Девонавой жоме масжиди

 

Маълумот: Андижон ҳилоли “Девонабой” жоме масжиди

Андижоннинг диний-маърифий, ижтимоий-маънавий ҳаётида “Девонабой” масжиди ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зотан ана шу диний муассаса тарихи, жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеи бевосита вилоятнинг тараққиёти, миллий қадриятлар ривожи ва албатта, турмуш тарзи юксалиб бориши билан чамбарчас боғлиқ. Фикримизнинг исботи шуки, айнан истиқлол шарофати туфайли ўзбек халқининг асрий эзгу-мақсадлари тўла-тўкис рўёбга чиққанидек, ана шу қутлуғ ниятларнинг нозик нуқтаси ҳисобланган виждон эркинлигига ҳам жиддий эътибор қаратилди, мўъмин-мусулмонлар эмин-эркин ибодат қилишлари учун барча шарт-шароит ва ҳуқуқий асослар яратилди.

Муҳтарам Президентимиз ўзларининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида бу масалаларнинг мазмун-моҳиятини қуйидагича ифодалаган эди: “Барчамизга яхши маълумки, дин азалдан инсон маънавиятининг таркибий қисми сифатида одамзотнинг юксак идеаллари, ҳақ ва ҳақиқат, инсоф ва адолат тўғрисидаги орзу-армонларини ўзида мужассам этган, уларни барқарор қоидалар шаклида мустаҳкамлаб келаётган ғоя ва қарашларнинг яхлит бир тизимидир... Нега деганда, инсонийлик, меҳр-оқибат, ҳалоллик, охиратни ўйлаб яшаш, яхшилик, меҳр-шафқат сингари халқимизга мансуб бўлган фазилатлар айнан ана шу заминда илдиз отади ва ривожланади”.

Бугун биз давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бу ҳикматларнинг ҳаётдаги инъикосини кўриб-билиб турибмиз. Айниқса, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний муассасалар тўғрисида”ги қонуни диндорларга кенг имкониятлар эшигини очиб берди.

Мазкур қонунга кўра масжидлар очиқ фаолияти юритиши, моддий техника базасини мустаҳкамлаш, намозхонларнинг руҳий халоват ва хотиржамлик ила ибодат қилишлари учун барча ҳуқуқий асос яратилди.

Албатта, ҳозирги авлод бу мулоҳазалар таг-заминидаги фикрлар мағзини чақмасликлари мумкин. Аммо ёши улуғ кишилар собиқ мустабид тизимда масжидларнинг остонасига ҳам яқинлашолмай орзу-армонда ўтиб кетган яқинларини, ёр-биродарларини яхши билади.

Шу ўринда бир ҳаётий мисолни келтириб ўтишни жоиз деб билдик.  Шўролар салтанати авжи қутурган даврда Андижон вилоятида бор-йўғи 8 та диний муассаса бўлиб, шулардан бири “Девонабой” масжиди эди. У 1899 йили қурилган. Большевиклар ҳукуматни эгаллагач, ўтган асрнинг 20-30 йилларида собиқ Туркистон ҳудудидаги барча ибодат ва зиёратгоҳлар каби ёпилган.

Миллий-диний қадриятларни таҳқирлаш шу даражага етганки, масжид ўрнида “Қизил жовон” артели тузилиб, иш юрита бошлаган. Фақатгина 1944 йилнинг 2 ноябрига келиб, Ўзбекистон Республикаси Халқ Комиссарлари Совети томонидан ушбу диний муассасани қайтадан очишга рухсат берилган. Шундан буён у узлуксиз фаолият кўрсатиб келмоқда.

Диний ва миллий камситишлар турли усул ва кўринишларда давом эттирилганлиги мозийдан маълум. Буни қарангки, масжид дарвозаси эскириб, ишдан чиққанида, уни янгисига алмаштириш масаласи жиддий муаммога айланган. Янги дарвоза ўрнатишга хатто Тошкент ҳам рухсат беролмаган. Ниҳоят Москвага хат ёзилгач, орадан анча муддат ўтгач, жавоб олинган. Унда дарвозани ҳеч кимнинг гувоҳлигисиз, тунда алмаштиришга изн бергани ҳам кулгили, ҳам аянчли ҳолатдир.

Истиқлол йилларида Андижон шаҳрининг эски шаҳар ҳудуди марказига жойлашган масжид таниб бўлмас даражада ўзгариб, янгича кўрк, янгича қиёфа касб этмоқда. Унинг баланд, нақшинкор миноралари, замонавий ва шарқ меъморчилиги уйғунлаштирилган лойиҳа асосида қад ростлаган ҳашаматли биноси, бири-биридан маҳобатли тўртта дарвоза, битта хонақо, кўшк ва айвонлари, муҳташам деворлари шаҳар ҳуснига ҳилол каби ярашиб турибди. Жами 2320 квадрат метрни эгаллаган бу кошона учун янгидан 37 ўринли таҳоратхона қурилиб, намозхонларга туҳфа этилди. Кутубхона ва компьютер хоналари одамлар хизматида.

Айни чоқда масжидга ҳайит намозида беш минг, жума намозларида 3,5 мингдан зиёд, одатдаги кунларда эса 300 нафарга яқин мўмин-мусулмон ибодат қилиш учун ташриф буюряпти.

Ҳайит кунлари масжид атрофи янада ободонлаштирилади, диний-дунёвий адабиётлар, совға-саломлар савдоси уюштирилади, сихат-саломатлик ва тинчлик-осойишталикни сақлаш чоралари кўрилади.

- Аллоҳга ҳамд-санолар бўлсинки, ақлимни таниганимдан буён қатнаётганим – “Девонабой” масжиди бугун бутун Андижондаги энг гавжум ва файзли ибодатгоҳга айланди, - дейди республикада хизмат кўрсатган маданият ходими, матбуот фахрийси Фозилжон ҳожи ота Сиддиқов. - Бу обиданинг қад ростлаши бир томондан мамлакатимизда ҳукм сураётган инсонпарварлик сиёсати бўлса, иккинчи томондан хайр-саховатли, имон-эътиқодли кишиларнинг кўпайиб бораётганлигидандир.

Дарҳақиқат, шундай. Ўзларининг тирикчилигидан орттириб, тўплаган бойлиги, мол-мулкидан бир қисмини сидқидилдан, Аллоҳнинг ризолиги учун масжидлар таъмирига бағишлаётган фуқаролар кўп. Улар Аллоҳнинг: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни, закотни тўлиқ адо этган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар”, деган буйруғига қойим келишиб, амалларнинг гўзали ва ибратга молигини бажармоқда (“Тавба” сураси, 18-оят).

Кези келганда шуни қайд этмоқ ўринлики, ҳозир Андижон вилоятида 181 та масжид, Саййид Муҳйиддин Махдум ўрта-махсус ислом билим юрти фаолият кўрсатмоқда. Имом-хатибларнинг 27 нафари олий, 152 нафари ўрта-махсус диний билимга эга. Фақатгина кейинги беш йил мобайнида 20 дан ортиқ масжид тубдан қайта қурилиб, номозхонлар учун етарли шарт-шароитлар яратилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, биргина “Девонабой” масжиди фаолияти орқали бутун мамлакатимизда мўъмин-мусулмонларга эмин-эркин ибодат қилишлари учун кенг имкониятлар вужудга келтирилаётганлигини яққол тасуввур этишимиз мумкин. Бундай дориломон ва адолатли замон учун ҳар қанча шукроналар айтсак арзийди.

М.Рожиддинов, Андижон шаҳар “Девонабой” жоме масжиди имом хатиби

Масжид имом-хатиби: Рожиддинов Мифтоҳиддин
Масжид манзили:
Масжидга олиб борадиган транспортлар:
Автобус:
Маршрут: