган нарсалардан) сақланг, қўлларингизни (маън этилган ) ишларга урманг", - деганлар.
Омонатга хиёнат қилмаслик, ваъдага хилоф иш қилмаслик ва аҳдни бузмасликда пайғамбаримиз алайҳис саломдан ўрнак олишимиз лозим. Бу сифатларнинг камоли У зотда ўз аксини топгандир.
Абдуллоҳ ибн Абул Ҳамса розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан Пайғамбар бўлишларидан олдин савдо муомаласида бўлдим. У кишининг менда бироз ҳақлари қолган эди. Мен турган жойларига олиб келиб беришни ваъда қилдим. Лекин, кейин буни унутиб қўйибман. Уч кундан кейин ёдимга тушиб келсам, у киши ўша жойда турган эканлар. "Эй йигит, мени машаққатга қўйдинг- ку. Бу ерда уч кундан бери сенга интизор бўлиб турибман", дедилар.

Биз ҳам бошқалар билан ваъдалашганда, аҳдлашганда, арзимаган нарса учун аҳдлашиб, уч кун бир жойда ваъдасини унутиб қўйган одамни кутиб турган пайғамбаримиз алайҳис саломни ёдга олиб турайлик. У кишидек гапининг, ваъдасининг, аҳдининг устидан чиқадиган шахслар бўлишга уринайлик.
Демак, хиёнаткор, ваъдабоз ва алдамчи шахснинг зиёни фақат ўзига ёки у билан муомалада бўлиб, унинг хиёнати, ваъдабозлиги ва алдамчилигидан жафо тортганларгагина бўлиб қолмай, балки халқига, миллатига ва динига ҳам катта зарар етказади.
Ваъдага вафо қилмаслик оқибатида инсонлар ўртасида бир-бирларига ишончсизлик ортади. Қарз сўралса ишончсизлик оқибатида бор бўла туриб бермаслик холатлари кузатилмоқда. Бунга сабаб, қарз берган одам қарзини сўраса “бераманда, қочиб кетаётганим йўқку”-қабилида жавоб қилади. Табиийки, бундай вазиятда, турли- туман ваъдалардан тўйган одамлар бир-бирларига ишонмай қўяди. Шунинг учун ҳам катта-кичик ваъдабозлар одамларни ишонтириш учун турли-туман қасамлар ҳам ичадиган бўлишади. Ҳатто орага ўғил-қизларини, ёш болаларини, қари ота-оналарини ҳам қўшиб ваъда бериб юбораверадилар. Оқибатда элу юртда ишончсизлик, турли соҳаларда етишмовчилик ва шунга ўхшаш бошқа муаммолар келиб чиқади. Ваъдага вафо қилмаслик ва ёлғончилик шахсга ва жамиятга ана шундай зиён етказишлиги сабаб харом қилинган.
Сафвон ибн Сулайм бундай ривоят қилади: “Пайғамбаримиздан (с.а.в) сўрашибди: “Мўмин қўрқоқ бўладими?” “Ха” деб жавоб бердилар. Яна сўрашибди: “Мўмин бахил бўладими?” “Ха” дедилар. Яна сўрашибди: “Мўмин ёлғончи бўладими?”  “Йўқ”, деб инкор қилдилар”.
Ваъдага вафо инсоннинг қадрини кўтаради ва унинг улуғлигини намоён қилади. Сўзида турмайдиган одам бировни алдагани учун  виждони қийналмаслиги мумкин, аммо бир куни келиб Аллоҳнинг назаридан қолади ва инсонлар ўртасида ўз обросини йўқотиб бу ишидан афсусланади.
 
Тошкент вилояти Пискент тумани бош
имом-хатиби в.в.б  Зайнилобиддинхон Қудратов