Аллоҳнинг розилиги учун дўстлашган инсонлар

Қуръони каримда мўминлар ўзаро бир-бирларига дўсту биродар эканликлари баён қилиниб, «Албатта, мўминлaр динда ўзаро биродардирлар…» дейилган (Ҳужурот сураси, 10-оят).


Ислом дини инсонларни доимо бир-бирлари билан яхши муомалада бўлишга буюрар экан, уларнинг муомалалари беғараз бўлиши учун ўзаро муносабатлари ҳам самимий бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Зеро, инсон табиатан киришимли қилиб яратилган, яъни у жамиятдан ажралиб, алоҳида яшай олмайди. Шундай экан, мўмин киши диний ва дунёвий ишларини тўғри йўлга қўйишда солиҳ дўсту ёрларни танлаши лозим.
Агар бу дўстлик Аллоҳ учун бўлса, у яна ҳам мустаҳкам бўлади, чунки Аллоҳ розилиги учун бўлган дўстликка ҳеч қандай дунёвий ғараз аралашмайди. Бошқача қилиб айтганда, дунёвий ишлар юзасидан сен-менга бориб қолган тақдирда ҳам, уларнинг дўстлигига путур етмайди. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳеч қандай соя бўлмайдиган қиёмат кунида етти тоифа инсонларга Ўзининг Арши соясидан жой беради. Улардан бири Аллоҳнинг розилиги учун дўстлашган инсонлардир», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда эса: «Аллоҳ йўлида дўстлашган инсонлар учун охиратда нурдан минбарлар барпо қилинади. Уларни кўриб, ҳатто пайғамбарлар ва шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар», деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Дарҳақиқат, аҳли солиҳ кишилар билан ошно бўлган инсон ҳеч қачон панд емайди. Бундай кишилар билан дўстлашиш нафақат дунёда, балки охиратда ҳам фойда бериши Қуръони каримда баён қилинган (Зухруф сураси, 67-оят). Шунингдек, бетавфиқ, нодон инсонлар билан дўстлашиш дунёда шармандалик, охиратда эса хасрату надомат келтириши ҳам очиқ-равшан баён этилган (Фурқон сураси, 27-29-оятлар).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Киши ўз биродарининг динида бўлади», деган бўлсалар, бошқа бир ҳадисда: «Сен ўзинг дўстлашаётган одамнинг хулқ-атвори, унинг қандай одам эканлигига эътибор бергин», деб марҳамат қилганлар. Халқимизда ҳам «Сен менга дўстларинг кимлигини айт, шунда мен сенга қандай одам эканлигингни айтаман», деган бир гап бор.
Дарвоқеъ, бирор инсонга баҳо беришда унинг ёру биродарлари қандай одамлар эканлигига қаралади. Агар улар баобрў, дину диёнатли кишилар бўлса, ўзгалар назарида унинг ҳақида ҳам шундай фикр пайдо бўлади. Борди-ю, ошнолари Худони танимайдиган, бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган, муттаҳам кишилар бўлса, уларнинг касофати туфайли биродари ҳам ёмонотлиқ бўлиши табиий. Шундай экан, мусулмон киши дунё ва охирати учун манфаатли бўлган инсонлар билан ошно бўлишга эътибор бермоғи лозим.


Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби